Ёдда тутинг:
Конституция деб – олий юридик кучга эга, давлатнинг асосий қонуни тушунилади.
Бу қонун давлат тузилишининг асосий принципларини, шахс ҳуқуқий ҳолати асосларини, ҳокимият органлари тизими, таркиби, ташкил бўлиш тартиби, ваколатлари, ўзаро муносабатлари, давлатнинг жамоат бирлашмалари билан муносабатларининг асосларини белгиловчи нормалар йиғиндисидан иборат бўлади. Конституция давлат функцияси доирасини, унинг шахс ва жамият билан алоқасининг асосларини ўрнатиш билан конституциявий тузим асосларини белгилайди.
Конституция моҳиятини мавжуд тузимда қўлга киритилган ютуқлар, уларни қанчалик фуқаролар манфаатига мослиги белгилайди. Шу ва Конституция билан тартибга солиш доираси турли мамалактларда турличалиги, Конституциявий ҳуқуқ назариясида Конституция тушунчаси, мазмуни ва моҳияти ҳақида ягона фикр йўқлигига сабаб бўлади. Бундан ташқари турли мамлакатларнинг ривожланиш тараққиёти ҳар хиллиги, Конституция қабул қилинаётгандаги шароитларнинг ҳар хиллиги, халқнинг онги, дунёқараши, ҳатто аҳлоқидаги фарқлар ҳам бу масалалар юзасидан турлича фикрлар бўлишини табииий эканлигини кўрсатади.
АҚШ Конституцияси тўрт аср юзини кўрган Конституциядир. У қабул қилинган 1787 йилдаги шароит ва жамият тараққиёти, ХХ аср охиридаги ва ҳозирги шароитдан мутлоқ фарқ қилади. АҚШ Конституцияси шундан келиб чиқиб фақат ҳокимиятга боғлиқ масалаларнигина ҳал қилган. Кейинги киритилган қўшимчаларгина инсон ҳуқуқларига тааллуқли бўлган. Шунинг учун АҚШнинг Конституциясини соф давлат (жамият эмас) Конституцияси ва ҳуқуқий ҳужжати десак бўлади. Англияда эса ҳозиргача ёзилган яъни ягона шаклдаги Конституция йўқ.
Шунинг учун уларнинг Конституцияларига нисбатан, кейинг даврда қабул қилинган Конституцияларга ишлатиладиган таърифни қўллаб бўлмайди. Иккинчи жаҳон урушидан кейинги, мустамлакачилик тузуми емирилиши натижасида вужудга келган давлатлар, Совет Иттифоқи тарқалиб кетиши натижасида вужудга келган мустақил давлатлар конституцияларининг тартибга солиш доираси ниҳоятда кенгайтирилди, бу эса Конституция моҳияти, мазмунига янгича таъриф беришга асос бўлади.
Лекин, Конституция тушинчасига бериладиган таърифларда албатта уни, фуқаро ва шахс ҳуқуқий ҳолати, эркинлиги кафолати эканлиги, давлат ҳокимиятини демократик ташкил қилиш ҳокимиятлар бўлиниш принципида бўлиши, халқ суверенитети сайлаб қўйиладиган вакиллик органлари орқали амалга оширилиши, Конституция эркинлик ва ҳокимият муносабатида муттаносиблик бўлишини таъминланиши ўз ифодасини топиши керак.
Ҳозирги демократик жамиятларда ҳокимият механизми бу келишувчиликдир (шериклик), чунки жамиятда сиёсий кучлар турли-туман бўлиб, ҳокимият учун курашувчи субъектлар сони чекланмаган. Ҳокимиятдаги келишувчилик (шериклик) исталмасада, ихтиёрийлик асосида бўлиб, умумий мақсадга эришишда манфаатдорлик бўлишидан, ҳокимият ва эркинлик масаласини қонун асосида ҳал қилиш зарурлигидан вужудга келади. Шунинг учун ҳозирги Конституциялар ҳатто энг кучли бўлса ҳам айрим синфларнинг, ижтимоий синфларнинг манфаати учунгина хизмат қила олмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |