Ретинолнинг етишмовчилиги (А гиповитаминоз, A hyipovitaminosis) - сурункали кечадиган касаллик бўлиб, эпителий ҳужайраларининг зўр бериб шохланиши ва метаплазияси, кўришнинг, кўпайиш хусусиятларнинг ёмонлашиши ва ёш ҳайвонларнинг ўсишдан қолиши билан тавсифланади.
Сабаблари. А гиповитаминознинг келиб чиқишига А витаминининг ёки каротиннинг озиқалар билан организмга етарли даражада тушмаслиги сабаб бўлади. Маълумки, озиқалардаги каротиноидлар ёруғлик, кислород, кислотали муҳит ва юқори ҳарорат таъсирида тез парчаланади. Шунинг учун ҳайвонларга кечикиб йиғиштирилган ёки узоқ сақланган сифатсиз пичанлар, кислоталиги (рН) юқори бўлган силос берилишида ҳайвонларнинг касалланиши кўп учрайди.
Чўчқаларда А гиповитаминознинг кузатилишига бузилган ёғлар, ёмон сифатли ўт унлари, кимёвий усуллар билан консервацияланган озиқалар билан боқиш, озиқаларни очиқ ҳавода узоқ қайнатиш сабаб бўлиши мумкин. Узоқ муддат рационда протеиннинг етишмовчилиги ҳам А гиповитаминозга сабаб бўлиши мумкин. Бу вақтда каротиннинг А витаминига айланиш жараёни секинлашади.
Сут давридаги ёш ҳайвонларнинг касалланишига бўғоз ва сут берадиган ҳайвонларни етарли озиқлантирмаслик оқибатида увиз ёки сут таркибида А витамини ва каротиннинг етарли миқдорларда бўлмаслиги сабаб бўлади.
Эндоген А гиповитаминоз гепатит, жигар циррози, гастроэнтеритлар, юқумли ва паразитар касалликлар, сурункали заҳарланишлар пайтида кузатилиши мумкин. Токоферол ва бошқа антиоксидантлар ҳамда рух элементи А витаминини бузилишдан сақловчи моддалар ҳисобланади.
Ривожланиши. А витамини ичаклардан сўрилиб қон орқали тўқима ва аъзоларга етказиб берилади. Организмдаги А витамини заҳирасининг 75-90 фоизи жигарда сақланади. Каротиннинг А витаминига айланиш жараёни ичакларда, жигарда ва сут безларида кечади. Турли ҳайвонларнинг каротинни А витаминга айлантириш хусусиятлари турлича бўлади. Каротинни А витаминига трансформация қилиш хусусияти йириш шохли ҳайвонларда нисбатан энг паст бўлади. Улар учун 1 мг макка силосидаги каротин 400 Халқаро бирлик (ХБ) А витаминига эквивалент бўлади. Чўчқалар учун 1 мг каротин 533 ХБ А витаминига эквивалент бўлади. Чўчқа, паррандалар қўйлар ва отларда адсорбцияланган каротиннинг деярли ҳаммаси ичакларда А витаминига айланиб улгуради. Шунинг учун уларнинг қонида каротиннинг фақатгина «изи» бўлиши мумкин. Қорамолларда каротин асосан жигарда А витаминига айланади. Шунинг учун уларнинг қонидаги каротиннинг бир қисми жигарда заҳира ҳолида тўпланиб туради.
А витамини етишмаганда тери, кўз ёш безлари, қонъюнктива, нафас йўллари, ҳазм тракти ва сийдик - таносил аъзолар эпителийсининг гиперплазияси ва шохланиши кузатилади. Шиллиқ пардаларнинг жароҳатланиши уларнинг ҳимоя функцияларининг пасайиб, тухумдон, уруғдонлар эпителийсининг метаплазияси, уларнинг дистрофияси, фолликулаларининг атрофияси, спермогенезнинг сусайиши, тери эпителийсининг гиперплазияси ва шохланиши, ундаги тер ва ёғ безларининг атрофиясига сабаб бўлади.
Жинсий аъзолар эпителийсининг жароҳатланиши муртакнинг ўлиши, бола ташлашга сабаб бўлиши мумкин. А витаминининг етишмовчилиги ҳомиланинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатиб, табиий резистентликнинг пасайишига олиб келади. А гиповитаминоз учун кўз шох пардасининг қуруқлашиб қолиши специфик белги ҳисобланади. Бунга кўзёш каналининг беркилиб қолиши, конъюнктиванинг яллиғланиши, шох парданинг яраланиши ва юмшаб қолиши сабаб бўлади. Кўришнинг пасайиши кузатилади. А витаминининг фаол шакли - ретинолнинг кўз тўр пардасида опсин оқсили билан бирикишидан радопсин (кўриш пурпури) ҳосил бўлади ва ўз навбатида кўзнинг қоронғиликка мослашишини таъминлайди. А витамини ўсиш омили ҳисобланади, унинг етишмовчилиги туфайли суяк тўқимасида коллогеннинг синтези камаяди, суяклар дистрофияси, ёш ҳайвонларнинг ўсишдан қолиши кузатилади. А витамини етишмовчилиги жинсий гормонлар ва буйракусти безлари пўстлоқ қисми гормонлари синтезининг камайиши билан кечади. А гиповитаминозида ҳужайравий ва митохондриал мембраналарнинг турғунлиги пасаяди деган мулоҳазалар ҳам мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |