2-расм. Ҳаракатларни тасаввур қилишнинг машқлантириш тафовутлари.
Тасаввурнинг машқлантирувчи функциясини намоён бўлиши шунингдек темпераментнинг айрим психологик ҳусусиятлари жумладан интроверсия ва идеомотор машғулотларига мойиллик кабилар билан ҳам боғлиқдир. Буларнинг барчаси идеомотор машғулотлардан фойдаланишда ҳам спортчилар, ҳам мураббийлар бу масалага индивидуал ёндашишлари кераклигини кўрсатади. Шунингдек, ушбу жараёнларда шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳаракатларни тасаввур қилишнинг ҳар учала - дастурловчи, бошқарувчи ҳамда машқлантирувчи функциялари ўзаро боғлиқ ва биргаликда “яхлит” тарзда ишлайди. Машғулотларнинг реал жараёнида ёки мусобақаларда ана шу яхлитликнинг бирортаси, ё биттаси, ё бошқаси, ё учинчиси, олдинда турган вазифаларга ҳамда фаолиятнинг мавжуд ўзгарувчан шарт-шароитларига кўра етакчилик қилади. Шуни ҳам ҳисобга олмоқ керакки, ҳаракатларни тасаввур қилишнинг таркибида бошқа компонентлар ҳам мавжуддир, масалан: кўриш, эшитиш, тери орқали сезиш, вестибуляр. Идеомотор машғулотларга психологик компонентлар қанча кўп қўшилса машғулот шунчалик самарали бўлади. Гарчи улар ҳаракатларни бошқаришда у қадар етакчилик қилмасаларда, аҳён-аҳёнда ўзларининг мавжудлиги ҳақида “сездириб” турадилар. Спортнинг айрим турларида ҳам кўриш, ҳам ҳаракат компонентлари етакчи рол ўйнайди (футболда, хоккейда, спорт ўйинларида, қиличбозликда, боксда, қуролдан ўқ отишда).
7-§.Спортдаги ихтисослаштирилган идроклар тўғрисида тушунча
Спорт амалиётида ихтисослашган (маҳсус) идрокни ҳис туйғулар ҳам деб аташади. Улар жуда ҳилма-хилдир, жумладан: курашчиларда гиламни ҳис этиш, енгил атлетикадаги сакровчиларда планкани ҳис этиш, эшкак эшувчиларда қайиқни ҳис этиш, гимнастикачиларда гимнастика дастурини (снарядини) ҳис этиш, футболчилар, баскетболчилар, волейболчилар ҳамда гандболчиларда коптокни ҳис этиш, боксчиларда ва қиличбозларда оралиқ масофани ҳис этиш, югурувчиларда, чанғичиларда, сузувчиларда, велосипедчиларда эса вақтни ҳис этиш, шунингдек, сузувчиларда сувни ҳис этиш ва ҳоказоларни тилга олиш мумкин.
Ихтитисослашган идрок турлари қанчалар ҳилма—ҳил ва сифат жиҳатидан турлича бўлсада, улар учун умумий бўлган белгиларни ҳам ажратиб кўрсатиш мумкин, бундай белгилар қаторига қуйидагилар киради:
1. Белгиланган таҳлилаторлар гуруҳи томонидан фарқлаш функциясининг ихтисослашуви, ҳатто баъзан бу биргина таҳлилатор томонидан ҳам амалга оширилади.
2. Спортчи ҳаракат қилаётган муҳитнинг ўзига хос жиҳатлари туфайли юз берадиган ёки хатти-ҳаракатларда иштирок этувчи предметнинг хусусиятларига кўра хосил бўладиган шартлилик.
3. Рақиблар ёки шерикларнинг фазодаги жойлашувига кўра юзага келадиган шартлилик.
4. Лабиллик (яъни беқарорлик) ва шу туфайли доимий машқ қилиб туришнинг зарурияти.
5. Ривожланишнинг юқори даражаси спортчини юқори даражадаги тайёргарлигининг кўрсаткичидир.
Ихтисослаштирилган идрок спортда энг муҳим бошқарувчи функциялардан биридир. У аввало спорт техникасини мукаммал эгаллашга кўмаклашиб, айни пайтда спорт тайёргарлигининг бошқа турлари, яъни тактик, жисмоний, психологик тайёргарликлар билан чамбарчас боғлиқ. Масалан: югуриш жараёнида ҳамда сузиш спорт турида агар спортчида вақт туйғусини идрок этиш бўйича ихтитисослашган идрок яхши шаклланган бўлса унинг тактик вазифаларини муваффақиятли ҳал этишига шак шубҳа бўлмайди. Ихтитисослашган идрокнинг мукаммал даражада ривожлантирилиши ва уларнинг номоён бўлишидаги барқарорлик мусобақалар пайтида спортчининг хатти-ҳаракатлари ўзига ишонган ҳолда бажарилишини таъминлайди. Яхши жисмоний тайёргарликка эришилмаган ҳолларда, спортчи тез чарчаб қолади ва унинг оқибатида ихтисослаштирилган идроклар ҳам ўзининг аниқ қиёфасини йўқотади.
Do'stlaringiz bilan baham: |