5-боб. ТЕЛЕФОН АЛОҚА ВОСИТАЛАРИДА ПОЕЗДЛАРНИНГ ҲАРАКАТИ
134. Телефон алоқа воситаларида поезд перегонни эгаллаш учун локомотив машинистига тақдим этиладиган йўл хати (қоғози) (ДУ-50 шаклидаги бланк __-бетда келтирилган) pyxcaтномa бўлиб хизмат қилади.
Йўл хати (қоғози)ни беришдан олдин станция навбатчиси қуйидаги хабарларни қабул қилиши шарт: бир йўллик перегонларда поездни қабул қилишга розилиги хусусида қўшни станция навбатчисининг поезд телефонограммасини, икки йўллик перегонларда эса, ушбу станцияга аввал жўнатилган поезднинг етиб келганлиги тўғрисида поезд телефонограммасини.
135. Қўшни станциялар ўртасида поезд телефонограмалари билан шахсан станция навбатчилари ёки уларнинг кўрсатмаси бўйича операторлар алмашадилар.
136. Поездлар ҳаракати хақидаги барча сўзлашувлар станциялараро поезд телефон алоқаси ёки поезд диспетчерлик алоқаси орқали олиб борилиши лозим.
Станциялараро поезд алоқаси ва поезд диспетчер алоқаси носоз бўлган фавқулотда ҳолатларда поездлар ҳаракати тўғрисида сўзлашувлар станция навбатчисининг ихтиёрида бўлган бошқа алоқа воситалари бўйича ҳам олиб борилиши мумкин.
137. Йўл хат (коғоз) лари бланкалари станция навбатчиси ёки оператор томонидан шахсан тўлдирилади.
Станция навбатчиси ёки оператор йўл хат (қоғоз)и бланкаларини фақат поезд телефонограммалари журналида тегишли ёзувлар: бир йўллик перегонларда - қўшни станциядан поездни қабул қилишга розилиги хақида поезд телефонограммаси, икки йўлли перегонларда — қўшни станцияга аввал жўнатилган поезднинг етиб борганлиги тўғрисида поезд телефонограммаси мавжуд бўлсагина тўлдириш хуқуқига эгадирлар.
Оператор томонидан тўлдирилган йўл хати (қоғози) бланкасини станция навбатчиси поезд телефонограммалари журналидаги ёзувлар бўйича текшириши ҳамда станция штемпели ва ўз имзоси билан тасдиқлаши лозим.
Жўнатиш йўллари станция навбатчиси постидан йироқлашган, хизмат сўзлашувлари қайд этгичларда қайд этиладиган станциялар учун бу хуқуқ парк навбатчисига, станция техникавий-бошқарув актида кўзда тутилган, станция навбатчиси ва парк навбатчиси олдида махсус журналларда рўйхатга олинувчи буйруқ асосида тақдим этилиши мумкин. Бу ҳолда йўл хати (қоғози) ни парк навбатчиси имзолайди ва машинистга тақдим этади.
138. Қуйидагилар тақиқланади:
а) перегонни бошқа поезд банд этиб турган пайтда поездни жўнатиш тўғрисида сўров юбориш;
б) қўшни станциядан поездни қабул қилишга розилиги тўғрисида (бир йўллик перегонларда) ёки аввал жўнатилган поезд етиб борганлиги тўғрисида (икки йўллик перегонларда) поезд телефонограммаларини қабул қилмасдан туриб, йўл хати (қоғози) бланкаларини тўлдириш;
в) жўнатилаётган телефонограммаларини поезд телефонограммалари журналига ёзишдан илгари ва станция навбатчисининг имзоисиз узатиш.
139. Йўл хати (қоғози) машинистга қўшни станциянинг кириш сигналигача, поезд нотўғри йўлдан жўнатилганда ва кириш сигнали мавжуд бўлмаганда - "Станциянинг чегараси" сигнал белгисигача ҳаракатланиш хуқуқини беради.
Поездларнинг тўхтовсиз ҳаракатида йўл хат (коғоз)лари локомотивга қўлда узаткичга солиниб ва одатда, станция навбатчиси хонаси томонидан узатилиши мумкин.
140. Поезд чиқиш сигнали мавжуд йўлдан жўнатилганда, йўл хати (қоғози) бўлган тақдирда, ёпиқ сигнални ўтишга ёзма рухсатнома бериш талаб қилинмайди.
Бундай ҳолатда поездлар ушбу Йўриқноманинг 259 бандида белгиланган тартибда жўнатилади.
141. Поезд икки локомотив ёки перегоннинг бошдан охиригача сурувчи локомотив билан ҳаракатланганда, йўл хати (қоғози) етакчи локомотив машинистига тақдим этилади.
Поезд перегоннинг бир қисмида сурувчи локомотив билан ҳаракатланганда, йўл хати (қоғози) сурувчи машинистига ҳам тақдим этилади.