Ёдда тутинг:
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий ҳуқуқи – мамлакатнинг конституциявий тузум асосларини, жамият ва шахс муносабатларининг (жамиятнинг иқтисодий негизи, жамоат бирлашмалари, оила, оммавий ахборот воситалари) асосларини, мамлакатнинг давлат ва маъмурий-ҳудудий тузилиши асосларини, давлат ҳокимиятини ташкил этиш асосларини белгиловчи, ўрнатувчи ҳуқуқий нормалар йиғиндисидир.
Бу ҳуқуқий нормалар халқаро шартномалар, Конституция, конституциявий қонунлар, жорий (оддий) қонунлар ва бошқа қонун ости ҳужжатларда ўз ўрнини топган. Бу Конституциявий ҳуқуқни ҳуқуқ тармоғи ва етакчи ҳуқуқ сифатида кўрсата биладиган энг оддий ва тушунарли таърифдир.
Конституциявий ҳуқуқнинг предметига хос яна бир хусусият шундаки, у тартибга соладиган ижтимоий муносабатлар, бошқа ҳуқуқ тармоқлари тартбга соладиган ижтимоий муносабатларнинг вужудга келиши учун асос, база бўлиб хизмат қилади, масалан, ер ҳуқуқи, фуқаролик ҳуқуқи, ижтимоий таъминот ҳуқуқи, парламент ҳуқуқи, маъмурий ҳуқуқ ва бошқалар.
Конституциявий ҳуқуқ предмети ижтимоий муносабатларни икки йўналиши (соҳаси)ни тартибга солиниши билан характерланади. Бу соҳалар эса ижтимоий ҳаётда энг муҳимлари бўлиб, бошқа масалаларга ҳам таъсир этади.
Конституциявий ҳуқуқнинг биринчи тартибга соладиган масаласи бу – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, инсон ва давлат ўртасидаги муносабатлар бўлса, иккинчиси давлат тузилиши ва давлат ҳокимиятини ташкил этиш, яъни ҳокимиятчилик муносабатларидир.
Конституциявий ҳуқуқ нормалари билан тартибга солинадиган бошқа барча муносабатлар шу икки соҳанинг бирортаси таркибида мавжуд бўлади. Масалан, жамоат бирлашмалари фаолияти, оилавий муносабатлар, банк-молия муносабатлари ва бошқалар.
Инсон ва давлат муносабати конституциявий ҳуқуқ тартибга соладиган асосий муносабатлардир. Лекин шуни ҳам билиш керакки, инсон ва давлат муносабатлари жуда кенг ва кўп қиррали, шунинг учун бу муносабат фақат конституциявий ҳуқуқ билангина тартибга солинмай, бошқа ҳуқуқ тармоқлари билан ҳам тартибга солинади (меҳнат ҳуқуқи, фуқаролик ҳуқуқи, маъмурий ҳуқуқ, молия ҳуқуқи ва бошқалар). Лекин конституциявий ҳуқуқ асос, база бўлиш характерига эга ҳуқуқий нормалардан иборат бўлиб, улар шахснинг ҳуқуқий ҳолатини белгилайди.
Инсон ҳуқуқлари энг кўп эътибор талаб қиладиган, шу билан бирга мураккаб ҳодисадир. Инсон ҳуқуқларини эълон қилиш, эътироф этиш, ҳужжатларда акс эттириш осон масала, лекин уларни таъминлаш ўта мураккаб масаладир. Сабаби ҳуқуқ ва эркинлик бурч билан боғлиқ, ҳуқуқ ва эркинликнинг таъминланиши айрим мажбурий характердаги ҳаракатларни қилишни, ёки қилишдан тийилишни тақозо этади. Бурч шахсларнинг бир бири олдида эмас, давлат ва жамият олдида ҳам вужудга келади. Бундан ташқари эркинлик ҳеч вақт мутлақ бўлиши мумкин эмас. Айрим ҳолатларда ва шароитда уни чеклашга зарурат вужудга келади.
Инсон ва давлат ўртасидаги муносабатларда фақат давлат томонидан ҳуқуқ ва эркинликларини ўрнатиш муҳим эмас, уларнинг бажарилиши учун кафолатларнинг яратилиши, механизмларнинг яратилиши муҳимдир. Шунинг учун давлат инсон ҳуқуқларини таъминлашда катта мажбуриятларни ўз зиммасига олади ва бу мажбуриятлар конституциявий ҳуқуқ нормалари орқали мустаҳкамлаб қўйилади.
Давлат ҳокимиятининг тузилиши факат давлат ҳокимиятининг турли тармокларини амалга оширувчи давлат органларини тузиш билангина чекланмай, улар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишни ҳам назарда тутади. Фақатгина ўрнатилган тўғри ҳокимиятчилик муносабатларигина инсон манфаатларига мос тушиши мумкин, шунинг учун конституциявий ҳуқуқ шу вазифани бажаришни ўзининнг мақсади ҳисоблайди.
Ҳокимиятчилик муносабатларини тўғри ва самарали бўлишини назарда тутиб, конституциявий ҳуқуқ нормалари билан барча ҳокимият органлари компетенциялари, ваколатлари, вазифалари аниқ белгилаб қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |