Ўзбеклар – халқ, Ўзбекистон республикаси аҳолисининг асосий қисмини ташкил этади. Ўзбеклар нафақат Ўзбекистон балки, Ўрта осиёдаги энг кўп сонли халқдир. Ўзбекистонда (20 млн. 800 минг киши, 2005), Тожикистонда (1,2 млн.дан зиёд), Қирғизистонда (550-600 минг киши), Қозоғистонда (320-330 минг киши), Туркманистонда (320-330 минг киши) яшайди. Бундан ташқари Афғонистонда (2,5 млн.дан 4 млн.гача), Россия Федерациясида (тахминан 123 минг киши 2002), Саудия Арабистонида (550-600 минг киши), ХХР.да (13,7 минг киши 1998), Туркий, Германия, АҚШ.да ҳам ўзбеклар яшайди. Ўзбекларнинг умумий сони 25 млн.дан ортиқ (2000). Ўзбеклар ўзбек тилида сўзлашадилар. Диндорлари – сунъий мусулмонлар.
4. Ўзбек халқининг урф-одатлари, анъаналари ҳақида.
Ўзбекларнинг моддий ва маънавий маданияти ўзига хос ва бойдир. Унинг энг яхши томонлари анънага айланиб, ҳозиргача сақланиб келмоқда. Ўзбекларнинг қадимги аждодлари табиий шароитдан келиб чиқиб суғорма деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик каби ўзига хос хўжалик маданий типларни яратганлар. Хўжалик – маданий типларнинг ушбу йўналишлари, ўз навбатида, теварак–атрофдаги табиий муҳит билангана эмас, балки муайян этносларнинг ижтимоий–иқтисодий ривожи даражаси билан ҳам белгиланади. Булар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
Ўзбекларнинг кўпқиррали деҳқончилик анъаналари асрлар оша тўпланган тажрибага таянади. Деҳқончилик – ўзбекларнинг қадимги машғулотларидан биридир. Минг йиллар давомида деҳқончилик хўжалигини юритиш борасида кўплаб тажриба ва усуллар ҳамда фонологик (ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсидаги мавсумий ўзгаришлар) кузатишлар тўпланган. Деҳқончилик борасидаги тажрибалари узлуксиз ҳолда аждодлардан авлодларга ўтиб борди.
Ёғингарчиликнинг кам бўлиши, иссиқ ҳаво иқлими Ўзбекистон ҳудудида мураккаб суғориш тизими воситасида маҳсулдор деҳқончиликнинг кенг тарқалишига олиб келди. Илмий тадқиқотлардан кўринадики, суғорма деҳқончилик мил.ав. III асрда Хоразм, Зарафшон воҳалари ҳамда Фарғона водийсида магистрал каналлар қуриш, ҳар хил сув боғлаш, тақсимлаш ва сув чиқариш иншоатларини барпо қилиш орқали ривожланган. Ўзбек деҳқонлари арпа, буғдой, тариқ, нўхат, ясмиқ, сабзи, пахта, бодом, ўрик, зиғирпоя, буғдой каби зироатчилик маҳсулотларини қадимданоқ етиштирганлар.
Суғорма деҳқончилик хўжаликлари асосан кадимги Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Тошкент воҳаларида, Қашқадарё ва Сурхандарё ҳавзаларида, Фарғона водийсида жойлашган. Тошкент воҳаси, Фарғона ва Зарафшон водийси, Қашқадарё ва Сурхандарё тоғ этаги минтақасида асосан баҳорги экинлар етиштирилган. Маҳаллий деҳқонлар маданий- этник анъаналар асосида далачилик, полизчилик ва боғдорчилик соҳаларида турли усул ва йўлларни ишлаб чиққанлар.
Кўп асрлар давомида турли чорвадор этник гуруҳларнинг ўтроқлашуви натижасида улар маҳаллий аҳолидан деҳқончилик тажрибаларини ўзлаштирдилар ва ўзларининг этник ва маданий хўжалик хусусиятлари билан ўзига хос тарзда деҳқончилик билан шуғулланганлар. Шу аснода деҳқончиликнинг икки турини ажратиб кўрсатиш мумкин: сунъий суғоришга асосланган интенсив деҳқончилик хўжалиги; асосан, чорвачилик билан қўшиб олиб борилувчи экстенсив лалмикор деҳқончилик хўжалиги. Ўзбеклар хўжалик фаолиятининг асосий ва қадимги турларидан бири чорвачиликдир. Бошқа минтақалар аҳолисининг чорвачилиги билан кўпгина ўхшаш жиҳатлари бўлсада, ўзбек этник гуруҳларининг ҳар бирида уй ҳайвонларини боқишда ўзига хос усул ва жиҳатлари бўлган. Шу билан биргаликда, ҳатто бир элат истиқомат қиладиган ҳудудда ҳам чорвачилик хўжалигини юритишдаги табиий географик шароитлардан келиб чиқиб ҳамда қўшни халқларнинг таъсири ёки ижтимоий сабаблар натижасида хилма–хил усуллардан фойдаланганлар.
Одатда ўтроқ аҳолида чорва боқиш қўра ёки қўра яйлов тизими, ярим ўтроқ аҳолида ҳайдов–яйлов тизими, кўчманчи аҳолида ҳайдов тизими устун турган. Ўзбеклар учун ХХ аср бошларига қадар чорвачиликнинг қўра – яйлов тизими устувор бўлган. Қўй, эчки ва бошқа чорва моллари чорвачилик хўжалигининг асосини ташкил қилган. Ўзбек чорвачилигида қўйларнинг “ҳисори”, “қоракўл” наслларини боқишга айниқса кўп эътибор қаратилган. Қўйчилик асосан сотишга мўлжалланган. Қўй жуни ҳам бозорга чиқарилган. Жайдари қорамоллардан хўкиз алоҳида гўшт учун ва иш кучи сифатида парвариш қилинган.
Ўзбекларда қадимги даврлардан йилқичилик жуда ривожланган. Маҳаллий аҳоли айниқса лақай, қорабайир каби зотли отларни парвариш қилганлар. Дашт зонасида яшовчи ўзбеклар туячилик билан ҳам шуғулланишган.
Do'stlaringiz bilan baham: |