98-м о д д а. Суд ажримининг мазмуни
Ариза кўрмасдан қолдирилган ҳолларда иш юритиш суднинг ажримига биноан тамомланади. Бу ажримда суд ишнинг ҳал этилишига тўсқинлик қилаётган, ушбу Кодекснинг 97-моддасида санаб ўтилган ҳолатларни бартараф этиш йўлларини кўрсатиши шарт.
1. Аризани кўрмасдан қолдиришда суд ишни мазмунан кўриб ҳал этилганлиги туфайли амалга оширилган процессуал ҳаракатлари юзасидан ажрим қабул қилади. Ўз кучини йўқотган Фуқаролик процессуал кодексида ҳал қилув қарорини чиқармасдан иш юритишни тамомлашда чиқариладиган ажрим суднинг маслаҳатхонасида суд тартибида ҳайъат асосида кўрилар ва судьялар томонидан имзоланар эди. Амалдаги фуқаролик қонунчилигида эса, бу қоида ўзгартирилиб ажрим алоҳида хонада судья якка ўзи чиқариш тартиби белгиланди.
Аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги суднинг ажрими асослантирилган бўлиши, унда қолдириш сабаблари далиллар билан асослантирилган бўлиши, моддий ва процессуал қонунларга асосланган ҳолда шундай ажримни қабул қилинганлиги батафсил ўз ифодасини топган бўлиши лозим.
Айниқса, аризани кўрмасдан қолдириш ушбу қоиданинг қайси бандида кўрсатилган асосларга кўра қолдирилишини ва қандай ҳуқуқий оқибатлар билан боғлиқ эканлиги кўрсатилади. Бундан ташқари, юқоридаги қоиданинг айрим бандларида, жумладан, 4-5-бандларида белгиланганидек, суд ажримида етарли далиллар тўла бўлмаганлиги аризани кўрмасдан қолдириш учун асос бўлганлиги кўрсатилган бўлиши керак. Ажримда ишда мавжуд далилларга баҳо бериш тўғрисида кўрсатмасдан балки юқорида баён қилинганидек, далилларнинг етарли бўлмаганлиги низоли ишни ҳал этиш учун тўсқинлик қилишлиги кўрсатилиши лозим.
Суд аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажримда, ишни кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган ҳолатларни бартараф қилиш йўллари ҳам кўрсатган бўлиши лозим.
Қонун аризани кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ажрим устидан хусусий шикоят бериш, прокурор протест келтириш ҳуқуқини беради.
Амалдаги қонунга кўра, суднинг ажрими ишнинг илгарилашига тўсқинлик қиладиган ҳолларда, суд томонидан ажрим чиқарилган кундан эътиборан ўн кун ичида тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар апелляция инстанцияси судига суднинг ҳал қилув қароридан алоҳида шикоят беришлари, прокурор эса протест келтириши мумкин.
Тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосига кўра, уларга суднинг ҳал қилув қарори ёки иш юритишни тўхтатиб туриш, тугатиш ёки аризани кўрмай қолдириш ҳақида чиқарган ажримнинг нусхаси берилади.
Суд мажлисига келмаган тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд ҳал қилув қарори ёки иш юритишни тўхтатиб туриш, тугатиш ёки аризани кўрмай қолдириш тўғрисидаги ажримининг нусхаси ҳал қилув қарори ёхуд ажрим чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай юборилади.
2. Юридик адабиётларда аризани кўрмасдан қолдириш ва аризани ҳаракатсиз қолдириш билан боғлиқ бўлган ишларга эътибор бериш тўғрисидаги асосли фикр билдирилган1.
Судья агар манфаатдор шахс ариза ушбу Кодекснинг 149 ва 150-моддаларида баён этилган талабларга риоя қилинмай берилганлигини ёки давлат божи тўланмаганлигини аниқласа, аризани ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида ажрим чиқариб, бундан даъвогарни хабардор қилади ва камчиликларни тузатиш учун муҳлат беради.
Агар даъвогар белгиланган муддатда судьянинг кўрсатмаларига мувофиқ, ушбу Кодекснинг 149 ва 150-моддаларидаги талабларни бажарса ва давлат божини тўласа, ариза судга дастлаб тақдим этилган кунидан берилган ҳисобланади. Акс ҳолда, ариза берилмаган ҳисобланиб, даъвогарга қайтарилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади.
Аризани ҳаракатсиз қолдириш учун асос бўлиб даъвогар ва жавобгарлар, аризачи томонидан қонунда белгиланган ариза бериш тўғрисидаги шаклга эътибор бермаслик ёки даъвогар (арз қилувчи шахс) томонидан давлат божини тўламаслик асос бўлиши мумкин.
Аризани кўрмасдан қолдириш учун ФПКнинг 97-моддасида кўрсатилган ҳолатлар асос бўлади. Демак, буларнинг фарқи мутлақо бошқача эканлиги, шунингдек ҳуқуқий оқибатларида ҳам фарқи кўринади.
Аризани ҳаракатсиз қолдиришда иш юритиш тамом бўлмасдан, балки процессни давом эттириш учун маълум тўсиқлар мавжуд эканлиги ва уларни бартараф этиб иш юритишни давом эттириш манфаатдор шахсларга боғлиқ эканлигига эътибор бериш керак.
Суд амалиётидан мисоллар келтирамиз:
1. Мол-мулкни эгасиз деб топиш ҳақидаги ариза, мерос очилган кундан эътиборан, бир йил ўтгандан кейин ФПКнинг 298-300-моддалари асосида алоҳида иш юритиш тартибида кўрилади (ФКнинг 1157-моддаси). Қонун бўйича меросхўрлар ҳозир бўлган тақдирда, улар ФКнинг 1144-моддаси талабига кўра, нотариусдан мерос бошқарувчисини чақириб олинишини талаб қилишлари ва шу билан бирга, меросни бошқарувчидан ҳисоб бериш ва мерос мулкини қайтаришни талаб қилишлари, мулк эгасиз қолган, -деб топилган ҳолларда бу қарорни бекор қилишни сўраб, судга ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.
Тарафлар ўртасида юзага келган низолар даъво тартибида кўрилади1.
Do'stlaringiz bilan baham: |