4) Ота-онага яхшилик қилиш умрнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади.
“Канз ул-уммол” китобида шундай дейилган: “Ким ота-онасига яхшилик қиладиган бўлса, унга жаннат бўлади. Аллоҳ унинг умрини зиёда қилади”.
5) Ота-онага яхшилик қилиш ризқнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимни умри узун бўлиб, ризқи зиёда қилиниши хурсанд қиладиган бўлса, бас ота-онасига яхшилик қилсин ва силаи раҳм қилсин!”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
6) Ким ўз ота-онасига яхшилик қилса фарзандлари ҳам унга яхшилик қиладилар. Бу ҳақда “Канз ул-уммол” китобида шундай дейилган: “Аёлларга нисбатан иффатли бўлинг, ўз аёлларингиз ҳам иффатли бўлади. Оталарингизга яхшилик қилинг, фарзандларингиз сизга яхшилик қилишади”.
7) Ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ таоло тавбаларингизни қабул қилишига сабабдир. Имом Термизийнинг “Жомеъ” китобларида шундай ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули! Албатта, мен катта бир гуноҳ содир этдим. Тавба қилсам бўладими?”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг борми?”, дедилар. Ҳалиги киши: “Йўқ”, деб жавоб берди. Набий алайҳиссалом: “Холанг-чи?”, дедилар. Ҳалиги киши: “Ҳа, бор”, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бас, унга яхшилик қилгин!”, дедилар”.
8) Ота-онасига яхшилик қилган мўминга Аллоҳ таолонинг ҳузурида катта ажр ва улуғ савоблар бор.
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули! Мен Аллоҳдан ажр умид қилган ҳолимда ҳузурингизга ҳижрат ва жиҳод қилишга байъат қилгани келдим”, деди. Кейин у зот алайҳиссалом: “Ота-онангдан биронтаси тирикми?”, дедилар. Ҳалиги киши: “Ҳа, уларнинг ҳар иккиси ҳам тириклар”, деди. Шунда Набий алайҳиссалом унга: “Ота-онанг ҳузурига қайтиб бор ва уларга гўзал тарзда ғамхўрлик қил!”, дедилар.
9) Ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш каби эканини унутмаслик лозим! Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ота-онаси учун уларнинг ёши ўтиб, кексайиб қолган ҳолларида (яхшилик қилишга) ҳаракат қиладиган бўлса, бас, у Аллоҳнинг йўлидадир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти). Ота-онага яхшилик қилиш Аллоҳ йўлида жиҳод қилишга баробар бўлибгина қолмай, баъзи ҳолларда афзалроқ ҳам бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси амал Аллоҳга суюклироқ?”, деб сўрадим. У зот: “Вақтида адо этилган намоз”, дедилар. Мен: “Кейин қайси?”, дедим. У зот: “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. Мен яна: “Кейин қайси?”, дедим. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Имом Муслим ўзларининг “Саҳиҳи Муслим” китобларида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, жиҳод қилишга изн сўради. У зот алайҳиссалом унга: “Ота-онанг тирикми?”, дедилар. Келган киши: “Ҳа, тириклар”, деб жавоб берди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Бас, сен уларнинг ҳақларида(яъни, уларга хизмат қилишда) жиҳод қилгин!”, дедилар”.
Do'stlaringiz bilan baham: |