8-§. Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш ЎзР ЖКнинг 75-моддасида шахс ҳукм чиқарилгандан кейин ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ва бошқара олмайдиган даражада руҳий касалликка, шунингдек, жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқача оғир касалликка чалиниб қолса, жазони ўташдан озод қилиниши мумкинлиги назарда тутилган. ЎзР ЖКнинг 67-моддасида фақат руҳий касалликка чалинган шахсларни жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилган бўлса, ЖКнинг 75-моддасида эса тўртта ҳолатда жазодан озод қилиш назарда тутилган булар:
а) ҳукм чиқарилгандан кейин ўз ҳаракатлари аҳамиятини англай олмайдиган ва ўз ҳаракатларини бошқара олмайдиган даражада руҳий касалликка чалинган;
б) жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқача оғир касалликка чалинган;
в) ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилиниб, жазони ўташ вақтида меҳнатга яроқсиз бўлиб қолсалар ёхуд пенсия ёшига етиб қолсалар, бу турдаги жазони ўташ вақтида ҳомиладорлик ҳолатида бўлсалар;
г) интизомий қисмга жўнатиш ёхуд хизмат бўйча чеклаш жазосига ҳукм қилинган ҳарбий хизматчилар, уларнинг соғлиги ҳарбий хизмат учун яроқсиз деб топилган бўлса, жазони ўташдан озод қилинадилар. Хизмат бўйича чеклаш жазосига ҳукм қилинган ҳарбий хизматчи аёллар уларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиши муносабати билан ҳам жазони ўташдан озод қилинадилар.
Жазодан озод қилишнинг ушбу турлари ҳукм чиқарилган пайтдан бошлаб то жазо муддати тугагунча қўлланиши мумкин.
Ҳукм чиқарилганидан олдин шахс руҳий касалика чалиниб қолса жиноий жавобгарликдан озод қилинади. Бошқача оғир касалликка чалинганлар даволанишга юборилади. Ва тузалиши билан жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ҳал қилинади.
Ушбу айтилганлардан кўриниб турибдики, ЖК 75-моддасида назарда тутилган касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш ҳукм чиқарилган пайтдан то ҳукм қонуний кучга киргунча ва жазони ўташ вақтида қўлланиши мумкин.
Ҳукм чиқарилгaнидан кейин руҳий касаллика чалинган шахсларни жазодан озод қилиш суднинг ҳуқуқи бўлмай, балки мажбурияти ҳисобланади. Руҳий касалликка чалинган шахс ўз ҳаракатларини идора қила олмаслиги ва ҳаракати туфайли келиб чиққан оқибатнинг ижтимоий моҳиятини англамаслиги ушбу дарсликнинг IХ бобида батафсил берилган.
Бошқача оғир касаллик туфайли жазони ўташдан озод қилиш суднинг ҳуқуқи бўлиб, суд жазодан озод қилиш ёки озод қилмаслик масаласини ҳал қилади. Бошқача оғир касалликнинг тури ёки қандай касалларни жазодан озод қилиш мумкин бўлган касалликлар рўйхати қонунда назарда тутилмаган. Бошқача оғир касаллик ҳар қандай оғир касаллик бўлиши мумкин ва бундай касаллик албатта, жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касаллик (масалан, ҳар иккала қўлнинг ишламай қолиши, инсон ички аъзоларидан бири фаолиятининг ишдан чиқиши ва ҳоказолар) бўлиши керак.
ЎзР ЖКнинг 46-моддасига кўра, ахлоқ тузатиш ишлари пенсия ёшига етганларга, меҳнатга қобилиятсизларга, ҳомиладор аёлларга, ёш боласини боқиш учун таътилда бўлган аёлларга нисбатан тайинланмайди. Шунга кўра, ахлоқ тузатиш жазосига ҳукм қилинган юқорида айтилган шахслар ҳукм қилинганидан кейин ёки жазони ўташ вақтида меҳнатга яроқсиз бўлиб қолсалар жазодан озод қилинадилар. Бундай шахсларда жазони ижро этиш муддати ёки жазони ўташ муддати тугамасдан меҳнат қобилияти тикланса (ҳомиласи тушиши, ёш боланинг ўлиб қолиши ёки ёш боласининг қонунда белгиланган ёшга етиши муносабати билан ёхуд меҳнат қобилиятини йўқотганларида) меҳнат қобилияти тиклангани муносабати билан жазони ўташ тўғрисида ажрим чиқариш мумкинми, деган савол туғилади.Қонунда бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган. Шунга кўра, уларга ҳеч қандай шарт қўйилмай жазодан бутунлай озод қилинади. Аммо руҳий касалликка чалиниб суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахс ЎзР ЖКнинг 69-моддасида (жазони ижро этиш муддатлари) назарда тутилган муддатлар ўтмасдан ёки жазо муддати тугамасдан тузалсалар жазо ижро этилади. Бундай ҳолда тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси муддати жазо муддатига қўшиб ҳисобланиши керак.
Интизомий қисмга жўнатиш ёхуд хизмат бўйича чеклаш жазосига ҳукм қилинган ҳарбий хизматчилар уларнинг соғлиги ҳарбий хизмат учун яроқсиз деб топилган бўлса, жазони ўташдан озод қилинадилар. Бунда озод қилинаётган ҳарбий хизматчининг ҳуқуқини чекловчи ёки мажбурият юкловчи чеклашларсиз жазодан тўла озод қилинади.
ЖКнинг 75-моддасига биноан жазодан озод қилишда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, содир этилган жиноятнинг тури, маҳкум шахсининг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олиш ёки олмаслик назарда тутилмаган.
Аммо ЎзР ЖПК 534-моддасининг тўртинчи қисмида руҳий касалликка дучор бўлган шахслардан ташқари, оғир касалликка дучор бўлган шахсларни ўталмай қолган жазодан озод қилиш масаласини ҳал қилишда судья содир этилган жиноятнинг оғирлиги, маҳкумнинг шахсини ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олади дейилган.
Маҳкумни ўталмай қолган жазодан касаллиги туфайли озод қилганда судья уни фақат асосий жазодан эмас, балки қўшимча жазо чорасидан ҳам озод қилишга ҳақли ва бу ҳақда ажримда кўрсатади.
Шахснинг I ёки II гуруҳ ногиронлигининг ўзи уни озодликдан маҳрум қилиш жазосидан озод қилиш учун асос бўла олмайди. Маҳкумнинг оғир касаллиги жазони ўташга тўсқинлик қиладиган даражада бўлиши керак. Бу масала тиббий комиссиянинг хулосасига асосланиб ҳал қилинади.