Нутқ услублари деганда, тил услубларининг алоқа жараёнида қўлланилиши тушунилади. Бошқача айтганда, нутқ услублари тил услубларининг ҳаракатдаги шаклидир. Тил бойликларини танлаб ишлатишга қараб нутқ кўринишлари бир неча турга ажратилади. Ана шу хилма-хиллик нутқ услублари деб аталади. Нутқ услублари алоқанинг мақсадга мувофиқ амалга ошиши натижасида сўзловчининг тил бойликларидан танлаб фойдаланиши туфайли шаклланган нутқ кўринишидир.
Ҳозирги вақтда тилшуносликда тил услублари таснифида вазифавий услублар тан олинади. Ҳар бир алоҳида олинган услуб ўзининг услубий буёғи билан бошқа услублар учун хос бўлган тил бирликларидан фарқ қиладиган, у ёки бу даражада улар билан услубий рақобат ҳосил қиладиган маълум бир тизимга эга бўлади. Тил услублари қуйидаги турларга ажратилади:
1. Сўзлашув нутқи услуби.
2. Илмий услуб.
3. Расмий услуб.
4. Публицистик (оммабоп)услуб.
5. Бадиий нутқ услуби.
Сўзлашув услуби оғзаки ва ёзма кўринишларга эга. Оғзаки адабий меъёрнинг ривожланишига халқ қизиқчилари, эртакчи, латифачи, достончилари, халқ бахши - шоирлари катта ҳисса қўшадилар.
Биринчидан, оғзаки нутқ, аввало, тезкорлик билан амалга ошади. Тушунчалар “яшин тезлигида” тилга кела бошлайди. Баъзан муайян тушунчани ифодаловчи сўзни сўзловчи топа олмай қолади. Унга яқин ёки айтмоқчи бўлган тушунчадан йироқ сўзларни ишлатиб юборади. Бундан тингловчи ҳам, сўзловчи ҳам зарар кўради.
Иккинчидан, оғзаки нутқда сўз бирикмалари ва гап моделлари мўлжалланган фикрга монанд ҳолда тезкорлик билан танланади. Бироқ хотира озгина панд берса, гап тузилиши, сўз бирикмалари ўзаро мантиқан ва грамматик боғланмай қолади. Масалан: “Устоз, сиздан, сизни... бизга берган билимингиз, тарбиянгиз, хизматларингиздан миннатдормиз”. Ушбу мисолда тушум келишигида келган сўз кейинги қисмлар билан ҳам грамматик, ҳам мантиқан боғланмай қолган.
Учинчидан, оғзаки нутқ таҳрирсиз узатилади. У қандай шаклда юзага келган бўлса, шундайлигича тингловчига тақдим қилинади.
Тўртинчидан, оғзаки нуткда, одатда, мулоқот учун энг зарур нарсаларгина қайд қилинади. Бу бир томондан вақтни, иккинчи томондан, нутқни тежайди.
Бешинчидан, оғзаки нутқ сўз бойлиги жиҳатидан ёзма нутққа нисбатан анча камбағал бўлади, унда кўпроқ бир хил сўзлар такрорланади.
Олтинчидан, оғзаки нутқда сўзловчи ўз фикрини тингловчига етказиб бериш учун турли нутқий оҳанг, урғу ва имо-ишоралардан фойдаланади, бу эса, ўз навбатида, фикрнинг тингловчига етиб боришида ўзига хос аҳамият касб этади.
Еттинчидан, оғзаки нутқда, шунингдек, шева сўзлари, варваризм, вульгаризм, жаргонлардан кенг фойдаланилади.
Ёзма нутқ оғзаки нутқдан фикрни қайд этаётганда муаллиф вақт жиҳатидан бемалол фикрлаш имкониятига эга эканлиги билан фарқланади. У ўз нутқи қисмларини ёки бутун нутқни қайта-қайта таҳрир қилиши, фикр учун энг мос имкониятларни танлаши, гап тузилишини қулайлаштириши мумкин.
Кишиларнинг нутқий фаолияти, ўз навбатида, монолог, диалог, полилог кўринишида амалга ошади.
Do'stlaringiz bilan baham: |