6§.Ҳаракатларни эгаллашда уларни тасаввур қилишнинг ўрни
Хатти-ҳаракатларни бошқаришда ҳаракатларни тасаввур қилиш энг муҳим ва бирламчи ахамиятга эга.
Жисмоний тарбия ва спортдаги машқлар техникасини ўргатиш ўрганилаётган хатти-ҳаракатлар ва улар бажарадиган шарт−шароитлар ҳақида тасаввурни ҳосил қилишдан бошланади. Тасаввур инсон эгаллайдиган ва ўз фаолияти давомида бошқарадиган реал ҳаракатларнинг идеал (яъни амалдаги,онгда шаклланган) образи бўлиб ҳизмат қилади.
Айтиш мумкинки, ҳар қандай хатти- ҳаракатни, ҳар қандай жисмоний машқни инсон уни ўзи қандай тасаввур қилса ана шундай бажаради. Бу ҳолат нафақат уни ўрганиш жараёнида, балки доим барқарордир. Масалан, одам велосипедда учишни ўрганган бўлса ва орадан узоқ йиллик танаффус ўтиб кетган бўлса ҳам яна велосипед ҳайдаши учун барча машқларини қайтадан бошлаши керак эмас, у велосипедга ўтиради-ю барча ҳаракатларни тўғри бажариб кетаверади, чунки велосипедни қандай ҳайдаш кераклиги тўғрисидаги тасаввурлар унинг узоқ муддатли хотирасида сақланиб қолган.
Спортнинг барча турларида тайёргарлик машқларини ўтказиш услубига оид замонавий адабиётларда ўрганилаётган машқлар ҳақида тасаввурни ҳосил қилиш вазифаси фақат ўқувнинг дастлабки жараёнларида қўйилмаслиги лозим. Амалда ҳар қандай машқни бажариш техникаси ҳақидаги тасаввурларни шакллантириш ва аниқлаштириш бу машқни бажариш техникаси мукаммал даражага эришмагунча давом эттирилади. Бинобарин, нимани ва қандай мукаммаллаштириш кераклигини олдиндан тасаввур қилмасдан, уни амалда бажариш мутлақо мумкин эмас.
Ҳаракатларни тасаввур қилиш функциялари ниҳоятда ҳилма-хилдир. Хатти-ҳаракатларни тасаввур қилиш шундай ўзига ҳос бир дастур сифатида ҳизмат қиладики, ушбу дастурни спортчи муайян ҳаракатлар тизимида олий даражадаги ҳаракат орқали амалга оширмоғи лозим. Бунда ҳаракатлар тасаввурини дастурлаш функциясининг мазмуни ётади. Ва бу ўрганилаётган ҳаракатнинг энг асосий жиҳатлардан бирини ифодалайди.
Тасаввурнинг дастурловчи функцияси унинг бошқарув функцияси билан мувофиқ келади. Хатти-ҳаракатни бажаришдан аввалроқ тасаввур идеомотор реакциялар механизми бўйича организмнинг турли органларини ва тизимларини бошқаради, созлайди, таъбир жойиз бўлса организмни у бажариши лозим бўлган фаолиятга ёки бажарадиган хатти-ҳаракатга мос “иш тўлқинга”мувофиқлаштиради.
Фаолият давомида қайтувчи алоқа каналлари орқали бош миянинг катта ярим шарларига ҳаракат бажарилишининг ташқи шароитлари ва умуман ҳаракатнинг ўзи ҳақидаги ахборот тўхтовсиз равишда келиб туради. У дастур билан, яъни намуна билан таққосланади. Агар ҳаммаси дастурга мувофиқ кетаётган бўлса, ҳаракат давом эттирилади. Мабодо, ҳаракатлар тизимининг ўзида ҳаракатни бажаришнинг ташқи шартлари ёҳуд дастур (намуна) билан номувофиқлик юзага келадиган бўлса, хатти-ҳаракатларга зарурий ўзгартиришлар киритилади.
Ҳаракатларни тасаввур қилишнинг бошқарув функцияси ҳаракатлар тугаллангандан кейин ҳам намоён бўлади (гимнастика комбинасияси, белгиланган масофага югуриш, енгил атлетикага оид улоқтиришларда ва сакрашлардаги навбатдаги уринишдан сўнг ва хоказо). Ҳаракатларни тугатгач одатда спортчилар, ўша ҳаракатни бажариш чоғидаги ўзларида пайдо бўлган сезгилар ва таъсуротларни таҳлил қилиб, қандай хатоларга йўл қўйганликларини ва нима сабабдан йўл қўйганликларини тушинишга ҳаракат қиладилар.
Бу таҳлиллар бевосита дастур тўғрисидаги тасаввурларнинг ниҳоясига етказилган хатти-ҳаракатларнинг тасаввури билан ўзаро таққосланишига асосланади. Фикрлаш тарзи бу жараёнда нафақат қандай ва нима учун хатоликларга йўл қўйилганини тушунишга ёрдам беради, балки ҳаракатни кейинги бор бажараётганда ушбу хатоларни тузатиш йўлларини ҳам аниқлайди. Бундай таҳлиллар айниқса спортнинг сўнги натижалари бирор бир машқларни бир неча бор бажариш асосида аниқланадиган турларида муҳим аҳамият касб етади (енгил атлетикадаги сакрашларда, улоқтиришларда, оғир атлетикадаги даст кўтариш ва силтаб кўтаришда, сувга сакраш ва хоказоларда).
Ҳаракатларни тасаввур қилишнинг машқлантириш функцияси шунда ифодаланадики, мазкур функция туфайли ҳар қандай хатти-ҳаракат техникасини мукамаллаштириш устида, уларни амалда бажармасдан туриб, фақат тасаввур қилиб ҳам машқ қилиш мумкин.
Ҳаракатларни тасаввур қилишнинг бу тарздаги қўлланилиши идеомотор машғулотлар номини олган. “Мен ҳеч қачон машқларни фикран тасаввур қилиб олмасдан туриб, бажаришга киришмайман”,- дейди гимнастикачи. “Мен бутун масофани ҳаёлан югуриб ўтмасдан туриб, ҳеч қачон стартга чиқмайман”- дея еътироф етади югуриш бўйича спортчи. Ҳаракатларни тасаввур қилишнинг машқлантирувчи функцияси ихтиёрий ҳатти-харакатларнинг бутун бошли мураккаб механизмлари тизимининг жонланиши, ҳамда асаб - мушак, вегетатив ва бошқа бир қатор микрореакцияларнинг пайдо бўлиши оқибатида юзага келади. Улар машқни ёки хатти-ҳаракатни амалда чиндан ҳам бажарилгандаги микрореакциялар билан бир хил бўлиб, уларни фанда идеомотор реакциялар деб аташади. Бу тасаввур қилинган ҳаракатни ёки машқни ташқи идрокдан яширин ҳолда бажаришдир. Ҳаракатларни тасаввур қилишнинг машқлантирувчи эффекти - машқларнинг натижасидир, яъни иҳтиёрий ҳаракат ва машқларни кўп бор ҳаёлан такрорлаш орқали уларнинг механизмлари тизими ҳаёлда мустаҳкамланиб қолади (А.С.Пуни).
Юқорида келтирилган тадқиқотлардан ҳаракатларни тасаввур қилишни машқлантирувчи функциясининг намоён бўлишидаги турли жиҳатларига оид бир қатор қоидалар келиб чиқади:
- ҳаракатлар қанчалик аниқ ва тиниқ тасаввур этилса, уларнинг машқлантирувчи эффекти шунчалар аниқ намоён бўлади;
- ушбу эффект, ҳаракатни тасаввур қилиш жараёни “Сўз орқали ифодалаб туриш” билан қўшиб олиб борилса, янада ошиб боради;
- машқлантирувчи эффект айниқса ҳаракатларнинг фазовий белгиларини эгаллашда ёрқин намоён бўлади, вақт ва кучдаги белгиларини эгаллаш чоғида эса нисбатан камроқ кўзга ташланади;
- мусобақалар чоғида техник ҳаракатларни хаёлан бажариш уларнинг натижасини кўтаришга хизмат қилади;
- ҳаракатларни тасаввур қилишнинг машқлантирувчи таъсири хатоларга эга бўлса, салбий бўлиши ҳам мумкин.
Турли спортчиларда ҳаракатларни тасаввур қилишнинг машқлантирувчи функцияси намоён бўлиши ҳар хил эканлиги аниқланган. Бу фикр машқлантирувчи эффектнинг қай даражада намоён бўлишига тааллуқлидир (И.И.Торопчин).
Ушбу белгига кўра спортчилар 3 та гуруҳга ажратилади:
1. Машқлантирувчи эффекти юқори даражада намоён бўлувчилар;
2. Ўртача намоён бўлувчилар;
3. Паст даражада намоён бўлувчилар (2-расмга қаранг)
Do'stlaringiz bilan baham: |