Янги сўзларнинг услубий хусусиятлари
Янгилик бўёғига эга бўлган, янги нарса-ҳодиса ва тушунчаларни ифодалаш учун ҳосил қилинган лексемалар неологизмлар дейилади. «Неологизм тилга умуман мансуб бўлиши ёки якка шахс нутқига хос бўлиши мумкин. Биринчиси умумтил неологизми деб, иккинчиси индивидуал нутқ неологизми деб юритилади.»29
Адабий тил доимо янги сўзлар - неологизмлар билан бойиб боради. Неологизмлар ишлаб чиқариш ва ижтимоий муносабатда бўладиган ўзгаришлар, фан-техника янгиликлари, санъат, адабиёт ва публицистикадаги янгича тушунчалар - умуман, жамиятнинг, ҳаётнинг талаб-эҳтиёжи билан пайдо бўлган сўзлардир.
Мисол: новатор, чанглагич, пуркагич, изчил, зиёкор, пўлат қуювчи, ер йўлдоши, космодром.
Янги сўз тезда умумтил меъёрига айланиши ёки кўп вақт қўлланмасдан истеъмолдан чиқиб эскириши мумкин. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши муносабати билан эскириб қолган, истеъмолдан чиққан ширкат, чипта, муҳандис, ҳоким, вазир каби атамалар қайтадан янги сўзлар қаторига қўшилмоқда. Бадиий асарда асосан индивидуал нутқ неологизмлари бадиий-эстетик қиммат касб этади. Маҳоратли ёзувчилар воқеликни ўзига хос, бетакрор ва янгича ифодалашга ҳаракат қиладилар. Шунинг учун ҳали кўникилмаган ёки умуман қўлланилмаган, янгисўзлардан фойдаланадилар. Масалан: 1.Баҳорлашиб бир бориб келаман, деб юриб эдим. (Чўлпон) 2.Бажаражак юмушларимни бот–бот баёнлайди. 3.Директоримиз кабинадан ташқарилайди. (Т.Мурод)
Янги сўзлар замон илдамлаши билан вужудга келаверади. Шу боис улар устидаги изланишлар тугамайди.
Чет ва ҳақорат сўзлари
Бадиий адабиётда муайян тасвир мақсади билан ўзга тилга оид сўз ва иборалар қўлланиши кузатилади. Тилнинг луғат таркибига киритилмаган, фақатгина оғзаки нутқда мавжуд бўлган бундай чет сўзлардан бадиий нутқда воқеалар бўлиб ўтаётган ўринга ишора қилиш, нутқий вазият ва унда иштирок этаётганларнинг миллий мансублиги, қаҳрамонлар характери ҳақида маълумот бериш мақсадида фойдаланилади. Бундай бирликлар варваризмлар деб юритилади.
Тилшуносликда вульгаризмлар деб аталувчи ҳақорат сўзларида ўта салбий муносабат, камситиш, менсимаслик, ҳақорат каби бир қатор ифода семалари жуда очиқ кўриниб турган бўлади. Бундай сўзлар кўпроқ номинатив маъноларига кўра эмас, айни шу коннотатив маъноларига кўра нутқда яшайди. Ҳақорат сўзлари бадиий асарларда, асосан, қаҳрамонлар нутқида ишлатилади. Лисоний таҳлил жараёнида бадиий асарга олиб кирилган вульгаризмларни кимнинг (жинси, ижтимоий табақаси, мавқеи, ёши кабилар) нутқида ишлатилаётганлигига қараб гуруҳлаш, қандай вазиятларда ва нима сабабдан қўлланилаётганлигини ҳамда уларнинг лексик-семантик таркиби, шевага хосланганлиги кабиларни аниқлаш лозим бўлади.
Мисоллар: – Ҳей! Баққа туш, энағар!, Момо қо-олди... Юрагинг совудими, ҳароми? Энди яйлов кенг бўлди сенга! Боғда жавлон урасан, силкасал! (Ш.Холмирзаев) - Аҳмоқ! – деди кампир. – Қаёқларда санғиб юргандинг?(С.Аҳмад) – Нима, нима? Менга тил тегизди? Нималар дейди хотинталоқ? (Чўлпон). Ғанимат ғарники, дейдилар, -деди Ботир фирқа. (Т.Мурод)
Do'stlaringiz bilan baham: |