чакана амалиётлар кассаси - банк иш куни давомида жисмоний шахслардан касса ҳужжатлари асосида нақд пул ва бошқа қимматликларни қабул қилиб олиш ёки чиқим қилиш, шунингдек уларнинг банк карталари орқали тўловларни қабул қилиш ҳамда валюта айирбошлаш шохобчаси ва чакана касса хизматларининг бошқа турларини кўрсатиш учун ташкил этилган касса тармоғи хисобланади.
Банк томонидан чакана амалиётлар ва банк биносидан ташқарида жойлашган бошқа кассаларни ташкил этиш тартиби қандай?
Банк (филиал) биносидан ташқарида ташкил этилган кассаларнинг қурилиши ва жиҳозланиши бўйича Бош банк мутахассислари томонидан ёзма равишда ижобий хулоса берилганидан сўнг, мазкур кассалар ўз фаолиятини бошлашлари мумкин. Бош банк ушбу хулосанинг бир нусхасини илова қилган ҳолда 10 кун ичида Марказий банкнинг тегишли ҳудудий Бош бошқармасига ёзма равишда хабар беради.
Банк (филиал) биносидан ташқарида ташкил этилган кассаларнинг фаолияти тугатилаётганида ҳам Бош банк томонидан банк бошқаруви қарорининг бир нусхасини илова қилган ҳолда 10 кун ичида Марказий банкнинг тегишли ҳудудий Бош бошқармасига ёзма равишда хабар берилади.
Банк биносидан ташқарида жойлашган чакана амалиётлар кассалари қандай жихозлар билан таъминланган бўлиши шарт.
Банк (филиал) биносидан ташқарида ташкил этилган кассалар зарурий техника ва ашёлар (пул боғламларини шакллантириш ускунаси, пул санаш ва ҳисоблаш машинкаси, компьютер, принтер, сейф ёки темир шкаф, бандероль, тизимча, накладка, пломбир, пломба, муҳр ва тўртбурчак муҳрлар ҳамда бланклар) билан таъминланган бўлиши лозим.
Банк (филиал) биносидан ташқарида ташкил этилган кассаларга кирим қилинган нақд пуллар, ушбу касса кассирлари томонидан сараланиши, саналиши, тахланиши ва белгиланган тартибда ўраб-боғланиши шарт.
Банк биносидан ташқарида жойлашган чакана амалиётлар кассаларига мадад пулларини етказиб бериш, кун охирида қолдиқларни ва касса хужжатларини сақлаш тартибини тушунтириб беринг.
Банк (филиал) биносидан ташқарида ташкил этилган кассаларга мадад пулларини ва бошқа қимматликларни етказиб бериш, шунингдек кун охирида кассадаги лимитдан ортиқча нақд пуллар ва бошқа қимматликлар қолдиқларини, кунлик касса ҳужжатларини банк (филиал)га ёки сақлаш учун у жойлашган тумандаги (шаҳардаги) тижорат банки филиалига етказиш ишлари инкассация хизматлари ёки банк ходимларининг хавфсизлигини ҳамда нақд пул ва бошқа қимматликлар бутлигини таъминлаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш хизмати кузатуви остида ҳам амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |