В гуруҳи гиповитаминозлари кўпинча бир камерали ошқозонли ҳайвонлар орасида қайд этилиб, кавшовчи ҳайвонлар физиологик жиҳатдан тўла қийматли рационларда боқилганда уларнинг бу витаминларга бўлган эҳтиёжлари витаминларнинг микробиал синтези ҳисобига қондирилади. Кавшовчиларнинг сут даврида В гуруҳи витаминлари организмга увиз ёки сут орқали тушиб туради. Лекин катта қоринда озиқалар ҳазмланишининг бузилиши, микрофлоралар фаолиятининг ёмонлашиши, озиқалар билан замбуруғлар токсинларининг тушиши, антибиотиклар, сульфаниламидлар ва бошқа препаратларни асоссиз тарзда қўлланилиши уларда В гуруҳи гиповитаминозларига сабаб бўлиши мумкин. Катта қориннинг сурункали ацидози ва алкалози, руминит ва бошқа касалликлар пайтида ҳам ошқозон олди бўлимларида В гуруҳи витаминларининг микробиал синтези бузилиши мумкин.
В гуруҳи витаминлари етишмовчилиги бузоқларда уларни барвақт сунъий сут билан боқишга ўтказилиши оқибатида, чўчқа, итлар, қуёнларда ҳамда паррандаларда микроорганизмларнинг асосан кейинги бўлим ичакларида яшаши туфайли витаминлар асосий қисмининг сўрилмасдан чиқиб кетиши оқибатида кузатилади. Отларнинг В гуруҳи витаминларига бўлган эҳтиёжини асосан яхши ривожланган катта чамбар ва кўр ичаклардаги микробиал синтез ҳисобига қондирилади.
В гуруҳи гиповитаминозлари кўп ҳолларда бир вақтнинг ўзида бир неча витаминларнинг етишмовчилиги (полигиповитаминозлар) ҳолида кечади. В гуруҳи витаминлари етишмовчилиги билан кечадиган касалликлар ёш ҳайвонларда нимжон бўлиб туғилиш, ўсишдан қолиш, алопеция ва дерматитлар, нерв тизимидаги бузилишлар (полиневритлар, фалаж, ярим фалаж ва б.), юрак қон-томир тизими, ҳазм тизимининг секретор, перисталтик функцияларининг бузилиши билан кечади.
Тиаминнинг етишмовчилиги (В1 - гиповитаминози, В1 - hypovitaminosis) - асаб тизими, юрак функцияларининг бузилиши, мускулларнинг толиқиши ва диспепсияга хос белгилар билан тавсифланиб, барча турдаги ҳайвонлар касалланади.
Сабаблари. В1 - гиповитаминозига тиаминнинг микробиал синтезининг ёмонлашиши, озиқалар билан антивитаминларнинг тушиши, рационда тиаминнинг етишмовчилиги сабаб бўлади. Ҳазм трактининг сурункали касалликлари (катта қорин ацидози, руминит) ҳайвонларга замбуруғлар билан зарарланган озиқаларнинг берилиши, антибактериал препаратларнинг назоратсиз ва миқдоридан ортиқча қўланилиши В1 витаминининг микробиал синтезининг ёмонлашишига сабаб бўлади.
В1 гиповитаминози бузоқ, қўзилар ва бошқа кавшовчи ёш ҳайвонларни бир хилдаги концентрат типида озиқлантиришда, рационда клетчатка етишмовчилиги кузатилганда, қанд лавлаги билан боқилганда асаб тизимида чуқур ўзгаришлар (кортикоцеребрал некроз ёки энцефаломаляция) билан кечади. Кўпинча озиқалар билан тиаминнинг ингибитори ҳисобланган тиаминазаларнинг (антивитамин) тушиши В1 гиповитаминозга сабаб бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |