2.2. Туризмнинг турлари
Туризм мазмун жиҳатдан кенг қамровли ижтимоий – тарбиявий хусусиятга эга бўлган жараён ҳисобланади. Инсонларнинг кўпроқ амалий фаолиятларини тақозо этиб, уларнинг табиат манзараларига, тарихий ёдгорликлар билан танишувга, саломатликни мустаҳкамлаш учун дам олишга бўлган эҳтиёжи ва қизиқишларини эътиборга олган ҳолда туризм кўп тармоқли соҳадир. Уларнинг энг асосий турларини қуйидагиларга ажратиш мумкин:
1. Пиёда юриш саёҳати.
2. Тоғларда юриш саёҳати.
3. Қояларни забт этиш саёҳати.
4. Чамалаб топиш (орентирование) саёҳати.
5. Тезоқар дарёларда эшак эшкиш саёҳати.
6. Уловларда (автомото, велосипед ва ҳоказо) юриш саёҳати.
Таъкидлаш лозимки, мазкур турлар мазмун жиҳатдан бир-биридан тубдан фарқ қилиб, тартиб-қоидалари, хусусиятларига қараб мустақил спорт соҳалари ҳам ҳисобланади.
Пиёда юриш саёҳатида унинг шаклларига (бир кунлик, кўп кунлик) қараб масофалар белгиланади ва улрга маълум даражада талаблар қўйилади.
Тоғ туризми (тоғларда юриш саёҳати) пиёда юриш саёҳатининг давомидир. Яъни бунда барча ҳаракатлар такрорланади. Фақат категориялик (қийинчилик даражалари: 1.2.3.4.5.6) жиҳатдан бошқа туризм турларидан фарқ қилади. Аниқроқ айтганда баландлиги 1,5-5 км. (денгиз сатҳига нисбатан) тоғларга чиқиш, довонлардан ошиш, тезоқар сувлардан кечиб ўтиш каби мураккаб ҳаракатлар бажарилади.
Қояларни забт этиш туризми (скалалазание) пиёда юриш ва тоғ туризми билан бевосита боғлиқдир. Фақат тик қоялар, қояларга тирмашиб чиқиш (арқонлар, ҳимоя воситалари ва ҳоказо) билан тубдан фарқ қилади.
Чамалаб топиш (орентирование) туризми ҳам пиёда юриш, тоғ туризми билан бевосита боғлиқдир. Яъни маълум масофани пиёда ўтиш, тўсиқлар, довонлардан ошиш ҳоллари бунда ҳам қўлланилади. Бошқа туризм турларидан фарқли ўлароқ, бунда харита, чизма, компас, қуёш, ой, юлдуз ва бошқа воситалардан фойдаланган ҳолда мақсадга етиб боришдир. Яъни номаълум ва нотаниш жойларни топиш асосий фаолияти ҳисобланади. Туризмнинг бу туридан пиёда юриш, тоғ туризми ва бошқа соҳалар бўйича ўтказилган махсус мусобақаларда (слётлар) кенг фойдаланилади.
Автомобиль, мотоцикл, велисопед каби уловларда юриб саёҳат қилиш ҳам туризмда муҳим ўринни эгаллайди. Тез оқар дарёларда қайиқ, эшкак, сол ва шунга ўхшаш мосламаларда ўтириб саёҳат қилиш ҳам амалда мавжуд. Бунинг учун катта тайёргарликлар, жисмонан махсус маҳоратларга эга бўлиш талаб этилади.
Хулоса шундан иборатки, туризм ўз моҳиятига кўра кўпгина турларга бўлинади. Уларнинг мазмуни шуғулланувчиларнинг жисмоний баркамол-лигини ошириш билан бир қаторда кишилрда ватанпарварлик ва ғурурни, ўзаро меҳнатсеварлик ҳамкорлик ва дўстлик каби инсоний фазилатларни тарбиялашга хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |