Қоплама сиртига ишлов беришнинг афзалликлари қуйидагилардан иборат:
технологик жараёнларни бажаришнинг оддийлиги, фойдаланиладиган машина ва механизмларнинг юқори иш унумдорлиги ва кам харажатлилиги;
узоқ муддат хизмат қилиши давомида қопламада, тишлашиш коэффициенти юқори бўлишини, ғадир-будирликни, ҳамда шовқинсизликни таъминлаши;
йўлдаги ҳаракат қатновини тўхтамасдан туриб технологик жараёнларни бажариш мумкинлиги.
Йўл қопламаси сиртига ишлов беришда, Франция етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланади. Ҳар йили йўлларни юқори эксплуатация даражада сақлаш мақсадида, 350 млн. м2 дан ортиқ қоплама сиртига турли хил усуллар билан ишлов берилади.
Бажариладиган ишлардан асосий мақсад, йўлдан фойдаланувчиларни талаб ва эҳтиёжларини қондириш, яъни йўлнинг истеъмолчилик хусусиятларини сақлаш ва ошириш, ҳамда биринчи навбатда юқори даражада тезлик ва хавфсиз ҳаракатни таъминлашдан иборат.
Қоплама сиртига ишлов бериш – такомиллаштирилган автомобиль йўлининг қопламаси сиртига ёпишқоқ битумни сепиш, юқори сифатли чақиқ тошни тақсимлаш ва тақсимланган чақиқ тошни зичлаш йўли билан емирилувчи, ҳимоя ва ғадир-будир қатламни ҳосил қилишдаги технологик жараёнлардан иборат.
Қоплама юзасига сепилган боғловчи материаллар чақиқ тошларни бир-бирига мустаҳкам бириктиради ва бир вақтниниг ўзида эски қопламанинг юқори қаватини емирилиш тезлигини барқарорлаштиради ва уни камайтиради. Чақиқ тош автомобиль ғилдираги билан тишлашишни таъминлайди, емирувчи ва сиқувчи таъсирларни ўзига қабул қилади ва қопламани сиртини емирилишдан сақлайди.
Қоплама сиртига ишлов бериш қуйидаги вазифаларни бажаради:
йўл қопламасининг тишлашиш даражасини оширади ва тиклайди;
йўл қопламасига сув сингиб кирмаслиги учун ҳимоя қаватларини барпо этади;
эски қопламанинг хизмат қилиш муддатини узайтиради ва ёриқ, юзанинг бузилиши ва уваланишлар ва бошқа кўринишдаги бузилишларни тўхтатади;
барча ҳолларда, ҳам қопламанинг герметик хоссаларини яхшилайди ва уларга бир хил кўриниш ва ранг беради.
Қоплама сиртига ишлов бериш бир қатламли, икки қатламли, баъзида уч қатламли бўлиши мумкин. Бир қатламли сиртга ишлов бериш 1,5-2,5 см, икки қатламлиги 3-4 см ва уч қатламлиги 5 см гача қалинликда бўлади. Сиртга ишлов бериш қатламлари сони қоплама турига ва қатлам сифатига боғлиқ ҳолда белгиланади.
Боғловчилар билан қайта ишланган тош материалларининг йириклигига боғлиқ ҳолда сиртга ишлов бериш майда (материаллар фракциялари 5-10, 10-15, 5-15мм) ва йирик ғадир-бидирликда (материаллар 10-20, 15-20, 15-25, 20-25 мм) бўлади.
Йўл қопламалари сиртига ишлов бериш асосан йилнинг иссиқ ва қуруқ фаслида, ҳаво ҳарорати 150С дан юқори кунлари ҚМҚ 3.06.03-96 талаблари бўйича амалга оширилади.
Юзасини мустаҳкамлаш учун ажратилган йўл қопламаси камида 15-20 кун олдин, ундаги ҳамма бузилишлар жорий тузатиш усуллари билан тугатилган, ён қиялиги таъминланган ва йўл четлари текисланиб мустаҳкамланган бўлиши лозим. Шундан сўнг, қоплама сиртига ишлов бериш қуйидаги технологик жараёнларни ўз ичига олади:
йўл белгиларини ўрнатиш ва автомобиль ҳаракатини бошқариш;
йўл қопламасини тайёрлаш ва тозалаш;
боғловчи ва чақиқ тошларни ташиб келтириш;
органик боғловчи моддани қоплама сиртига сепиш;
чақиқ тош ва боғловчиларни тақсимлаш;
ётқизилган қатламни зичлаш;
йўл белгиларини йиғиштириб олиш ва ишлов берилган қатламни сақлаш.
Бажариладиган иш жараёнлари юқори сифатли бўлиши ва меҳнат умумдорлигига эришиш учун махсус ихтисослашган бригада тузиб, уни керакли машина ва механизмлар, асбоб-ускуналар билан таъминлаш лозим.
20 – расм. Материалларни алоҳида тақсимлаш билан сиртга ишлов бериш:
1-чуқурчали таъмир, ёриқларни беркитиш, қопламани тозалаш; 2-подгрунтовка қилиш ва битумни сепиш; 3-чақиқ тошни тақсимлаш; 4-зичлаш; 5-ортиқча чақиқ тошни супириш; 6-тайёр қоплама
Do'stlaringiz bilan baham: |