III.2. Мустақиллик ва ўзбек халқи этнографияси
Ўзбекистон мустақилликка эришиши билан Республикамизда этнография фани янги сифат босқичига ўтди.
Ўзбекистон этнография фанининг илмий тадқиқот услублари, назарий асослари, ривожланиш устуворликлари ва истиқболларини аниқловчи тадқиқотлар вужудга келди. Мустақиллик йилларида ўзбек халқи анъанавий маданиятини ўрганишда «европацентризм» нуқтаи назаридан ёндошишга, қатор ижтимоий интилиш ва ҳодисаларга «ўтмиш сарқити» деб қарашга чек қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон ФА Тарих институти фаолиятини такомиллаштириш» ҳақидаги қарори (1998 йил 27 июль) тарих фани ва унинг бир қисми бўлган этнографиянинг вазифаларини мазмун-моҳият жиҳатдан тубдан ўзгартирди. Ўзбек халқининг этногенези, этник тарих муаммоларини, ўзбек этномаданий жараёнларини янгича мушоҳада қилиш, холисона ёритиш имкони пайдо бўлиб, ушбу мавзу этнографик тадқиқотларнинг етакчи йўналишларидан бирига айланди. Бу йўналишни тадқиқ этишда академик К.Шониёзовнинг асарлари («Қарлуқ давлати ва қарлуқлар», 1999 йил, «Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни», 2001 йил) муҳим ҳисса бўлиб қўшилади. 1990 йилларда К.Шониёзовнинг илмий раҳбарлиги остида тарихий этнография муаммоларини (А.Аширов, У.Абдуллаев), Ўзбекистон аҳолисининг маиший турмуш анъаналарини (С.Соатова, М.Ўроқов, В.Ҳақлиев, С.Шарипов) тадқиқ қилувчи олимлар гуруҳи шаклланди. Этнография Фарғона (С.Абдуллаев, С.Губаева), Бухоро (А.Жумаев, М.Қурбонова), Сурхандарё, Қашқадарё вилоятлари (С.Турсунов, А.Қаюмов, О.Бўриев, К.Насриддинов) ҳамда Қорақалпоғистон Республика-сининг (Т.Есбергенова, Р.Комолов, Н.Тлеубергенов) минтақавий ўзига хосликларининг турли жиҳатларини ёритувчи тарихий – этнографик ва этнографик – социологик махсус тадқиқотлари вужудга келди.
З.Орифхонова, Г.Зуннунова, М.Қамаритдинова каби олимларнинг маҳалланинг ўтмиши ва бугунини, ҳозирда ўз-ўзини бошқариш органи сифатида аҳамиятини ўрганишга бағишланган этнографик экспедициялари, этносоциологик тадқиқотлари натижалари асосида махсус асарлар нашр этилди. Олий ўқув юртлари учун этнография фанидан махсус дарслик (И.Жабборов «Ўзбек халқи этнографияси», Т., 1994), ўқитиш услуби қўлланмалари (О.Бўриев, Б.Исҳоқов), этнология атамалари луғати (О.Бўриев) чоп этилди.
Ўзбекистонда этнография фанининг шаклланиши, ривожи динамикаси, тарихшунослиги муаммолари махсус тадқиқот мавзуси бўлди (А.Дониёров ва Д.Ҳошимова). Бугунги кунда мамлакатимиз илмий муассасаларида этнография фанининг долзарб муаммолари тадқиқ қилинмоқда. 2000-2001 йилларда Термиз ва Қаршида этнографик тадқиқотлар маркази ташкил этилди. Ўзбекистон ФА Тарих институти этнология бўлими бу тадқиқотлар йўналишини белгилаш ва мувофиқлаштириш вазифасини бажариб келмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |