7-§. Жазони енгилроғи билан алмаштириш ЎзР ЖКнинг 74-моддасидан озодликдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан суд жазонинг ўталмай қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириши мумкинлиги назарда тутилган.
ЎзР ЖКнинг 74-моддасида назарда тутилган жазони енгилроғи билан алмаштириш ЖКнинг 57-моддасида кўзда тутилган енгилроқ жазо тайинлашдан фарқ қилади. Енгилроқ жазо тайинлаш жазо тайинлашнинг бир тури бўлиб, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб, суд айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган норманинг санкциясида назарда тутилганига нисбатан енгилроқ жазо тайинлайди. ЖК 74-моддасида назарда тутилган жазони енгилроғи билан алмаштиришда эса, суднинг ҳукми билан тайинланган жазонинг қонунда белгиланган қисми ўтаб бўлинган ва ушбу моддада кўрсатилган асослар мавжуд бўлса, маҳкум суд томонидан жазодан озод қилиниб,бошқа енгилроқ турдаги жазони тайинлайди.
ЖК 74-моддасида озодликдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш ишларини енгилроқ жазо билан алмаштириш мумкинлиги кўрсатилган. Агар маҳкум озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган бўлса, қамоқ жазосидан бошқа турдаги жазо билан алмаштирилиш мумкин.Қамоқ жазоси озодликдан маҳрум қилишга нисбатан енгилроқ бўлсада маҳкумларни озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақлаш шароитига қараганда оғирроқ бўлганлиги туфайли озодликдан маҳрум қилишнинг қолган қисмини қамоқ билан алмаштириш мақсадга мувофиқ эмас. Маҳкум ахлоқ тузатиш жазосини ўтаётган бўлса, бу жазонинг қолган қисмини ё муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки жарима билан алмаштирилиши мумкин. Жазоларнинг қайси бири енгилроқ эканлиги ЖКнинг 43-моддасидаги жазо тизимида муайян тартибда жойлаштирилган жазоларнинг ҳар бирининг ўзидан юқорида тургани енгилроқ жазо ҳисобланади.
ЎзР ЖК 74-моддасида белгиланганига кўра, жазони енгилроғи билан алмаштиришга қуйидагилар асос бўлади:
а) озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазо турлари учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажариб келганлиги;
б) маҳкумнинг меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб келганлиги;
в) жазонинг қонунда кўрсатилган қисмини ўтаб бўлганлиги;
Маҳкум суд ҳукми билан тайинланган жазонинг қуйидаги қисмини ўтаб бўлган бўлиши керак:
а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинланган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисмини;
б) оғир жинояти учун, шунингдек, қасддан содир этган жинояти учун, агар у илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинланган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини;
Ўта оғир жинояти учун, шунингдек, жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилган ва жазонинг ўталмай қолган қисми мобайнида қасддан содир этган жинояти учун суд тайинланган жазо муддатининг камида ярмини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин қўлланиши мумкин.
Суд жазонинг қолган қисмини енгилроғи билан алмаштиришни ҳал қилиш вақтида жазонинг мақсадига бошқа енгилроқ турдаги жазо орқали ҳам эришиш мумкин деган хулосага келган бўлиши керак.
Суд жазонинг қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштирар экан, маҳкумга нисбатан тайинланган қўшимча жазодан озод қилиши мумкинми, деган савол туғилади. Бу ҳақда ЖК 74 -моддасида аниқ айтилмаган. Аммо Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига кирувчи айрим давлатларнинг (Масалан, РФ ЖКнинг 80-моддаси) жиноят қонунларида суд енгилроқ жазо билан алмаштириш вақтида қўшимча жазодан қисман ёки тўла озод қилиши мумкинлиги ҳам кўзда тутилган. Ўзбекистон Жиноят кодекси 74-моддасида бундай қоида назарда тутилмаган.
Ўн саккиз ёшга тўлгунча содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишларини енгилроқ турдаги жазо билан алмаштиришда суд фақат вояга етмаганларга тайинланиши мумкин бўлган ЖКнинг 81-моддасида назарда тутилган енгилроқ жазо тури билан алмаштириши мумкин.
Жиноят содир қилиш пайтида ўн саккиз ёшга тўлмаганларга нисбатан жазони қолган қисмини енгилроғи билан алмаштиришнинг асослари жазонинг ўташ тартиб-қоидалар талабларини бажарганлиги, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлигидан ташқари ўқишга бўлган ҳалол муносабатда бўлиб, келганлиги талаб қилинади. Жиноят содир қилиш пайтида ўн саккиз ёшга тўлмаганларнинг жазосини енгилроғи билан алмаштириш учун асос бўладиган жазонинг ўталган қисми анча қисқартилирган, яъни:
а) ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят учун тайинланган жазо муддатининг камида бешдан бир қисмини;
б) оғир жиноят учун тайинланган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисмини;
в) ўта оғир жиноят учун, шунингдек, қасддан содир этган жинояти учун, агар шахс илгари қасддан содир этилган жиноят учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, тайинланган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ҳақиқатда ўтаб бўлгандан кейин қўлланиши мумкин.
ЎзР ЖПК нинг 536-моддасида белгиланишига кўра, жазонинг ўталмай қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг тақдимномасига биноан судья томонидан қўлланилади. Ўн саккиз ёшга тўлмай жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти ва вояга етмаганлар иши билан шуғулланувчи комиссиясининг биргаликдаги тақдимномасига биноан ёхуд маҳкумнинг, унинг ҳимоячисининг илтимосномасига биноан судья томонидан кўриб чиқилади.
Жазонинг қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш тўғрисида тақдим этилган илтимосномалар рад этилган кундан бошлаб камида олти ой ўтгач қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Озодликдан маҳрум қилишнинг ўталмай қолган қисми ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилганда, алмаштирилган жазонинг муддати шу жазо тури учун кўрсатилган муддатлар доирасида тайинланади. Яъни алмаштирилган ахлоқ тузатиш ишлари олти ойдан кам, уч йилдан кўп бўлмаслиги керак.
Ўн саккиз ёшга тўлгунча содир этган жинояти учун тайинланган озодликдан маҳрум қилиш ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилганда эса, бир йилдан кўп бўлмаслиги керак.
Озодликдан маҳрум қилишнинг қолган қисми ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилганда, алмаштирилган жазо муддати озодликдан маҳрум қилишнинг қолган қисмининг муддати билан тенг бўлиши керак.
ЎзР ЖК 74-моддасининг олтинчи қисмида жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган шахслар енгилроқ жазонинг тегишли қисмини ўтаб бўлганларидан кейин Жиноят кодексининг 73-моддасида назарда тутилган қоидаларга биноан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиниши мумкинлиги баён қилинган. Бунда олдинги ҳукм бўйича ва алмаштирилган жазолар қўшиб ҳисобланганда 73-моддада назарда тутилган муддатлар назарда тутилмоқдами ёки фақат алмаштирилган енгилроқ турдаги жазонинг тегишли қисми ўтаб бўлганидан кейин жазодан муддатидан илгари жазодан озод қилиш мумкинми деган савол туғилади.
ЖК 74-моддаси олтинчи қисмининг мазмунига кўра, алмаштирилган енгилроқ турдаги жазонинг 73-моддасида белгиланган қисми ўтаб бўлганлиги муносабати билан муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод қилишни қўлланиши мумкин.
Масалан, айтайлик, унча оғир бўлмаган жинояти учун тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган шахс жазонинг тўртдан бир қисмини (яъни бир йилини) ўтаб бўлганидан кейин қолган уч йили уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилган бўлса, ана шу алмаштирилган икки йил ахлоқ тузатиш ишларининг учдан бир қисмини (яъни 8 ойини) ўтаб бўлганидан кейин жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишни қўлланиши мумкин.
Жазонинг қолган қисми енгилроқ жазо билан алмаштирилган шахс жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этса, суд унга ЖК 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинлайди. Бунда кейинги жиноят учун тайинланган жазо муддатига алмаштирилган енгилроқ турдаги жазонинг ўталмай қолган қисми ЖК 61-моддаси қоидалари асосида қисман ёки тўла қўшилиб бир неча ҳукмлар юзасидан 60-модда қоидалари асосида қатъий жазо тайинланади.
Жазонинг қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштирилган шахсларнинг судланганлик муддатини ҳисоблаш дастлабки ҳукм бўйича тайинланган озодликдан маҳрум қилишнинг ҳақиқатда ўталган қисмидан ЖК 78-моддасида кўрсатилган муддатларга қараб ҳисобланади. Аммо судланганлик муддати алмаштирилган енгилроқ турдаги жазони ўтаб бўлган кундан бошлаб ҳисобланади.
Жазони енгилроғи билан алмаштириш мумкин бўлмаган маҳкумлар рўйхати чекланган ва қонунда аниқ кўрсатиб қўйилган. Булар ЖК 74-моддасининг бешинчи қисмида баён қилинишича ЖК 73-моддаси тўртинчи қисмида кўрсатилган шахслардир.
Жазонинг қолган қисми енгилроқ жазо билан алмаштирилган вақтда шахснинг хулқи қандай бўлишидан қатъи назар, қонунда шахснинг олдинги жазони ўташ жойига қайтариш назарда тутилмаган. Бундан ташқари, шахс алмаштирилган жазони ўташ муддати мобайнида эҳтиётсизликдан жиноят содир этса 60-модда тартибида жазо тайинланмай, фақат эҳтиётсизликдан қилган жинояти учун жазо тайинланади, алмаштирилган жазони ўташ муддати мобайнида қилган жиноят учун жазо тайинланиши муносабати билан алмаштирилган жазонинг қолган қисми ўталмай қолиб кетаверади.Қонундаги бундай номувофиқлик бартараф қилиниши керак.