34816-м о д д а. Биринчи инстанция судининг ажримлари
устидан кассация тартибида шикоят
бериш ва протест келтириш ҳуқуқи
Биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилмаган ажримлари устидан суднинг ҳал қилув қароридан алоҳида ҳолда кассация инстанцияси судига суд ажрими чиқарилган кундан эътиборан бир йил ичида тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан шикоят берилиши ҳамда прокурор томонидан протест келтирилиши мумкин.
Хусусий шикоятлар бериш ва хусусий протестлар келтириш ушбу бобда белгиланган тартибда амалга оширилади ва кўриб чиқилади.
1. Юқорида шарҳланган қоидаларда биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорларини кассация судида кўриш тартиби белгиланган бўлса, қуйида эса, шу инстанция судларининг ажримлари устидан берилган кассация шикоятлари, кассация протестларини кўриш тартиби ҳақида фикр юритилади.
Ушбу шарҳланаётган мавзудан олдинги, яъни апелляция инстанцияси судида биринчи инстанция тартибида чиқарилган ажримлар устидан шикоят бериш, протест келтириш ҳақида айтиб ўтилган эди (ФПКнинг 346-моддаси). Шарҳланаётган ушбу қоида олдин айтиб ўтилган қоидага ўхшаш кўринсада, айрим фарқлари мавжуд.
Биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган ажрим устидан манфаатдор шахснинг берадиган шикоятига хусусий шикоят деб айтилади, прокурорнинг келтирган протестига эса хусусий протест дейилади.
Қонун биринчи инстанция судининг чиқарган барча ажримлари устидан шикоят бериш ёки протест келтириш мумкинлигини кўрсатмайди. Биринчи инстанция суди ажримлари устидан шикоят бериш ёки протест келтириш масаласи, аввало, ажримлар қайси суд томонидан чиқарилган бўлишига қараб ҳал қилинади. Бу белгига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди чиқарган ажримлар устидан шикоят бериб бўлмайди.
Бошқа барча судлар ажримлари устидан хусусий шикоят бериш (хусусий протест келтириш) мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган ажримларга бўлинади.
Шикоят берилиши ёки протест келтирилиши мумкин бўлган ажримлар қонунда, масалан, ФПКнинг 108-моддасида суд харажатлари бўйича чиқарилган ажримлар, 125-моддасида жарима солиш тўғрисидаги ажримлар, 130-моддасида процессуал муддатларни кечиктириш (узайтириш) ва тиклаш, 147-моддасида ишни бир суддан бошқа судга ўтказиш, 152-моддасида аризани қабул қилишни рад этиш, 156-моддасида даъвони таъминлаш масалалари тўғрисида чиқарилган ажримлар, 213-моддаси ҳал қилув қарорига тузатиш киритиш тўғрисидаги ажримлар, 214-моддасида қўшимча ҳал қилув қарорини чиқаришни рад этиш ҳақида чиқарилган ажримлар, 215-моддасида ҳал қилув қарорини тушунтириш бўйича чиқарилган ажримлар, 216-моддасида ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш юзасидан чиқарилган ажримлар, 220-моддасида ҳал қилув қарорини дарҳол ижро қилиш тўғрисидаги ажримлар, 95-моддасида иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ажримлар ҳамда 374-моддасида ижро варақасининг дубликатини бериш тўғрисидаги ажримлар ва бошқа ажримлар устидан хусусий шикоят бериш, хусусий протест келтириш масаласи қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлади. Бундан ташқари, суднинг ажрими ишнинг келгусидаги ҳаракатига тўсқинлик қиладиган ҳолларда ҳам, масалан, аризани ёки кассация шикояти қабул қилиш тўғрисидаги илтимоснинг рад қилиниши, ишнинг юритилишини тўхтатиш ва бошқа баъзи ҳолларда чиқарилган ажримлар устидан ҳам хусусий шикоят ёки протест берилиши мумкин. Биринчи инстанция судининг баъзи бошқа ажримлари устидан хусусий шикоят берилмаслиги ёки протест келтирилмаслиги қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган. Бундай ҳолларда ажримларга қарши эътирозлар апелляция шикояти ёки протестига киритилиши мумкин.
2. Биринчи инстанция судининг ажрими устидан кассация шикояти бериш, кассация протестини келтириш учун, у апелляция тартибида кўрилмаган бўлиши, шикоят қилиш муддати бир йил ичида бўлиши, шикоят бериладиган, протест келтириладиган ажрим ишни бундан кейинги ҳаракатларига тўсқинлик қилган ҳоллардагина хусусий шикоят, хусусий протест келтириш учун қонун йўл қўяди.
Масалан, даъво талабларини (ариза) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги суднинг ажрими устидан хусусий шикоят, хусусий протест келтиришга қонун йўл қўяди, чунки бу ажрим ишни кейинги ҳаракатларига тўсқинлик қилади, шу боисдан кассация инстанцияси суди унинг асосли эканлигини текшириши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |