Ёдда тутинг:
Конституциявий-ҳуқуқий муносабат субъектлари доираси жуда кенг.
Субъектлар қаторига фуқаро, шахс, халқ, миллат, давлат, депутат ва сенаторлар, давлат органлари, нодавлат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари киради. Сайлов кампанияси даврида субъектлар миқдори янада кенгаяди, уларга сайлов комиссиялари, кузатувчилар, вакиллар, номзодларни киритиш мумкин.
Умумий тарзда айтиш мумкинки, конституциявий-ҳуқуқий муносабатларнинг субъекти бўлиб, конституциявий-ҳуқуқий нормаларга асосан ҳуқуқ ва бурчга эга бўладиганлар ҳисобланади.
Айрим ҳолларда чет эл фуқаролари ёки фуқаросиз шахслар ҳам муносабатлар субъекти бўлиши мумкин. Масалан, фуқароликни сўраб мурожаат қилганда.
Конституциявий ҳуқуқ тизими.
Конституциявий ҳуқуқ, конституциявий ҳуқуқий институтлардан ташкил топади. Конституциявий-ҳуқуқий институт – ўхшаш турдаги, лекин алоҳида мустақил муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар бирикмасидир. Ҳар бир Конституциявий ҳуқуқий институт манбаси ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, Президентлик институти манбаси бўлиб, Конституция, Конституциявий қонун, қонунлар ҳисобланса, Вазирлар Маҳкамаси (ҳукумат) институтларининг манбаси, Конституция, Конституциявий қонун, қонунлар, Президент фармони, Конституциявий суд қарори бўлади. Худди шундай шахс ҳуқуқий ҳолати, сайлов институтлари манбалари ҳам турлича бўлиши мумкин.
Конституциявий ҳуқуқий институтлар мустақил турдаги нормалардан иборат бўлсада, барча институтлар ўзаро боғлиқ ва яқин алоқада бўлади. Уларнинг бир-биридан бутунлай айириб бўлмайди, ана шу асосда ягона Конституциявий ҳуқуқий тартибга солиш таъминланади.
Конституциявий ҳуқуқ тизимини катта дарахтга ўхшатиш мумкин. Дарахтни шохи, танаси, барги бўлгани каби ҳуқуқ тизимида ҳам турли таркибий қисмлар мавжуд. Дарахтнинг турли қисмлари турли вазифани бажаради, лекин уларнинг барчасини бириктирган, ҳаётийлигини таъминлаган илдизи бор. Ҳуқуқ тизимида илдиз вазифасини ягона Конституциявий принциплар, халқ суверенитети, табиий ҳуқуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлар устиворлиги, ҳокимият бўлиниши, мустақил суд ҳокимияти ўйнайди. Булар барча институтларда ўз жойини топган.
Конституциявий ҳуқуқ тизими, Конституция тизими билан боғлиқ, ёки айтиш мумкинки Конституция тизими Конституциявий ҳуқуқ тизимини белгиланишида асосий рол ўйнайди. Конституциявий ҳуқуқ тизимини ташкил этувчи Конституциявий ҳуқуқий институтлар, аҳамиятига қараб тартиб билан жойлаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий ҳуқуқ тизими қуйидаги институтлартдан ташкил топган: Конституциявий тузумнинг асосий принциплари; Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари; Жамият ва шахс; Маъмурий-ҳудудий ва давлат тузилиши; Давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши.
Бу институтлар ўз навбатида ўз тизимига эга. Яъни улар бир-бири билан боғлиқ, лекин мустақил институтлардан иборат. Масалан, “Инсон ва фуқароларнинг асосий асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” институти, “”Фуқаролик”, “Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар”, “Сиёсий ҳуқуқлар”, “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар”, “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари”, “Фуқароларнинг бурчлари” дан иборат бўлса, “Давлат ҳокимиятини ташкил этиш”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси”, “Ўзбекистон Республикасининг Президенти”, “Вазирлар Маҳкамаси”, “Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари”, “Суд ҳокимияти”, “Сайлов тизими” ва бошқа институтлардан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |