99-м о д д а. Аризани кўрмасдан қолдиришнинг оқибатлари
Аризани кўрмасдан қолдиришга асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин манфаатдор шахс судга ариза билан яна умумий тартибда мурожаат қилишга ҳақли.
Агар тарафлар суд мажлисига узрли сабабларга кўра кела олмаганликларини тасдиқловчи далилларни тақдим этсалар, даъвогар ёки жавобгарнинг илтимосномасига биноан суд ушбу Кодекс 97-моддасининг 4 ва 5-бандларига асосан аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида чиқарган ўз ажримини бекор қилади. Суднинг бундай илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ва хусусий протест келтирилиши мумкин.
1. Суд томонидан фуқаролик иши бўйича аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилиши манфаатдор шахслар учун қатор ҳуқуқий оқибатлар вужудга келтиради, жумладан, манфаатдор шахсга кўрсатилган тўсиқлар бартараф этилгандан кейин судга қайтадан мурожаат этиш ҳуқуқини беради. Бироқ, бу дегани даъвогар (арз қилувчи шахс) ҳеч қандай моддий ва маънавий зарар кўрмасди, деган маънони англатмайди. Масалан, даъвогар даъво талабларини умумий тартибда бериши давлат божини тўлаши, кўриладиган ишни бир неча вақт орқага сурилиши ва ҳоказо салбий ҳолатларга дучор бўлишига асос бўлади.
ФПКнинг 97-моддаси 3-5-бандларида аризани кўрмасдан қолдириш асослари кўрсатилиб, буларда айнан худди шундай ишларни бошқа ёки шу судда кўрилиши, судга узрсиз сабабларга кўра келмаслик каби ҳолатлар кўрсатилган.
Суд кўрсатилган ҳолатларни ҳар томонлама далиллар билан асослантирмаса иш кўришни (аризани) қолдиришга сабаб бўлиши мумкин.
Амалиётда айрим судлар тарафларни иккинчи чақируви бўйича ҳам судга келмаган ҳолларда эмас, биринчи чақирув бўйича ҳам судга келмасалар аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқариш ҳоллари учрайди. Судья бир тарафнинг келмаганлиги сабабли аризани кўрмасдан қолдириш масаласига эътибор бериши лозим.
Умуман олганда, ушбу қоиданинг 4-банди судья томонидан факультатив тарзда ҳал этишга ҳам ҳақли, аниқроғи, агар ҳамма асослар мавжуд бўлса ва суд аризани кўриб ҳал этишни лозим топса, аризани кўриб ҳал этиш масаласини кўриши мумкин.
Шуни таъкидлаш жоизки, МДҲ давлатлари, жумладан, Россия Федерацияси Фуқаролик процессуал кодексининг 221-моддаси 6-бандида иккинчи чақирув бўйича даъвогар фақат никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар бўйичагина келмаса, суд аризани кўрмасдан қолдириш масаласини ҳал этишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Амалдаги ФПКда эса, тарафлар ўзларининг иштирокисиз кўришни илтимос қилмасдан, улар иккинчи чақириқ бўйича ҳам нафақат никоҳдан ажратиш, балки барча фуқаролик ишлари бўйича ҳам келмасалар, суд аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли эканлиги кўрсатилган.
2. Алоҳида тартибда иш юритишда эса, суд аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида амалдаги қонунларга асосан ҳал этади.
Алоҳида тартибда юритиладиган ишни кўриш вақтида судга тааллуқли ҳуқуқ тўғрисидаги низо келиб чиқса, суд аризани кўрмасдан қолдириб, ишда иштирок этувчи шахсларга умумий тартибда даъво тақдим этишни таклиф қилади.
Аризани кўрмасдан қолдириш асослари кенг кўламда шарҳлашга йўл қўйилмаслиги суд амалиётидан маълум. Бизнинг фикримизча, суд бундай ҳолларда манфаатдор тарафларнинг талабларини қанчалик асосли эканлигига эътибор беришини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Юқорида кўрсатилганидек, суд амалиётида айрим судьялар аризани кўрмасдан қолдиришни аризани ҳаракатсиз қолдириш ўртасидаги талаблар фарқига аҳамият бермаслик туфайли қатор қонун бузилишига йўл қўйилишига асос бўлмоқда. Аризани ҳаракатсиз қолдириш тўғрисидаги қоидада судья ариза ушбу Кодекснинг 149 ва 150-моддаларида баён этилган талабларга риоя қилинмай берилганлигини ёки давлат божи тўланмаганлигини аниқласа, аризани ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида ажрим чиқариб, бундан даъвогарни хабардор қилади ва камчиликларни тузатиш учун муҳлат беради.
Агар даъвогар белгиланган муддатда судьянинг кўрсатмаларига мувофиқ, ушбу Кодекснинг 149 ва 150-моддаларидаги талабларни бажарса ва давлат божини тўласа, ариза судга дастлаб тақдим этилган куни берилган ҳисобланади. Акс ҳолда, ариза берилмаган ҳисобланиб, даъвогарга қайтарилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади.
Шу туфайли ФПКнинг 97-моддасига зид ҳолда айрим судларда аризани кўрмасдан қолдиришга жавобгарнинг даъвони тан олиши, давлат божини тўламаслик ва бошқа ҳолатлар бўйича масалани ҳал этиш ҳоллари ҳам суд амалиётини умумлаштиришдан маълум.
Do'stlaringiz bilan baham: |