Рибофлавиннинг етишмовчилиги (В2 - гиповитаминози, В2 - hyipovitaminosis) - сурункали касаллик бўлиб, ўсишдан қолиш, тери, кўзнинг жароҳатланиши, алопеция, асаб тизимининг бузилишлари билан характерланади. Рибофлавиннинг етишмовчилиги кўпинча паррандаларда, мўйнали ҳайвонлар, чўчқаларда, шунингдек, қорамоллар ва бошқа турдаги ҳайвонларда қайд этилади. Касаллик асосан полигиповитаминозлар ҳолида кечади.
Сабаблари. Касаллик узоқ муддат бир хил озиқлантириш оқибатида келиб чиқади. Бузоқларнинг касалланиши уларни сунъий сут билан боқишга барвақт ўтказилиши оқибатида кузатилади. Рибофлавиннинг эндоген етишмовчилиги ҳайвонларда сурункали гепатит, гепатозлар, жигар циррози, ҳазм фаолиятининг бузилиши, ошқозон-ичаклар микрофлораси фаолиятининг пасайишига сабаб бўладиган антибиотиклар, сульфаниламидларнинг оғиз орқали қўлланилиши ҳамда ичакларда гельминтларнинг бўлиши оқибатида кузатилади. Рибофлавиннинг фаоллиги унинг антивитамини - галактофлавин, 6-метилфлавин ва бошқалар таъсирида ҳам пасаяди.
Ривожланиши. Рибофлавин (ўсишни рағбатлантирувчи омил) ичакларда сўрилиб, жигарда тўпланади, фосфорланиш жараёнида фосфор кислотаси эфирига айлангандан кейин фаол шаклга ўтади. Бу жараён асосан ичакларда ва қисман жигарда ва буйракларда амалга ошади. Шунинг учун оғиз орқали қабўл қилинган рибофлавиннинг фаоллиги вена орқали ёки мускул орасига юборилган рибофлавинга нисбатан юқори бўлади.
Рибофлавиннинг етишмовчилиги оқибатида флавопротеид ферментларининг синтези пасаяди ва оқсиллар, углеводлар, липидлар ва бошқа моддалар алмашинуви издан чиқади. Сийдик билан триптофан, гистидин, треанин ва бошқв аминокислоталарнинг чиқарилиши кучаяди, организмда марказий азот баланси ривожланиб, ариқлаш, ўсишдан қолиш, жунларнинг тушиб кетиши, организмда пироузум, сут ва бошқа кислоталарнинг тўпланиб қолиши, асаб тизими, юрак, кўриш ва бошқа аъзолар функцияларининг издан чиқиши кузатилади.
Белгилари. В12 гиповитаминознинг умумий белгилари: маҳсулдорликнинг пасайиши, ўсишнинг секинлашиши, озиқалар сарфининг ортиши ҳисобланади. Жунларнинг тушиб кетиши, айниқса кўз атрофида, бел соҳасида қайд этилади, дерматит, яраларнинг битишининг секинлашиши ёки тез битмайдиган яралар пайдо бўлиши мумкин. Лаблар ва оғиз четларида ёрилишлар билан кечадиган стоматит ривожланади. Оғиз ва тил шиллиқ пардасида гиперемия, қовоқларнинг шиши, сулак оқишининг кучайиши, конъюктивит, ёруғликдан қўрқиш, кейинчалик шохпарданинг васкуляризацияси ва кератит ривожланади.
Шунингдек, асаб тизими функцияларининг издан чиқиши, атаксия, мускуллар тонусининг пасайиши, гиперкинезия, орқа оёқларнинг ярим фалажи ёки фалажи кузатилади. Она ҳайвонларда куйикишнинг кечикиши, қисир қолиш, она чўчқаларда оталаниш даражасининг пасайиши, эмбрионал ўлимнинг кўпайиши, муддатидан 14-16 кун эрта туғиш, бузоқларда танглай, тил ва лабларнинг қизариши, кучли сулак ажралиши, кўздан ёш оқиши, қориннинг пастки қисмида терининг яллиғланиши, жунларнинг ҳурпайиши, орқа оёқлар ва қорин соҳаси териси жунларининг симметрик тарзда тушиши характерли бўлади.
Касал Ҳайвонлар қонидаги рибофлавиннинг миқдори 8-16 мкг/100мл.дан кам бўлади.
Ташхис патологоанатомик ўзгаришлар, озиқалар таркибидаги рибофлавин миқдорини аниқлаш, унинг препаратларини қўллашнинг терапевтик самарадорлиги кўрсатгичлари асосида қўйилади.
Даволаш. Ҳайвонлар тўлақимматли рационларда боқилади. Рибофлавинга бой озиқалар: ёғли ва ёғи олинган сут, кепак, ачитқилар, гўшт, балиқ, беда уни бериш тавсия этилади. Касал ҳайвонларга 8-12 кун давомида озиқалар билан биргаликда синтетик рибофлавин қуйидаги дозаларда: сут эмадиган чўчқа болаларига -5-6 мг, сутдан кейинги даврда - 20-4-, она чўчқаларга - 50-70, бузоқларга - 30-50, итларга - 1-10 мг берилади. Даволашда рибофлавин билан биргаликда тиаминни қўллаш тавсия этилади, чунки тиаминнинг етишмовчилигида сийдик билан рибофлавиннинг кўп миқдорда чиқиб кетиши кузатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |