11-боб. СТАНЦИЯЛАРДА МАНЕВР ИШЛАРИ
298. Манёвр ишлари станция ишининг технологик жараёни ва қуйидагилар кўзда тутилган режа асосида амалга оширилиши лозим:
поездларни ўз вақтида тузилиши ва жўнатилиши;
вагонларни ўз вақтида юк операциялари учун узатилиши ва юк операциялари тугагандан сўнг олиниши;
вагонларни ишлаш учун энг кам вақт сарфланиши;
барча маневр воситалардан ва техникавий қурилмалардан рационал фойдаланиш;
станцияга поездларни узлуксиз қабул қилиниши;
ҳаракат хавфсизлиги ҳамда маневрлар билан боғлиқ ходимлар хавфсизлиги ва ҳаракат таркибининг бутлиги.
299. Йўлларнинг ривожланганлиги, маневр ишларининг хусусияти ва ҳажмига боғлиқ равишда станциядаги йўллар маневр ҳудудларига бўлинадилар. Маневр ҳудудларининг чегаралари ва уларнинг ҳар биридаги иш хусусиятлари станциянинг техникавий-бошқарув актида белгиланади.
Ҳар бир маневр ҳудудида одатда битта маневр локомотиви ишлайди. Айрим ҳудудларда икки ва ундан ортиқ маневр локомотиви ишлаши зарур бўлса, ҳаракат хавфсизлиги таъминланадиган уларни ишлаш тартиби станциянинг техникавий-бошқарув актида кўрсатилади.
Маневр ишлари учун бериладиган локомотивлар соз бўлиши, яхши ишлайдиган радиостанцияларга, белгиланган сигналлар ва инвентарга эга бўлиши лозим.
300. Маневр ҳаракатларида марказлаштирилмаган стрелкалар маневрларга раҳбарлик қилаётган шахснинг фармойишига биноан стрелкали пост навбатчилари томонидан ўтказилади. Электр марказлаштириш бўлган станцияларда стрелкалар станция навбатчиси ёки марказлаштириш пости оператори томонидан ўтказилади. Стрелкалар марказийдан маҳаллий бошқарувга топширилганда, шунингдек, стрелкали пост навбатчиси хизмат кўрсатмайдиган марказлаштирилмаган стрелкаларда маневрлар амалга оширилганда стрелкаларни локомотив ёки тузиш бригадаларининг ходимлари, кондукторлар, парк навбатчилари, станция навбатчилари, станция бошлиқлари, юк ва багажни қабул қилиб-топширувчилар, локомотив, вагон деполари ходимлари ва бошқа ходимлар томонидан ўтказилишига рухсат этилади.
Маневрлар пайтида кўрсатилган ходимларга стрелкаларни ўтказишга рухсат этилган станциялар рўйхати ДАТК минтақавий темир йўл узели бошлиғи томонидан белгиланади.
Марказлаштирилган стрелкани ўтказишдан аввал унга хизмат кўрсатувчи ходим (шахсан ёки бошқа ходимнинг маълумотига асосан) стрелка таркиб билан банд этилмаганлигига, шунингдек, ёндош йўллардан ўтишлар мавжудлигига ишонч ҳосил қилиши лозим. Электр марказлаштиришда стрелка ўтказгичнинг ҳаракат таркибидан бўшлиги бошқарув аппаратидаги назорат асбобларинннг кўрсатмаси бўйича аниқланади. Ушбу асбоблар носоз бўлганида ёки вақтинча ўчирилганида ёҳуд стрелкалар маневр колонкаларидан ўтказилганида стрелкали ўтказгичнинг ҳаракат таркибидан бўшлигини аниқлаш тартиби станциянинг техникавий-бошқарув актида белгиланади.
Марказлаштирилмаган стрелкалар (саралаш йўлларида жойлашган, маневр ишлари ҳар доим кетма-кет турткилар билан амалга ошириладиган, шарнир-тирсакли туташтиргичлар билан жиҳозланган стрелкалардан ташқари) маневрлар пайтида закладкалар билан беркитлиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |