Назорат саволлари:
1. Автомобиль йўлларини сақлаш ишлари қандай комплекс вазифаларни ўз ичига олади?
2. Йўл тўшамаси ва қопламасини сақлашда қандай ишлар бажарилади?
3. Қопламаларни мавсумий сақлаш ишлари нималардан иборат?
4. Асфальтбетон ва цементбетон қопламаларни сақлашда қандай ишлар бажарилади?
5. Қишки қаров ишларига нималар киради ҳамда қайси кўрсаткичларни инобатга
олиш лозим?
6. Йўлларни кўкаламзорлаштириш қандай мақсадларни кўзлаб амалга оширилади?
7 – МАВЗУ. АВТОМОБИЛ ЙЎЛЛАРИНИ ЎРТА ВА КАПИТАЛ ТАЪМИРЛАШ
Режа:
Ўрта ва капитал таъмирлаш мақсади ва вазифалари.
Асфальтобетон ва цементобетон қопламаларини ўрта ва капитал таъмирлаш.
Йўл тўшамасини кучайтиришни оптимал даражасини аниқлаш.
Таянч сўз ва иборалар: ўрта таъмирлаш, капитал таъмирлаш, қопламадаги нуқсонлар, тўшама қатлами, қайта тиклаш, қопламани ёйилиши, сунъий иншоотлар, ғадир – будурлик, чақиқ тош, қатнов қисм, шағал, цемент, битум, асфальтобетон, цементобетон.
Ўрта тамирлаш деганда, йўл қопламаларининг юқори қатламидаги емирилишни қайта тиклаш асосида, автомобиль йўллари ҳамда сунъий иншоотлардан фойдаланишда, уларнинг сифат даражасини бирламчи ҳолатга келтириш тушунилади. Ўрта тамирлаш, автомобиль йўлининг айрим қисмларида амалга оширилади. Баъзи ҳолларда, кичик ва ўрта даражадаги сунъий иншоотлар қайта тикланади.
Ўрта таъмирлашнинг мақсади - таъмирланаётган йўл бўлимидаги емирилишларни қисман бартараф қилиш, қопламадаги доимий бузилишларни таъмирлаш, ер пойидаги, сув қочириш тизимидаги, сунъий ҳимояловчи, мустаҳкамловчи ва тартибга солувчи иншоотлардаги, ҳаракат хавфсизлиги элементларидаги бузилишларни ҳамда қопламанинг нуқсонларини йўқотиб хизмат муддатини оширишдан иборат.
Ўрта таъмир бўйича ишлар ҳажми нуқсонлар қайдномасига кўра тузиладиган смета-молия харажатлари асосида аниқланади.
Қопламаларни ўрта таъмирлашда қуйидаги ишлар бажарилади:
барча турдаги қопламаларда юза ишловини ўтказиш;
қопламаларнинг эскирган устки қатламларини тиклаш ва айрим жойларда қопламаларни қайтадан ётқизиш, зарур ҳолларда, таъмирлашлараро хизмат муддатларидан қатъий назар, қопламалар юзасини ғадир будирлигини таъмирлаш;
цементбетон қопламаларнинг айрим плиталарини алмаштириш, кўтариш ёки тўғрилаш;
чақиқ тошли ва шағалли қопламаларни, шунингдек, табиий тупроқли йўлларни ҳар бир километрига ўртача 500 куб метргача материаллар қўшган ҳолда қайта тиклаш, қатнов қисмини чангсизлантирувчи ва боғловчи материаллар билан яхшилаш;
тупроқ йўлларнинг қатнов қисмини чақиқ тош, шағал, цемент, битум ва бошқа материаллар билан яхшилаш;
табиий тупроқ йўлларини тўлиқ текислаш, жойлардаги унчалик катта бўлмаган йўл бўлаклари кўтармаларини тиклаш ва лозим бўлганда иссиқлик-сув режимини ёки қор босмаслигини таъминлаш мақсадида жойлардаги йўл пойининг айрим қисимларини кўтариш;
ҳаракатланиш учун хавфли бўлган эгри йўл бурилишларида виражлар (йўл кесимининг бир томонини кўтариш) қуриш.
Ўрта таъмирлашда мавжуд деформацияларни «чуқурчали таъмир» усули билан бартараф этиб бўлмаса, қайтадан қопланади. Баъзи ҳолларда, қоплама юзасига асфальтбетон қўйиш мумкин. Бу қатлам қатнов юзасини текислайди ва йўлнинг бошқа фойдаланиш кўрсаткичларини яхшилайди.
Органик боғловчилар билан мустаҳкамланган чақиқ тошли ва майда тошли қопламаларни ўрта таъмирлашда, ейилган қатлам тикланади ва йўл тўшамаси элементларнинг шикастлари йўқотилади. Ейилган қатламни тиклашда, қоплама юзасини бир марта, икки ёки уч марта ишлов берилади.
Қопламани ёппасига текислашда, мавжуд қатлам шикастли жой чуқурлиги қадар чўкичланади, сўнг қўшимча юмшатилади. Ҳосил бўлган материал устига боғловчили янги материал ёйилади, кейин янги ва эски материаллар қориштирилади, ёйилади, текисланади ва зичланади.
6 – расм. Битумминерал ва нефтминерал қопламаларни ўрта таъмирлаш
Автомобиль йўллари ва улардаги сунъий иншоотларни, йўл хизмат биноларини капитал таъмирлашда, таъмирланаётган йўл бўлагини емирилиб ишдан чиққан конструкцияларининг элементлари алмаштирилади. Йўлларнинг транспорт фойдаланиш кўрсаткичларини такомиллаштирувчи техник хусусиятлари ҳамда йўл қопламаси мустаҳкамлигини таъминловчи лойиҳага биноан режалаштирилган техник тоифасига мос равишда меъёрлар даражаси ишлаб чиқилади. Тасдиқланган техник ҳужжатларга асосан таъмирланаётган йўл участкасининг геометрик ўлчамлари ва техник-иқтисодий кўрсаткичлари ҳамда юк кўтариш қобилиятлари оширилади.
Капитал таъмирлашнинг вазифаси, таъмирланаётган йўл учун белгиланган тоифа талабларига мос равишда, тасдиқланган техник ҳужжатлар асосида йўл ва йўл иншоотлари элементлари қурилмаларидаги геометрик ўлчамларни мустаҳкамлик ва бошқа техник кўрсаткичларни, емирилишларни тиклашдан иборат.
Капитал таъмирлаш, таъмирланаётган йўлнинг бутун узунлиги бўйича иншоотлар ёки алоҳида элементлар мажмуидан иборат.
Капитал тамирлаш объектларига, йиллик харажатлар ажратмаларини тақсимлашда, энг аввало халқаро, давлат ва маҳаллий ахамиятдаги автомобиль йўлларининг таъмирлаётган бўлагидаги, барча йўл иншоотлари ва элементларининг ҳисобланган емирилишининг ўрнини қоплаш ишлари капитал таъминланмоғи зарур.
Автомобиль йўлларида йўл тўшамаси ва қопламаларни капитал таъмирлашда қуйидаги ишлар бажарилади:
йўл тўшамаларини кучайтириш(қалинлаштириш), кенгайтириш (бир ҳаракат тасмаси даражасигача) ва асос сифатида мавжуд йўл тўшамаларидан фойдаланилган ҳолда, қопламаларнинг янада такомиллаштирилган турларни қуриш, шунингдек қайта қурилаётган йўл учаскаларида техник ҳужжатда тасдиқланган техник тоифага мос келадиган меъёрлар доирасидаги йўл тўшамаларини қуриш. Транспорт чорраҳаларида, йўл муҳандислик қурилмаларида, йўлакларда, пиёдалар ва велосипед йўлакларида, автобус бекатларида, йўл қатнов қисмидан ташқаридаги автотранспорт турар жойларида йўл тўшамаларини қуриш;
эскирган асфальтбетон ва цементбетон қопламаларини қайта қуриш ёки қоплаш;
такомиллаштирилган қопламаларнинг четлари бўйлаб мустаҳкамловчи тасмаларни ва бордюрларни тиклаш, ҳамда қайта қуриш.
7 – расм. Капитал таъмирлаш талаб этиладиган йўл қопламаси
Кучайтирувчи қатлам қалинлиги, йўл тўшамаларининг мустаҳкамлиги тасдиқланган ҳисоблаш методикаси асосида аниқланади.
Асфальтбетон қопламанинг транспорт-фойдаланиш кўрсаткичларини ошириб, нуқсонларини йўқотиб таъмирлашлараро хизмат муддатларини ошириш учун ўрта таъмир ўтказилади. Бунда қопламанинг юқори қатламида ўйиқ-чуқурлар шунчалик кўп бўладики, уларни «чуқурчали таъмир» усули билан тиклаш иқтисодий жиҳатдан тежамли бўлмай қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |