Ривожланиши. Тиамин тиаминпирофосфат (ТПФ) шаклида декарбоксилазанинг коферменти ҳисобланади ва пироузум ва альфа-кетоглютар кислоталарининг оксидланувчи декарбоксилланишида қатнашади. Тиаминнинг етишмовчилиги оқибатида организмда пироузум ва сут кислоталари тўпланиб қолади ва улар асаб тўқимасига токсик таъсир этади. Оқибатда кортикоцеребрал некроз, спастик ва паралитик бузилишлар кузатилади.
Тиамин етишмовчилигида ҳужайраларда газлар алмашинуви, адиназинтрифосфат (АТФ) синтези издан чиқади, мускуллар тонуси пасаяди, холинэстеразалар фаоллиги ортади, ацетилхолиннинг парчаланиши тезлашади, оралиқ алмашинув маҳсулотларининг оксидланиш жараёнлари тўхтайди, манфий азот баланси кузатилиб, сийдик билан кўп миқдорда аминокислоталар ва креатин ажралиб чиқа бошлайди.
Белгилари. Иштаҳанинг пасайиши ёки йўқолиши, маҳсулдорликнинг пасайиши, ўсишдан қолиш, шиллиқ пардаларнинг оқариши, ариқлаш, диспепсия, тахикардия, асаб тизими фаолиятининг бузилиши характерли симптом бўлиб, умумий ҳолсизланиш, атаксия, елка ва бел мускулларининг клоник-тоник қалтираши (опистотонус), кўз олмасининг қалтираши (нистагм), оёқ мускуллари-нинг таранглашуви фалажи ва ярим фалажи кузатилади. Қондаги пироузум ва сут кислотаси миқдори кўпайиб, тиаминнинг миқдори камаяди, ацидоз ва ишқорий заҳиранинг камайиши қайд этилади.
Ташхис характерли клиник белгилар, лаборатор ва патологоморфологик текширишлар асосида қўйилади. Тиаминнинг терапевтик самарадорлиги ҳисобга олинади. Касалликни қотма, Ауески, листериоз, менингоэнцефалит ва бошқа касалликлардан фарқлаш лозим.
Кечиши ва прогнози. Касаллик сурункали ва ярим ўткир тарзда кечади. Марказий асаб тизимининг чуқур ўзгаришлари (кортикоцеребрал некроз) кўпинча ўлим билан тугайди.
Даволаш. Таркибида антивитамин моддалар сақловчи озиқалар бериш тўхтатилади ва рационга кўк озиқалар, ўт уни, ҳар хил ўтлар сенажи, кепак, озиқабоп ачитқилар киритилади. Ёш ҳайвонларга сут, чўчқаларга сифатли силос, ўт уни, илдизмевалилар берилади.
Касал ҳайвонларга тери остига ёки вена қон томири орқали тиамин бромид ёки тиамин хлорид тавсия этилади. Тиамин бромид (хлорид) 1-6 % ли эритма ҳолида 5-7 кун давомида қуруқ модда ҳисобида: қорамол ва отларга - 60-500 мг, чўчқа ва қўйларга - 5-60, итларга -1-10 мг юборилади. Инъекция кунига ёки икки кунда бир марта такрорланади. Юрак фаолияти ёмонлашганда кокарбоксилаза: қорамол ва отларга - 500-1600 мг, чўчқа ва қўйларга - 200-600, итларга - 20-100 мг мускул орасига юборилади. Оғиз орқали натрий гидрокарбонат, В гуруҳига оид витаминлар, ҳазм тизими, жигар ва бошқа аъзоларнинг функцияларини яхшиловчи препаратлар тавсия этилади.
Профилактикаси. Бир томонлама озиқлантириш, сифатсиз озиқалар берилиши, антибиотик ва сульфаниламидларни асоссиз равишда қўлланилишининг олди олинади. Рационга кобальт тузларини қўллаш В1 витаминининг микробиал синтезини яхшилайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |