2-боб. СУД ҚАРОРЛАРИ ВА БАЁННОМАЛАРИ
18-м о д д а. Суд қарорлари
Кўрилаётган ва ҳал этилаётган масалалар бўйича суд ҳал қилув қарори, ажрим, қарор ва буйруқ қабул қилади.
Суд ҳал қилув қарорлари, ажримлар, қарорларни фақат суд мажлисида текширилган материаллар билан асослайди.
Суднинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари, қарорлари қонуний, асосли ва адолатли бўлиши лозим.
1. Фуқаролик ишларини кўриш ва ҳал қилишда суднинг мулоҳаза ва хулосалари муайян процессуал шаклда белгиланган тартибда чиқариладиган суд қарорлари шаклида ифода этилади.
Фуқаролик ишлари бўйича биринчи инстанцияда ҳал этиладиган масалаларга кўра суд қарорлари икки турга: ҳал қилув қарорлари ва ажримларга бўлинади.
а) Биринчи инстанция судининг ишни мазмунан ҳал қиладиган қарорига ҳал қилув қарори деб айтилади (ФПКнинг 203-моддаси).
Бундай ҳал қилув қарори суд томонидан кўрилаётган асосий масалаларга жавоб тариқасида-тарафлардан даъво тартибида иш юритиш, давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ва аризалар, алоҳида тартибда кўриладиган ишлар бўйича қабул қилинади.
Суднинг ҳал қилув қарори одил судловнинг муҳим актидир. Фуқаролик ишлари бўйича одил судловнинг вазифаси муайян ишни ҳал қилишда фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, бошқа қонун ҳужжатларида ва инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро актлар билан кафолатланиб қўйилган шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда қонунчилик ва ҳуқуқ тартиботни мустаҳкамлашга, демократияни таъминлашга, ижтимоий адолатни, фуқароларнинг тотувлиги, миллий ҳамжиҳатини, мавжуд одат ва анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида, истиқлол ва мустақиллик ишига садоқатли қилиб тарбиялашдан иборат.
Суд ҳал қилув қарорида маълум низоли ва низоли бўлмаган ишларни ҳал қилиб, процессдаги у ёки бу тарафнинг ҳуқуқини ҳимоя қилибгина қолмасдан, мустақилликка эришган халқимизни иродасини ифода қилувчи қонунларига таянади.
Судда ишни мазмунан кўришда суд залида ҳозир бўлган шахслар иш ҳолатлари билан танишадилар ва суд қарор чиқаргандан кейин низони қандай ҳал қилганлигини, қонунларнинг қанчалик тўғри татбиқ этганлигини шу ва айрим мисоллар орқали аниқ билиб оладилар.
Судда ҳозир бўлган фуқаролар суднинг ҳал қилув қароридан мамнун бўлиб, унинг тўғрилигини тушунсалар, унинг тўғрилиги ҳақида шубҳа туғилмаса, суд мақсадга эришган бўлади. Суд қарорининг мамнуният билан қабул қилиниши фуқароларда қонунларга риоя қилиш, уларнинг хоҳ ўзаро, хоҳ давлат ва жамоат ташкилотлари билан бўлган муносабатлар қонунларнинг ва жамият қоидаларининг талабларига мувофиқ тарзда тузилиши кераклиги тўғрисида фикр туғдиради.
Суднинг ҳал қилув қарори Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа ҳуқуқий меъёрлар билан судларга юкланган вазифаларнинг бажарилишини аниқ ифода қилади.
Демак, суднинг ҳал қилув қарори далиллардан фойдаланган ҳолда ишнинг ҳақиқий ҳолатини белгилашга, моддий ва процессуал ҳуқуқ меъёрларини татбиқ этиш билан фуқароларнинг ва юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар ва бошқа жамоат бирлашмаларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлади.
Суд ўзининг ҳал қилув қарори билан тарафлар ўртасида юзага келган моддий-ҳуқуқий низога қонунларга асосланиб жавоб беради, бузилган шахсий ва мулкий ҳуқуқларни тиклайди.
б) Биринчи инстанция судининг ишни мазмунан ҳал қилмайдиган қарорига ажрим деб айтилади (ФПКнинг 237-моддаси). Биринчи инстанция судида фуқаролик ишларини кўриш, одатда ҳал қилув қарори қабул қилиш билан тамом бўлади. Ажрим эса, фуқаролик процессининг юритилиши ёки унинг тўхтатилиши, тугатилиши билан боғлиқ масалалар бўйича далилларни тўплаш, процессга янги шахсларни жалб қилиш, суднинг ҳал қилув қарорини ижро этиш бўйича, шунингдек ташкилотларнинг ишларидаги жиддий камчиликлар ҳамда фуқаролар томонидан қонуннинг бузилиши масалалари ва бошқа баъзи масалалар бўйича чиқарилади.
в) Юқори суд идораларининг ажримлари ва қарорлари биринчи инстанция судларининг чиқарган қарорларининг қонуний, асосли ва адолатли бўлишини текшириш муносабати билан қабул қилинади.
г) Юқори судлар томонидан чиқариладиган ҳужжатлар қарор деб юритилади. Қарорлар суд Раёсатларида, Олий суд Пленумида чиқариладиган ҳужжатлар бўлиб ҳисобланади.
Баён қилинган суд қарорларининг қонуний бўлиши фақат амалда бўлган қонунларга асосланган бўлиши; асослантирилган, яъни бу суд ҳужжатлари фақат ишда тўпланган далилларга, гувоҳларнинг кўрсатувларига, эксперт, мутахассиснинг берган хулоса фикрлари асосида бўлиши ва адолатли бўлиши, яъни қабул қилинадиган қарор ҳеч кимни камситмайдиган ҳамма мезонларга жавоб берадиган шаклда қабул қилиш лозимлигига эътибор қаратилган. Одилона ҳал қилув қарорини чиқариш тўғрисидаги бу фикр амалдаги ФПКга киритилган янги жиҳатлардан бўлиб, бу инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбирдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |