2) Ота-онага яхшилик қилиш жаннат эшикларидан энг кенг очиб қўйилганидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ота-она жаннатнинг ўрта (яъни, энг яхши) дарвозасидир. Бас, истасанг уни зоеъ қил, истасанг муҳофаза қил”. Имом Насоий ривоят қиладилар: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули! Албатта, мен ғазотни ният қилдим ва сизнинг ҳузурингизга маслаҳатлашиш учун келдим”, деди. У зот алайҳиссалом: “Онанг борми?”, дедилар. Ҳалиги киши: “Ҳа, бор”, деб жавоб берди. Набий алайҳиссалом: “Албатта, савоб унинг юзидадир (яъни, онангнинг хизматида бўлмоғингдадир)”, дедилар”. Ушбу ҳадисдан ҳам маълумки, ота онага нисбатан тавозеъли бўлсак, жаннатга яқинроқ бўлар эканмиз. Аксинча, уларга такаббурлик билан муносабатда бўлиб, юзларига тик боқиб ўшқирсак сари жаннатдан узоқлашаверамиз.
3) Ота-онага яхшилик қилган инсоннинг дуолари ижобат бўлади.
Бунинг исботи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тобеийнлардан бири, Яман ўлкасидан бўлган Увайс ал-Қароний ҳақида айтган ушбу ҳадисларидир: “Албатта, тобеийнлардан энг яхшиси Увайс ибн Омир деб аталадиган кишидир. Унинг бир онаси бор бўлиб, у унга яхшилик қилади. Агар Аллоҳ номи билан қасам ичса, қасамини бажаради. Бас, сизлардан ким унга йўлиқса, ундан ўзининг ҳақига истиғфор айтишишини сўрасин” .
Кейинчалик Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига яманликлар жамоаси келишди. Умар розияллоҳу анҳу улардан:
— Ичингизда Увайс ибн Омир борми? – деб сўрадилар. Уларнинг ичида турган Увайс:
— Ҳа, бор, – деб жавоб берди. Ҳазрати Умар яна:
— Муроддан (жой номи), сўнгра Қаранданми? – деб сўрадилар. Увайс:
— Ҳа, шундай, – дея жавоб берди. Ҳазрати Умар бу сафар:
— Сенда илгари песлик бўлиб, сен ундан тузалган, фақат дирҳамнинг ўрнидек жой қолганми? – деб сўрадилар. Увайс ҳам:
— Ҳа, шундай, – деб жавоб берди. Ҳазрати Умар эса унга энди:
— Сенинг бир онанг борми? – деб савол бердилар. Увайс:
— Ҳа, бор, – деб жавоб берди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу:
— Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизларнинг ҳузурингизга Яман Муродидан, сўнгра Қарани аҳлидан бўлган Увайс ибн Омир келади. Унинг илгари пес касали бўлган бўлиб, кейин у ундан тузалгандир. Фақат дирҳамнинг ўрничалик жойи қолган. Унинг бир онаси бор бўлиб, у унга яхшилик қилади. Агар Аллоҳ номи билан қасам ичса, Аллоҳ унинг қасамини рўёбга чиқаради. Сен унга ўзинг учун истиғфор айттиришга қодир бўлсанг, шундай қилгин”, деганларини эшитганман, дедилар.
Кейин Ҳазрати Умар: “Мен учун истиғфор айтгин”, деб сўрагандилар, Увайс истиғфор айтди.
Бу воқеадан ҳам кўриниб турибдики, ота-онага яхшилик қилиш дуонинг қабул қилиниши ва ижобат бўлишига сабаб экан.
Do'stlaringiz bilan baham: |