67. Одатда юридик хизматнинг иши (фаолияти) ихтисослашув асосида ташкил этилади. Агарда давлат органининг ёки хўжалик юритувчи субъектнинг юридик хизмати икки ёки ундан ортиқ юридик хизмат ходимлари томонидан амалга оширилса, уларнинг ҳар бири бажариши лозим бўлган ишлар олдиндан белгилаб қўйилади. Бунда юридик хизматнинг ҳар бир ходими ўзига бириктириб қўйилган ишларни бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади. Вазифаларнинг юридик хизмат ходимлар ўртасида аниқ тақсимланиши ва уларнинг ихтисослашуви юридик хизмат ходимларининг муайян ҳуқуқ соҳаси бўйича билимларини доимо чуқурлашиб боришига, ўзига тегишли ишлар бўйича суд амалиётидан хабардор бўлиб боришига ҳамда шу тоифадаги ишлар бўйича келиб чиққан муаммоларни тез ва сифатли ҳал этилишига имкон яратади. Бундан ташқари ҳар бир юридик хизмат ходими юридик хизмат томонидан бажариладиган комплекс ишлар ҳақида хабардор бўлиши керак. Шундагина у муайян сабабларга кўра ишга чиқмай қолган юридик хизмат ходимининг вазифаларини бажариб туриш имкониятига эга бўлади.
68. “Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқарув органлари ва корхоналардаги юридик хизмат тўғрисида”ги Низомга мувофиқ давлат бошқаруви органлари юридик хизматининг вазифаларига қуйидагилар киради:
- бошқарув бўлинмалари билан биргаликда марказий аппаратда ҳамда вазирлик, идора, бошқа бошқарув органи тизимида қонунчиликнинг тўғри қўлланилишини таъминлашга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади. Қуйи бошқарув органлари ва корхоналарнинг амалдаги қонунчиликни бузган ҳолда чиқарилган ҳужжатларни бекор қилиш учун чора-тадбирлар кўради;
- раҳбарларга имзолаш учун тақдим қилинаётган буйруқлар ва бошқа ҳуқуқий мазмундаги ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги учун жавоб беради ва уларга виза қўяди. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалдаги қонунларга мувофиқлигини юридик хизмат томонидан олдиндан текширилмасдан чиқарилишига йўл қўйилмайди;
- вазирликка, идорага, бошқа бошқарув органига келадиган ва улар томонидан чиқариладиган норматив ҳужжатларни тартибли ҳисобга олишни ва сақлашни ташкил қилади, бошқа бўлинмалар билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг тўпламларини нашр этиш ишларини бажаради; вазирликлар, идоралар бошқа бошқарув органларининг амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ёки ўз кучини йўқотганларини бекор қилиш тўғрисидаги таклифларни тайёрлайди;
- тизимда хўжалик ҳисобини мустаҳкамлаш, ижара муносабатларини ва меҳнатни рағбатлантиришни ташкил этишнинг бошқа самарали шаклларини жорий этиш учун ҳуқуқий воситалардан фойдаланишни яхшилаш, хўжалик шартномаларининг ролини ошириш ва унинг бажарилиши учун масъулиятини кучайтириш юзасидан чора-тадбирлар кўради;
- ўзига қарашли корхоналар чет эл компаниялари ва фирмалари билан иқтисодий ва илмий техник алоқалар ўрнатганда уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатади;
- маҳсулот сифатини ошириш, меҳнат ҳақидаги қонунга риоя этилишини таъминлаш, меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, моддий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, камомадлар, ўғирлашлар, қўшиб ёзишлар ҳамда самарасиз харажатлар ва нобудгарчиликларнинг олдини олиш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортишга қаратилган ҳуқуқий тадбирларни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда қатнашади.
- тармоқдаги даъво қўзғатиш ишларининг аҳволини ва унинг амалиётини таҳлил қилади, хўжалик суди томонидан низоларни кўриб чиқиш натижалари бўйича корхоналар фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўради;
- судда, хўжалик судида, бошқа ташкилотларда ҳуқуқий масалалар кўрилаётганда белгиланган тартибда вазирликнинг, идоранинг, бошқа бошқарув органининг манфаатларини ифодалайди;
- вазирлик, идора ва бошқа бошқарув органи тизимидаги ҳуқуқий ишларга раҳбарликни амалга оширади;
-ўзига қарашли корхоналарда бу ишларнинг аҳволини текшириб боради, бу ишларни такомиллаштириш юзасидан таклифларни кўриб чиқиш учун вазирлик, идора ва бошқа бошқарув органининг раҳбариятига, ҳайъатига киритади;
- вазирлик, идора ва бошқа бошқарув органи тизимидаги ҳуқуқий ишларнинг ва юридик хизматлар фаолиятининг ижобий тажрибасини ўрганади ва умумлаштиради, унинг амалда татбиқ этилишига кўмаклашади;
- ҳуқуқий ишлар ва юридик хизмат фаолиятининг турли йўналишлари бўйича тавсияномалар ва кўрсатмалар ишлаб чиқади;
- вазирлик, идора ва бошқа бошқарув органлари марказий аппарати ходимларининг юридик умумий ўқувини ташкил этишда ва ўтказишда қатнашади, тармоқ юридик хизматга уни корхоналарда ташкил этишда ёрдам беради, қонунчиликни тушунтиришга оид ишларни олиб боради;
- замонавий техника воситаларидан фойдаланиш асосида қонунчилик бўйича ахборот-маълумотнома ишларини олиб боради амалдаги норматив ҳужжатларга киритилган янги ўзгартиришлар ҳақидаги ахборотни, Адлия вазирлиги кўрсатмалари ва республика хўжалик судларининг тажрибасини ўзига қарашли корхоналарга тезкорлик билан етказади, вазирлик, идора раҳбариятига қонунчилик бўйича маълумотнома материалларини тайёрлайди, ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар беради;
- вазирлик, идора ва бошқа бошқарув органи тизимида қонун бузилишлари аниқланган тақдирда юридик хизмат зарур чоралар кўриш, бундай камчиликларни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш учун тегишли раҳбарга бу ҳақда ахборот беради.
69. Юридик хизмат ходимининг вазифалари, ҳуқуқи ҳамда мажбуриятлари уларнинг мансаб йўриқномаларида бевосита кўрсатиб қўйилган бўлади. Юридик хизмат ходимларининг мансаб йўриқномалари юридик бўлим ёки юридик бошқарма бошлиғи томонидан ишлаб чиқилади. Агарда давлат органи ёки хўжалик юритувчи субъект юридик хизмати ягона юридик хизмат ходими томонидан амалга оширилса юридик хизмат ходимининг мансаб йўриқномаси унинг ўзи томонидан ишлаб чиқилади.
Бироқ мансаб йўриқномасининг шакли, мазмуни ҳамда уни тасдиқлаш тартиби турли ташкилотларда турличадир. Масалан, “Ўздонмаҳсулот” давлат акциядорлик компаниясида юридик хизмат ходимларининг мансаб йўриқномаси юридик бўлим бошлиғи томонидан ишлаб чиқилган ва компания раисининг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланган. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида мазкур ҳужжат “Юридик бошқарма ходимлари ўртасида мажбуриятларнинг тақсимланиши” деб номланади ва у бошқарма бошлиғи томонидан тасдиқланган.“Ўзспиртсаноат” акциядорлик компаниясида мазкур ҳужжат “Ўзспиртсаноат” акциядорлик компанияси юридик хизмат ходимининг лавозими йўриқномаси деб номланади ва у компания юридик хизмат ходими томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, компания раиси томонидан тасдиқланган. Мазкур йўриқнома тўртта бўлимдан иборат бўлиб, биринчи бўлимда умумий қоидалар, иккинчи бўлимда хизмат ходимининг асосий вазифалари, учинчи бўлимда юридик хизмат ходимининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тўртинчи бўлимда эса юридик хизмат ходимининг жавобгарлиги масалалари ўз ифодасини топган.
Do'stlaringiz bilan baham: |