Фрейд Анна (1895 — 1982), австрия ва англиялик психоаналитик, болалар психоанализининг асосчиси. Отаси З. Фрейд раҳбарлигида психоанализни ўзлаштирган.
Болалар учун психоанализ ёқимли муолажа бўлмаганлиги учун А. Фрейд томонидан психоаналитик технологияни оптималлаштириш билан боғлиқ жиддий иш амалга оширилди. А. Фрейд психоаналитик прцедурани инсонпарварлаштириш ва болалар фикрини узатиш усули сифатида ўйиндан фойдаланганлиги туфайли катталарга қараганда болаларда кўпроқ ишонч қозонган. Болалар агрессияси муаммосини тадқиқ қилиб, А. Фрейд шундай хулосага келадики, болалардаги агрессив ҳаракатларнинг сабаблари оилада жойлашган ва оила даврасида муҳаббат объектининг йўқлиги оқибатида ривожланмай қоладиган либидо билан боғлиқ.
А. Фрейд эго-ҳимоя механизмлари назариясини тўлдирди ва системалаштирди, 1936 йили нашр қилинган “”Мен” психологияси ва ҳимоя механизмлари” китобида шахс мавжудлигида эго-ҳимоя механизмларининг ролини очиб берди.
Райх Вильгельм (1897 – 1957), австро-америкалик психолог ва психиатр. 1936 йили В. Райхнинг “Сексуаль революция” номли монографияси эълон қилинди, у монографияда мавжуд сексуаль ахлоқ диктатурани қабул қилишга шароит яратадиган шахс сифатларини шакллантиради, деган ғояни илгари сурди. В. Райх характернинг иккита асосий типини ажратди: 1) гениталь ва 2) невротик. Гениталь тип характери вакиллари оргазмли бўшанишга эришишга интилиш ва самарали сублимацияга йўналганлар, невротик тип вакиллари эса жинсий қўзғолишларни ва оргазмни бостиришга йўналиб, самарали сублимацияга эришишга йўналмаганлар. В. Райх ўз назариясига “оргастик потенциялар” тушунчасини киритади, бу тушунча одамнинг, оргазм тўлақонли психикани шакллантиришда муҳим рол ўйнайди, деб ҳисоблаб, жинсий алоқа жараёнидан қониқиш қобилиятини англатади. АҚШ да В. Райх Нью-Йоркдаги ижтимоий тадқиқотлар Янги институтида дарс бериб “мускул совути” концепциясини ишлаб чиқди, унга кўра совут турли соҳаларида жойлашган еттита сегментлардан ташкил топади: 1) кўзда, 2) оғизда, 3) бўйинда, 4) кўкракда, 5) диафрагмада, 6) қоринда ва 7) тазда. Совут биологик энергия, “оргон”нинг эркин ҳаракатланишига халақит беради ва натижада у алоҳида мускулларда тутилиб қолади. Шу муносабат билан В. Райх психотерапиянинг вазифаси нафас олиш прцедуралари ва хроник зўриққан мускулларга тактил таъсир кўрсатиш орқали совутни вайрон қилишдан иборат бўлиши керак, деб ҳисоблаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |