Нотариал идораларнинг ҳуқуқий мақомини айтиб беринг.
Жавоб: Нотариал идораларида ишловчи мансабдор шахслар нотариуслар деб аталади, улар бажарадиган ишлар нотариал ишлар деб юритилади. Ўзбекистон Республикасида қонунлар, меъёрий ҳужжатлар ижросини таъминлашда нотариал идоралар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга яқиндан ёрдам беради. Ўзбекистонда нотариал ҳаракатлар «Нотариат тўғрисида»ги қонун ва бошқа қонунларга мувофиқ нотариал идоралар нотариуслари томонидан амалга оширилади. Нотариал идоралар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилади ва тугатилади. Нотариус лавозимига 25 ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва уч йиллик юридик стажга эга бўлган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон фуқароси лойиқ топилади.
Нотариал идораларининг асосий вазифаларини айтиб беринг.
Жавоб: Нотариал идоралари вазифалари қуйидагилар: битимларни ва васиятномаларни тасдиқлайди; эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи ва меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради; мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради; ҳужжат нусха ва кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлайди; ҳужжатнинг тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди; ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди; кўчмас мулк сотиб олинганлиги ҳақида гувоҳнома беради; фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлайди; фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди; фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди; ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлайди; пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиб олади; ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилиб олади; пул тўлаш учун чекларни тақдим этади ва чеклар бўйича пул тўланмаганлигини тасдиқлайди.
Нотариус фаолияти деганда нимани тушунасиз?
Жавоб: Нотариал ҳаракатларни амалга оширилаётганда фуқаро ва мансабдор шахслар томонидан қонунийлик бузилгани аниқланганида ташкилотларга, прокурорга хабар қилади. Тарафлар тақдим этган битимларнинг мазмунини, асл мақсадга мослиги ва қонун талабларига зид келмаслигини текширади. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштириш билан боғлиқ нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни махсус давлат органларига тақдим этади.
Кўчмас мулк, уй-жой, мерос, ижара, ҳадя ва олди-сотди мулкининг қиймати ҳақидаги маълумотларни, автотранспорт воситаларини фойдаланиш, тасарруф этиш учун ишончномаларни, ушбу воситалардан бошқа шахсларга ўтказиш, ижарага бериш каби шартнома маълумотларини ички ишлар органига, васият қилинувчининг вафотидан кейин манфаатдор шахсларга васиятнома тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади. Нотариус ўз касбий мажбуриятларини бузганлиги учун қонуний жавобгар бўлиши мумкин. Нотариат идоралари автоматлаштирилган ягона ахборот тизими орқали нотариал ҳаракатларни бажариш имконига эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |