Сифат ва сон сўз туркумларининг услубий хусусиятлари
Режа:
1. Белги билдирувчи сўзларнинг услубий хусусиятлари
2. Миқдор билдирувчи сўзларнинг услубий хусусиятлари
3. Эпитетларнинг услубий вазифалари
4. Бир сўзининг услубий хусусиятлари
Таянч сўз ва иборалар: поэтик восита, сифатлаш, эпитет
Дарснинг мақсади: талабаларга сифат ва сон сўз туркумининг услубий вазифаси ҳақида маълумот бериш.
Сифат туркумига хос услубий хусусиятлар
Сифат сўзларининг ўзаро синонимияси, уларнинг турли нутқ услубларида фарқланиши, сифат даражаларини ҳосил қилувчи шаклларнинг маъносидаги фарқлар, шунингдек, бадиий адабиётдаги эпитетларнинг сифатлардан ифодаланиши бу туркум сўзларнинг бой услубий имкониятларини кўрсатади. Сифатнинг асосий морфологик белгиси унинг даража кўрсаткичига эга бўлишидир. Аммо ҳамма сифатлар ҳам бундай хусусиятга эга эмас. Оилавий, ғоявий, деворий, сиртқи, ички, кузги каби нисбий сифатларга даража шаклларини қўшиб ишлатиш услубий хатога олиб келади. Ўзбек тилида белгининг ортиқлиги маъноси фонетик, лексик, лексик-семантик усуллар билан ифодаланади: сап-сариқ– жуда сариқ; қоп-қора– ўта қора—кўмирдек қора. Бу ҳолат, яъни бирор маънони турли шакллар орқали ифодалаш синонимликни юзага келтиради: юзи қизил бола – юзи анордек қизил бола каби.
Сифатларда яна қуйидаги ҳолатлар кузатилади:
1.Сифатлардаги қиёсий даражани ясовчи –роқ қўшимчаси ўрнида –мтир, – имтир, – иш қўшимчалари қўлланиши мумкин: кўкроқ – кўкиш, қорароқ – қорамтир.
2.-гина (-кина, -қина) аффикслари сифат ўзакларига қўшилганда ёқимтойлик, кичиклик маъноларини ифодалаш билан бирга салбий белги муносабатларини ҳам ифодалаб келиши мумкин: У қиз хунуккина-ку; Хайр, ўғригина болам, келиб тур. (Ғ.Ғулом)
3. Сифат ясовчи қўшимчалар орасида синонимлик ҳодисаси кўплаб учрайди: айбдор – айбли, серғайрат – ғайратли, чопқир – чопағон, беғубор – ғуборсиз, бамаъни – маънили. Барча ҳолатларда ҳам юқоридагича маънодошлик юзага келавермайди. Масалан, нодавлат ташкилотлари дейиш ўрнига бедавлат ташкилотлари дейилса, услубий ғализлик юзага келади.
4. Бу қўшимчалар орасида антонимлик ҳодисаси ҳам учрайди: сувли – сувсиз; ўринли-ноўрин.
Сон туркумига хос услубий хусусиятлар
Сон от билан бирга қўлланади. Алоҳида қўлланганда эса мавҳум тушунчани билдиради: бир, икки, уч, ўн. Сонлар ҳеч қачон белги ифодаловчи сўзни ўзига тобе қилиб келмайди, яъни аниқликни олмайди: яхши учта китоб эмас, учта яхши китоб. Оғзаки нутқда бунга эътибор қилмаслик натижасида услубий хатога йўл қўйилади. Миқдор сон сўзлар билан ишлатила олади. Сонлар таркибида келадиган –та, -тача, -лаб, -тадан, -ов, -ала каби аффикслар предмет миқдорини турли усуллар билан ифодалайди. Сон шаклларини ҳосил қилувчи бундай аффиксларнинг айримлари (минглаб, мингларча) ўзаро ёки ҳисоб сўзлари билан синонимлик ташкил этади: иккита китоб – икки дона китоб каби. Миқдор билдирувчи сўзлар орасида бир сўзи турли хил семантик-услубий маъноларни англатади. Масалан, кучайтириш, ноаниқликни, тенгликни, белгининг ортиқлигини ва ҳ.к.
Миқдор билдирувчи сўзлар орасида бир сўзи турли хил семантик-услубий маъноларни англатади. Булар қуйидагилардир:
Предметнинг миқдорини билдиради: Бир туп ғўза, бир дона буғдой;
Ноаниқликни билдиради: Бир одам келди, таниш эмас;
Урғу олиб, маълум оҳанг билан айтилганда, кучайтирувчи сўз вазифасида келади: Бир қўрқдим;
Предметларнинг бир турда ёки жинсдош эканлигини ифодалаб, бир хил маъносини билдиради: Тилинг билан кўнглингни бир тут.
Фонетик жиҳатдан ўзгарган ҳам юкламаси билан қўлланганда, белгининг ортиқлигини кўрсатади: Ўқитувчимиз бирам яхши дарс ўтди;
Сўзлашув нутқида юз, минг, миллион каби миқдор сонлардан олдин баъзан бир сўзи туширилиб ишлатилади: Юз беш, минг икки юз;
Бир сўзи жуфтлашиб келганда алоҳида, бошқаси, иккинчиси каби маъноларни англатади: Бир-бир қараб қўйди, бир-бирига шогирд, бир-биридан ўрнак олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |