Сўзлашув услубининг синтактик хусусияти:
Тўлиқсиз гаплар (Борасанми? Нега?); сўз-гаплар (албатта, хўп, майли); гап бўлаклари тартибининг ўзгариши (келдим бугун эрталаб ўқишга); эллиптик характерга эга гаплар. Сўзлашув жараёнидаги вазиятга кўра баёнотнинг маълум қисми нутқда тушиб қолиши мумкин. Бундай ҳолатда ҳам тингловчиларга фикр тушунарли бўлади (Қорами? Кўкми?); экспрессивликдан фойдаланиш (улгурмаймиз дейишдан кўра улгуриб бўпмиз, улгурмоқ қаёқда, улгуриб ҳам бўлдик).
1-топшириқ.Ушбу берилган матннинг қайси нутқий фаолиятга қарашлилигини топинг.
....сочларим менинг қоп-қорадур. Шундай қорадурки, қоронғу кечаларнинг қора достонлари менинг сочимдан ўрилган, шу қора сочларим меники бўлиш билан қора кунга қолган. Буларнинг ток новдаларидек ранго-ранг ёпинчлари йўқдир.
2-топшириқ. Гапларни ўқинг, оғзаки сўзлашув услубига хос ўринларни изоҳланг.
Отаси ёки у тенги бошқа кишига “пахан”, “бобой”, оналарига “бабуля”, “бабушка”, “кампиршо”, ака-укаларига нисбатан “брат”, “братишка”, “братан” деб мурожаат қилаётган ноқобил фарзандларнинг бундай нохуш сўзлари қулоққа оғир эшитилади.
Айрим ҳолларда эса исмларнинг русча-ҳиндча шаклларда ўринсиз қисқартириб айтилиши ҳам ёқимсиз туюлади. Хайришка, Маша, Боря, Гуля каби.
Кўча-кўйда, автобусларда, ўқув даргоҳларида “ ҳей”, “вей”, “ҳов” деб ёки ҳуштак чалиб чақирадиган, ёр-дўстларига Бахти, Мамаш, Алиш дея мурожаат қиладиган ёшлар ҳам учраб туради.
Буларнинг ҳаммаси ўта маданиятсизлик, одоб меъёрини билмаслик саналади.
(А.Мирзабобоев)
3-топшириқ. Қаҳрамоннинг тили қайси шевага яқинлигини аниқланг, шевага хос тил хусусиятларини таърифланг.
БИРОВНИНГ ПЎСТИНИ
Бир одам театрга тушди. Томошанинг ярмига борганда зерикди. Бир тарафдан зал совуқ, унинг устига саҳнада ўйналаётган воқеа ҳам бачкана эди. Кетгиси келди. Пастга тушди. Кийимхонага бориб, пўстинини сўради. Кийим берувчи унга ялтоқланиб боқди.
- Ие, кетопсизми, акамулло? Шундайчин яхши ўйинни ташлаб-а?
- Яхши бўлса артистлар ўзи кўраверсин, - деди томошабиннинг энсаси қотиб, - пўстинни олинг.
- Боз сабр қилинг, акамулло! Ҳалиги ошиқ бача қўшиғини айтиб қайлиғини чақириб олсин-да, ахир. Мен сизга бир пиёла чой берай, ичиб туринг.
- Э, қизиқ одам экансиз-ку, амаки! Ошиқ йигитингиз билан нима ишим бор? Пўстинни беринг, кетаман.
- Берамиз, акамулло, берамиз, шу дамгача бировнинг жомасини кийиб қочган мардум эмасмиз. Як нафас сабр кунед, акамулло...
- Пўстин! - деб бақирди томошабин.
Кийим берувчи номига илгакдаги кийимларни нари-бери суриб кўра бошлади.
- Ҳали замон кўрувдим сабил қолгурни. Қайси гўрга кетди, ман ҳайрон...
Шу пайт тепадан ҳовлиқиб бир йигит тушиб келди.
- Пўстинингиз бу ёқда, - деди у ва ечиб эгасига тутқазди. Томошабин бир пўстинига, бир актёр йигитга қараб ажабланди.
- Тушунмадим. Нега менинг пўстинимни кийиб юрибсиз?
-Айбга қўшмайсиз, ака, бозор иқтисоди. Гоҳо томошабинларнинг кийим-бошидан фойдаланиб турмасак, театрда тузукроқ кийимнинг ўзи қолмади... (С.Сиёев)
Do'stlaringiz bilan baham: |