Бизнинг рота олов сели ичида қолиб,
Бу ерда ёв ҳужумини қайтарар эди. (Э.Воҳидов)
Аслида бирикма бизнинг ротамиз тарзида бўлиши керак эди. Бу ўринда эгалик аффиксини тушириб қолдириш орқали нутқ субъектининг ўз ротасидан фахрланиш ҳис-туйғуси ифода этилган.
Айрим ҳолларда эгалик аффиксининг тушириб қолдирилиши нутқ субъектининг салбий баҳо муносабатини ифода этишга хизмат қилади. Қуйидаги мисолларга диққат қиламиз:
Кўзим хира, дармонсизман, ташландиқ зотман,
Хотин бошқа эрга теккан, ўғил уйланган. (Э.Воҳидов)
Мазкур шеърий парчада шеър қаҳрамони ўз хотини ва ўғли ҳақида сўзламоқда. Асарда хотин, ўғил сўзларининг хотиним, ўғлим тарзида қўлланиши одатий ҳол ҳисобланади. Бироқ шоир нутқ субъектининг баҳо муносабатини (хотини ва ўғлига нафрати, уларнинг қилмишидан норозилиги) акс эттириш мақсадида хотиним, ўғлим сўзларидан эгалик аффиксини тушириб қолдирган. Бу ҳолат бадиий матннинг таъсир кучини янада оширган.
7)эгалик қўшимчалари қўша қўлланади.
Бу қийноқлар ичра бироқ,
Бириси энг зиёда. (Э.Воҳидов)
Бу мисрадаги бириси сўзида учинчи шахс бирликдаги эгалик аффикслари -и, -си кетма- кет қўлланган. Натижада қийноқлар ичидаги бир қийноқ алоҳида таъкидлаган, унга тингловчининг диққати тортилган. Шоир кетма-кет келган ҳар бир сўзга эгалик қўшимчасини қўшиш орқали ҳам таъкидни кучайтириб, услубий маънони ҳосил қилган:
Менинг ҳам қолмасди дилда армоним
Ўлкам, онажоним, юрагим, жоним - Ўзбекистоним.
(Э.Воҳидов)
Келишик қўшимчаларининг услубий хусусиятлари
Келишик қўшимчалари ўзаро алмашиб қўлланиши мумкин:
1) –ни ва –дан қўшимчалари алмашиб қўлланиши мумкин: Қани, ошдан(ни) олинг, меҳмон.
2) –ни ва –га қўшимчалари алмашиб қўлланиши мумкин: Гапингизга (гапингизни) тушунмадим.
3)–ни ва –да қўшимчалари алмашиб қўлланиши мумкин: Далани (да) айландим.
4)–нинг ва –дан қўшимчалари алмашиб қўлланиши мумкин: келганларнинг бири – келганлардан бири.
5) келишик қўшимчалари ва кўмакчилар алмашиб қўлланади:
а) –га қўшимчаси ўрнида учун кўмакчиси қўлланади: Укамга олдим – Укам учун олдим.
б) –да қўшимчаси ўрнида билан кўмакчиси қўлланади: Хатни қаламда ёзди – Хатни қалам билан ёзди.
в) –дан қўшимчаси ўрнида орқали кўмакчиси қўлланади: Хабарни радиодан эшитдик – Хабарни радио орқали эшитдик.
г) –ни қўшимчаси ўрнида ҳақида кўмакчиси қўлланади: Акаси келганини гапирди – Акаси келгани ҳақида гапирди.
Do'stlaringiz bilan baham: |