БОШЛАНҒИЧ СИНФ ЎҚУВЧИЛАРИДА ИҚТИСОДИЙ ТАРБИЯНИ ШАКЛЛАНТИРИШДА МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ
И.Э.Давронов
БухДУ катта ўқитувчиси
Республикамиз мустақилликни қўлга киритгандан сўнг ўтган даврда мамлакатимиз келажаги бўлган ёш авлодни тарбиялаб етиштириш энг долзарб муаммолардан бири бўлиб келмоқда. Бу борада ўтган даврда жуда катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, Халқ таълими тизимини миллийлаштириш, уни инсонпарварлаштириш, халқчиллаштириш асосида республикамиз халқ таълими тизимини қайта куриш, миллий укув муассасасилар барпо қилиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ишларни амалга оширишда ўзбек халқ педагогикаси етакчи ўрин тутади. Маълумки, халқ педагогикаси деганда халқ оғзаки ижодиётининг барча жанрларида акс эттирилган тарбия борасидаги қарашлар, ғоя, урф-одатлар, расм ҳамда анъаналар йиғиндиси тушунилади. Демак, булардан кўринадики халқ педагогикасининг асосий манбаи фольклор ҳисобланади.
Халқ педагогикасининг қамрови кенг бўлиб, у муайян халқ тарихи, фалсафаси, психологияси, этнографияси ва халқ табобатидан ташкил топган бўлади. Фольклор халк педагогикасини, яъни халқ оммасининг - тарбия борасидаги қарашлар, ғоя, урф-одатлари, анъаналар йиғиндисидан иборатдир. Булардан ташқари фольклор тарбияни амалга оширишда қўлланилиб келган усул, восита, кўникма ва малакалар йиғиндисини ҳам ифодалайди.
Халқ педагогикасининг таркибий қисми қуйидагича; ақлий, ахлоқий, жисмоний, меҳнат ва нафосат тарбияси. Ўзбек халқ педагогикаси миллий тарбияни амалга ошириш усул ва воситалари, ёшларни дастлабки оилавий одоб қоидаларига одатланириш ва уни амалга ошириш йўллари, ёшларни дастлабки оилавий дастёрлик меҳнатига одатлантириш, уни амалга оширишда фойдаланиладиган усул ва воситаларни ўз ичига қамраб олади. Юқоридагиларнинг ҳаммаси халқ оғзаки ижодида акс этган бўлиб, булар заминида илмий педагогика шакллангандир[1].
33
Илмий педагогиканинг асосий мақсади ва вазифаси ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаб етиштиришга қаратилган бўлади.Ҳар томонлама баркамоллик ёшларни ақлий, жисмоний, ахлоқий, меҳнат ва нафосат жиҳатдан етуклигини ўз ичига олади. Шундай экан, халқ педагогикаси илмий педагогика билан чамбарчас боғлиқдир.
Мақоллар одамларнинг ҳаёти ва турмуши жараёнида тўплаган тажрибалари, дунёқараши, ўзи яшаб турган ижтимоий хаётга бўлган муносабати, ўтмиш ҳаёти ва унинг ибратли сабоқлари, шахснинг рухий холати, умид ва орзуларини ифодалайди ҳамда тарбияланувчи тарбиясида аҳлоқ ва одобига ижодий таъсир этишда самарали таъсир кўрсатишга қодир. Мақолаларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, уларда асосан иккинчи шахс— тингловчига нисбатан ўғит-насиҳатлар йўсинида бадиий ўхшатишлар орқали айтилади.
Тарихий манбалар, бадиий адабиёт намуналари, халқ оғзаки ижоди намуналари шу нарсани асослайдики, қадимги аждодларимиз, ота-боболаримиз тежамкорлик ва иқтисодий тарбияга маънавий баркамоллик, етуклик омили сифатида қараганлар. Яъни айтиш мумкинки, иқтисодий тарбияланганлик етуклик шартларидан бири бўлиб ҳисобланган.
Масалан, халқимиз донолиги намунаси саналган халқ мақолларида тежамкорлик, тадбиркорлик, сариштакорлик фазилатлари юксак қадрият сифатида улуғланади. Қуйида ана шундай мазмундаги мақоллардан намуна келтирамиз:
Аёл сўм қилар, эркак – чақа.
Бу мақолда оилада эркак киши оила аъзоларини моддий жиҳатдан таъминлашга масъул бўлганлигидан, у эртаю кеч меҳнат қилиб, пешана тери билан топган даромадини оиласига олиб келади. Агар аёл тадбирли ва тежамкор бўлса, эрнинг чақалаб йиққанини сўм қилади деган маъно ётади. Ёки бошқача айтганда эр рўзғорга чақалаб йиғувчи бўлса, хотин уни тежаб, саришталаб сўмга айлантириши мумкин ва зарурлиги оилада иқтисодий тежамкорликка бўлган муносабатнинг халқимиз донолигидаги ўзига хос талқини десак ҳам бўлади.
Дон аяган донга етар,
Нон аяган – нонга.
Оқ танганг ортиқ бўлса,
Қора кунингга сақла.
Бу мақолларда ҳам тежамкорлик, қаноатпешалик, тадбиркорлик ҳақидаги ғоялар мужассамлаштирилган. Бу ўринда моддий бойликни топишдан ҳам кўра уни ўрнида ва тежаб ишлатиш малакасининг инсон учун қанчалик муҳим эканлиги ўз ифодасини топган.
Бозори яқин бойимас
ёки
Мозоринг яқин бўлса ҳам,
Бозоринг яқин бўлмасин
каби мақолларда эса ота-боболаримизнинг кўз нафсини идора қилиш, турли-туман янги нарсаларни кўриб туриш кишида маблағни тежаш, уни тадбир билан ишлатишга халақит бериши мумкинлигига қарши оқилона тадбиркорлиги намунасидир. Биз бошланғич синф ўқувчиларида иқтисодий тарбияни шакллантиришда мақоллардан фойдаланиш бўйича бир нечта дарсда ва дарсдан ташқари жараёнларда қизиқарли тадбирлар ташкил этдик. Ана шу тадбирлар ишланмаси ва сценарийлари ишга илова қилинади.
Болаларда ёшлигиданоқ иқтисодий тушунчаларни такомиллаштириш, уларда иқтисодий маданият ва ижобий рақобат мазмунидаги иқтисодий муносабатларни шакллантириш бугунги кунда таълим-тарбия олдида турган энг долзарб масалалардан биридир. Шунинг учун ҳам мактаб дастурларида иқтисодий фанлар киритилди.
Ушбу мақолада доирасида тўпланган маълумотлар ва олиб борилган ташкилиш тадбирлар танланган мавзу бўйича қуйидаги хулосаларни шакллантириш имконини берди:
1. Иқтисодий тарбия асосида қуйидагилар мавжуд: а)тарбия мақсадининг реал, яъни воқеийлиги; б) иқтисодиётда кишиларнинг биргаликдаги фаолияти; в) ўзини-ўзи англаш; в) тарбиянинг шахсий йўналиши; г) ихтиёрийлик; д) фуқаролик масъулияти ва мажбурияти; е) мамлакат тақдири учун масъулиятли бўлиш; ё)ишчанлик ва ишбилармонлик.
Иқтисодий тарбияни шакллантиришда биринчи галда ўқувчиларда энг содда малакалар ҳосил қилишдан бошлаш керак. Иқтисодий фикрлаш, иқтисодий тушунчалар, иқтисодий ҳис-туйғулар аввал оилада, сўнгра боғча-мактабда, кейинчалик олий ўқув даргоҳларида шаклланади. Бозор иқтисодиёти шароитида яшар эканмиз, янгича иқтисодий фикрлашга ўрганишимиз зарур.
34
Умуман иқтисодий тарбиянинг мақсади иқтисодий маданиятни инсонда шакллантиришдан иборатдир. Бу мақсадга эришиш учун тежамкорлик, тадбиркорлик, ҳисоб-китоб, янгиликларга интилиш, иқтисодий яхлитликни ҳис қилиш каби хусусиятларни вужудга келтириш ва ривожлантириш зарур.
Бошланғич синф ўқувчиларида иқтисодий тушунчаларни, иқтисодий тарбия ва маданиятни шакллантиришнинг таъсирчан воситаларидан бири бу халқ мақолларидир. Биз битирув малакавий ишда иқтисод, тежамкорлик ва исрофгарчилик, режа ва режасизлик, фойда ва зарар, фақирлик ва бойлик тушнчалари мазмун моҳиятини болаларга мақоллар орқали етказиш йўллари ҳақида тўхталиб ўтдик.
Биз бошланғич синф ўқувчилари билан мақоллар воситасида иқтисодий тарбияни шакллантиришга оид бир нечта амалий тадбирлар ташкил қилдик. Масалан, “Дон аяган донга етар, Нон аяган – нонга” мавзуида тарбиявий тадбир, “Озни бежа, Кўпни тежа” мавзуида Одобнома машғулоти, “Бозори яқин бойимас” мавзуида ота-оналар ўқувини ташкил қилдик.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
Жумаев З. “ Ўзбек халқ тарихий ривоятлари” номзодлик диссертацияси. Т. 2005 й.
Малик Мурод. Ўзбек қадриятлари. -Т.: Чўлпон, 1995.
Миртурсунов З. Ўзбек халқ педагогикаси. -Т.: Фан, 1973.
Мунавваров А.Ў. Оила педагогикаси. -Т.: Ўқитувчи, 1994.
Мусурмонова О. Маънавият қадриятлари ва ёшлар тарбияси. -Т.: Ўқитувчи, 1995.
Do'stlaringiz bilan baham: |