Белгилари. Барча турдаги ҳайвонлар учун хос клиник белгилар - тери қопламасининг дағаллашиши, туёқлар ва шохлар ялтироқлигининг, тери эластиклигининг пасайиши, терида бурмалар тошмалар ва жунлар тўкилган жойларнинг пайдо бўлиши, ёш ҳайвонларнинг ўсиш ва ривожланишдан қолиши, касалликларга чидамликнинг пасайиши, қоронғида кўришнинг пасайиши (гемералопатия), кўздан ёш оқиши, конъюнктивит, ксерофтальмия, урғочи ва эркак ҳайвонларда кўпайиш хусусиятларининг, жинсий фаолликнинг камайиши, она ҳайвонларнинг қисир қолиши, эмбрион ўлимининг кўпайиши, улардан ҳаётчанлиги паст бола туғилиши характерли бўлади.
Йирик шохли ҳайвонларда касалликнинг бошланғич босқичларида увиз ёки сут ва жигардаги каротин ва ретинолнинг миқдори камаяди. Касаллик пайтида катта ёшдаги ва 3 ойликдан катта қорамолларда қон зардобидаги каротиннинг миқдори 0,4 мг/100 мл дан, ретинол - 20 мкг/100 мл дан паст бўлади. Бўғоз сигирлар қон зардобидаги ретинол миқдорининг критик камайиши 16 мкг/100 мл ни ташкил этади. Сут давридаги бузоқлар қон зардобидаги ретинолнинг миқдори 4-8 мкг/100 мл гача бўлганда А гиповитаминознинг клиник белгилари пайдо бўлади.
Ташхисни аниқлашда ҳайвонларни каротин ёки А витаминига бўлган эҳтиёжларининг қондирилиши, клиник симптомлар, қон, увиз (сут) ва жигардаги ретинол ёки каротиннинг миқдори ҳисобга олинади. Телязиоз, риккетсияли кератоқонъюнктивит нафас ва ҳазм тизимининг жароҳатланиши билан кечадиган юқумли касалликлардан фарқлаш лозим.
Даволаш. Каротин ёки А витаминига бой озиқалар: пичан, сенаж, силос, ўт уни, сабзи, ёз ойларида кўкат озиқалар берилади. Касал ҳайвонларни даволашда ретинол ацетатнинг ёғли эритмалари, озиқабоп микровит - А, витаминлаштирилган балиқ ёғи, тривитамин, тривит, аевит, тетромаг ва бошқа препаратлар қўлланилади. Уларнинг дозасини белгилашда таркибидаги ретинол ҳисобга олинади ва бир бошга 1 суткада ХБ ҳисобида: қорамол ва отларга 50000 - 500000, она чўчқа, она қўй ва бузоқларга 50000 - 100000, чўчқа боласи, қўзиларга 3000 - 10000, итларга 3000 - 40000. Даволаш курси ўртача 15-20 кун ёки кўпроқ давом этади. А - гиповитаминоз билан биргаликда учрайдиган касалликлар даволанади.
Профилактикаси. Ҳайвонлар организмининн каротин ва А витаминига бўлган эҳтиёжларини табиий озиқалар қондира олмаганда уларнинг препаратлари қўлланилиши мумкин. Уларнинг профилактик дозалари даволовчи дозаларидан 2 - 4 марта кам бўлади. Бироқ сигирлар ва бияларга туғишига 4 - 6 ҳафта қолгандан бошлаб, 600000 - 800000 ХБ, бўғоз чўчқа 250000 - 350000 ХБ ва совлиқларга 150000 - 300000 ХБ ретинол ҳафтасига бир марта мускул орасига инъекция қилинади. Тривитамин сигирлар ва бияларга 5 - 7, она чўчқа ва қўйларга 2 - 3 мл мускул орасига юборилади. Бузоқларда А - гиповитаминозни олдини олиш мақсадида 10000 - 20000 ХБ ретинол ёғли эритма, аквитал, тривитамин ёки бошқа препарат ҳолида биринчи порция увиз сўти билан берилади, ёки бу мақсадда ретинолнинг ёғли концентрати бузоқларга 75000 - 125000 ХБ, чўчқа боласи ва қузиларга 40000 - 50000 ХБ ҳафтасига 1 - 2 марта мускул орасига инъекция қилинади. Бузоқларнинг 2 - 3 ҳафталигидан бошлаб витаминга бой пичан, кўк ўтлар, витамин уни, майдаланган ўтлар берила бошлайди. Озиқалар таркибидаги ретинолни бузилишдан сақлаш учун антиоксидантлар (дилудин ва б.) қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |