Маълумот учун3:
Хорижий асарларида қуйидагилар конституциявий ҳуқуқнинг манбалари (Бюук Британияда) ҳисобланади:
1. Конституция ва унга киритилган ўзгартириш ва тузатишлар;
2. Конституциявий аҳамиятга эга бўлган парламент қарорлари;
3. Турлича талқин қилинадиган норма бўйича суд тушунтиришлари.
5. Конституциявий-ҳуқуқий муносабатлар ва унинг субъектлари
Ана шу конституциявий-ҳуқуқий нормаларни амал қилиш натижасида конституциявий-ҳуқуқий муносабатлар вужудга келади. Уларда ҳам бошқа ҳуқуқий муносабатларга тегишли умумий хусусиятлар мавжуд. Умумийлик шундаки, ҳар қандай ижтимоий муносабатлар ҳуқуқ нормаси билан тартибга солингандагина ҳуқуқий муносабат бўлади. Ҳуқуқий муносабат орқалигина ҳуқуқ нормалари амалга оширилади. Конституциявий-ҳуқуқий муносабатларнинг ўзига хос хусусияти (бошқа ҳуқуқий муносабатлардан) қуйидагиларда кўринади.
1. Улар ўзининг алоҳида мазмунига эга. Бу муносабатлар фақат конституциявий ҳуқуқ предмети ҳисобланади.
2. Бу муносабат алоҳида субъектлар таркибига эга.
3. Барча конституциявий-ҳуқуқий нормалар ҳам аниқ конституциявий-ҳуқуқий муносабатларни вужудга келтирмайди. Масалан, принцип нормалар. Улар ўзининг тартибга солиш таъсирини қоида нормалар орқали амалга оширади.
Ёдда тутинг:
Конституциявий-ҳуқуқий муносабатлар, конституциявий-ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлар бўлиб, уларнинг мазмуни субъектлар ўртасидаги юридик алоқалар ҳисобланади ва бу алоқалар тегишли ҳуқуқий нормаларда кўзда тутилган ўзаро ҳуқуқ ва бурч шаклида бўлади.
Шунинг учун ҳам конституциявий-ҳуқуқий муносабатлар бошқа ҳуқуқий муносабатларга нисбатан хилма-хилдир. Асосан ҳуқуқий муносабатлар қоида нормаларнинг амал қилиши орқали вужудга келади. Улар асосида аниқ муносабатлар вужудга келиб, унда муносабатнинг аниқ субъектлари ва уларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари аниқ бўлади.
Принцип-нормалар, мақсад нормалар, декларатив нормалар бошқачароқ муносабатларни вужудга келтиради ва шу орқали тегишли нормада ётган кўрсатма, таъкидлар ҳаётга татбиқ қилинади. Бу ҳуқуқий муносабатлар умумий характерда бўлиб, аниқ субъектлари йўқ, бўлган тақдирда ҳам уларнинг ҳуқуқ ва бурчи ўрнатилмайди.
Конституциявий-ҳуқуқий муносабатлар доимий ёки вақтинча бўлиши мумкин. Доимийнинг муддати белгиланмаган ва баъзи сабабларо билан у тўхтатилиши мумкин. Масалан, фуқаронинг вафот этиши.
Айрим вазифалар бажарилганда ҳам муносабатлар тугаши мумкин. Масалан, сайлов компанияси тугаши билан, сайловчи ва комиссиялар ўртасидаги муносабатлар тугайди.
Ҳуқуқий муносабатларни вужудга келиши, тугашида юридик факт муҳим роль ўйнайди. Юридик факт – ҳуқуқий муносабатни вужудга келтирадиган, ўзгартирадиган, тугатадиган воқеа ёки ҳаракатдир.
Конституциявий-ҳуқуқий муносабат субъектлари.
Конституциявий-ҳуқуқий муносабатларда иштирок этувчилар субъектлар деб аталди.
Do'stlaringiz bilan baham: |