Психологик карахтлик. Психологик карахтлик “ҳиссий акс-садо”нинг мукаммаллаштирилган кўриниши бўлиб ҳисобланади. Биз кунда оммавий ахборот воситалари орқали ўлимнинг дахшатли кўринишларини томоша қиламиз. Портлаган, куйган, қийноққа солинган мурдалар намойиши кундалик ахборотларнинг ҳам, кинофильмларнинг ҳам асосий атрибутига айланиб қолди. Масаланинг ахлоқий томонига тўхталмаймиз, холбуки, бу ўта ахлоқсизлик эканлигини ҳаммамиз яхши англаймиз. Психологик карахтлик соясида соф сиёсий ғояларни сингдириш бунда асосий мақсад бўлиб ҳисобланади. Психологик карахтлик бир қанча муддатга одамнинг психологик ҳимоясини бузади, одам хақиқатан ҳам карахтлик, неслик холатига тушади, бу холатда ташвиқот материали хеч қандай тўсиқсиз миллионлаб одамларнинг онгига кириб келаверади. Ҳар қандай ахборот-маълумот ичидаги дахшатли видеолавхалар ахборот-маълумотнинг ҳиссий таъсирини кучайтиради, ташвиқотдан кўзда тутилган мақсадни зарурат сифатида тақдим қилади.
Сенсация. Сенсация – шов-шув кўтаришдан мақсад психологик ҳимояни бузиб ташлайдиган етарлича асабийлик даражасини таъминлашдан иборат. Асабийлик, инқирозни ҳис қилиш одамларнинг таъсирга берилувчанлигин оширади ва танқидий идрок қилиш қобилиятини пасайтиради.
Шов-шув ниқоби остида одатда кўпчилик билиши шарт бўлмаган хақиқий муҳим ходиса беркитилади ёки аксинча, тўхтатилиши керак бўлган жанжал тўхтатилади, тўхтатилганда ҳам қайтиб уни биров эсга олмайдиган қилиб тўхтатилади.
Урғуни аралаштириш. Бу усулнинг моҳиятини машхур ўзбек ибратли хикояси билан тушунтириш мумкин. Подшо туш кўрибди, тушида ҳамма тишлари тушиб кетганмиш, таъбирчидан сўрабди, у айтибдики, ҳамма яқинларингиз ўлиб кетиб, фақат ёлғиз сиз қоласиз. Подшо бундай совуқ таъбир учун уни зиндонга ташлатибди. Бошқа таъбирчи айтибди, сиз ҳамма яқинларингиздан узоқроқ яшайсиз, подшо бу таъбирчини тақдирлабди. Аслида иккала таъбирнинг ҳам мазмуни бир хил, фақат баён турлича. Бу усулда ўзгартириш мумкин бўлмаган ходиса керакли маъно англатадиган кўринишда тақдим қилинади.
Ассоциациялар яратиш. Бунда объект оммавий онг томонидан ёки ўта яхши ёки ўта ёмон, деб идрок қилинадиган тушунчага сунъий тарзда боғланади. Шу мақсадда метафора, киноялардан кенг фойдаланилади. Онгига оддий, жозибали, лекин ёлғон метафора, киноя ўрнашиб қолган одамларни қайта ишонтириш, бу метафорани калладан чиқариб ташлаш жуда қийин. Мантиқ ёрдамида унга эришиб бўлмайди, шунинг учун унга мос метафора, кинояни ишга тушириш лозим. Масалан, қайсидир сиёсий арбобни қоралаш лозим бўлганда у хақидаги видео лавхага тарихий ёвуз шахснинг, масалан Гитлернинг расмини шунчаки қўйиб қўйиш мумкин. Психологик қонуниятга кўра конкрет шахс хақида гап боради, томошабинлар онгида эса у Гитлер билан ўз-ўзидан ассоциация қилинаверади.
Do'stlaringiz bilan baham: |