Грамматик диалектизмларнинг ҳам морфологик ва синтактик деб аталувчи ички гуруҳлари мавжудлигини қайд этиш мумкин. Масалан: Қурвонбиби бу ҳақиқатни ўзи ўз кўнглида неча марта такрорлаган бўлсайкин. Биламиз, тақсир, янги уйланган одамди гапга тутиб бўлмайди.
Бирор диалектизмнинг адабий тилга кўчишини бошқа бир ҳодисадан - диалектизмнинг бадиий асарда ишлатилишидан фарқлаш керак. Бадиий асарда ишлатилган ҳар бир лексема адабий тилга қабул қилинган деб қаралмайди. Бироқ, диалектизмлар бадиий адабиётда тасвирий восита сифатида атайлаб қўлланилади.
Жумладан: С.Айнийнинг “Судхўрнинг ўлими” асаридаги каллапўш (дўппи), хишова (чопиқ), ёвон(дала), кунжак(бурчак), рафча(токча) кабилар персонаж нутқини индивидуаллаштириш учун шаппуш, гулқанд каби сўзлар эса маҳаллий шева яратиш учун хизмат қилган. Шу каби асарда шева сўзларидан фойдаланиш асарга ўша муҳит вазиятини тўлақонли очиб бериш имкониятини беради.
Эскирган сўзларнинг услубий хусусиятлари
Жамият ўсиб-ўзгариб борар экан, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ҳаётдаги баъзи тушунчалар тамомила эскириб, амалиётдан чиқиб кетади. Бадиий асарда муайян давр воқеалари тасвирланар экан, ана шу даврга оид бўлган эски тушунчаларга мурожаат қилмасликнинг асло иложи йўқ. Тилшуносликда бундай тушунчаларни ифодалайдиган сўзлар «архаизмлар» ва «тарихий сўзлар» деган номлар остида умумлаштирилади. Тилнинг ҳозирги даври учун эскилик бўёғига эга бўлган тил бирлиги архаизм деб юритилади. «Архаизм ўзи номлаётган воқеликни англатувчи лексик бирлик билан ёнма-ён яшайди.»27 Архаизмлар бадиий матнда тасвирланаётган давр воқелигини реал тасвирлаш, асарнинг тарихийлик руҳини таъминлаш мақсадида қўлланилади. Ўрду-қўшин, ҳандаса-геометрия, тилмоч-таржимон, мирза-котиб, садр-раис, лак-юз минг каби сўзлар ишлатилганда давр руҳи таъкидланган бўлади. Айрим архаик сўзлар замонавий маънодошига қараганда маънони кучлироқ ифодалаш хусусиятига эга бўлади. Масалан, йўқсил – камбағал архаик сўзларига эътибор берадиган бўлсак, «ҳеч нарсага эга эмаслик» маъноси йўқсил лексемасида камбағал лексемасига қараганда анча ортиқ, чунки мазкур сўзлар таркиби тарихий-этимологик таҳлил этилганида англанадиган йўқ - кам сўзлари қиёсланса, биринчисида айни белгининг «ноль» даражада эканлиги сезилади. Архаик сўзлар шеъриятда нутққа кўтаринки руҳ бағишлаш мақсадида ишлатилади:
Сиз кўкнинг қопқасин қоққан соатда
Қуёш кўз уқалаб уйғонар эди.(Ғ.Ғулом)
Улуғ шаҳарларнинг бўйсирасида
Абадий ўринни топа олган Шош. (А.Орипов)
Ҳозирги кунда учрамайдиган, фақат тарихий нарса ёки воқеа-ҳодисаларнинг номини билдирувчи сўзлар тарихий сўзлар дейилади. Тарихий сўзларнинг архаизмдан фарқи шундаки, бугунги кунда ўша тарихий воқеликнинг ўзи ҳам уни англатувчи бошқа лексик бирлик ҳам бўлмайди. Демак,тарихий сўзлар ўзи ифодалаётган ҳодисанинг ягона номидир. Масалан: амин, пристав, мингбоши, нойиб, элликбоши, понсад кабилар. Тарихий сўзлар бадиий матнда ўтмиш воқелигини реал тасвирлаш мақсадида ишлатилади.
Бадиий матндаги эскирган сўзларни таҳлил қилишда асар ёзилган даврни эътибордан четда қолдирмаслик лозим. Чунки, «сўзлар ёзувчи яшаган, ижод этган даврдаёқ эскирган бўлиши мумкин бўлганидек, асар ёзилган даврда фаол истеъмолда бўлиб, кейинчалик истеъмолдан тушган»28 бўлиши мумкин.
Лексика муттасил ўсиш ва ривожланишда бўлиб, унда доим янги сўзлар пайдо бўлади, тилдаги мавжуд сўзларнинг баъзилари аста-секин эскириб боради.
Эскирган сўзлардан тарихий воқеа ва ҳодисаларни ҳаққоний тасвирлаш, бадиий асарга тарихий руҳ бериш, тингловчини ўтмиш давр тасаввурлари билан таништириш эҳтиёжи туфайли фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |