Эрнинг аёли олдидаги вазифалари
Исломда эрнинг аёли олдида, аёлнинг эри олдида бурчлари бор. Эрнинг аёли олдидаги бурчлари икки хил бўлади. Биринчиси, молиявий бурчлар. Эр аёлининг маҳрини адо этиши, нафақа (таом, либос, бошпана, рўзғор анжомлари) билан таъминлаши керак. Бу вазифаларнинг яна бири тўйни ҳам эр томон қилиб беришидир.
Бугун Ўзбекистондаги барча оилаларнинг рўзғорбошилари мана шу вазифаларини тўлиқ англайди, деб айта оламизми? Улар тўлиқ англаганида, бугунги кунда одамларни ранжитадиган рақамлар келиб чиқмас эди. Оилаларнинг бузилиши, болаларнинг тирик етим бўлиши бугунги ҳолатга келиб қолмас эди. Мисол, неча фоиз мўмин-мусулмонларимиз ҳақи маҳр деган нарсани батафсил билади?! Аҳли-аёлини таъминот қилиш қай даражада? Маълумки, оилада ким таъминотчи бўлса, шунинг овози баландроқ чиқади. Ҳозирда, кўпгина оилаларда аёлларнинг овози баландроқ чиқаётганини сезяпмиз. Нима учун деганда, бурч-масъулият борасида бироз ўрин алмашиб қолганини кузатмоқдамиз.
Тўйни куёв қилади. Оддий бир муаммо, никоҳ тўйини ўтказиш билан боғлиқ. Уни ўтказиш эрнинг гарданида. Абдуроҳман ибн Афв розиаллоҳу анҳу бир куни хурсанд бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига келиб қолди. «Бунча хурсандсиз, эй Абдуроҳман», деб сўрадилар. «Ё Расулаллоҳ, кичкина майизнинг ярмидек келадиган тилла бор эди, шуни маҳрига бериб уйландим», деб хурсандчилигининг сабабини баён қилганида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдиларки: «Ундай бўлса, битта қўй сўйиб, эълон ҳам қилинг». Бу ўринда Пайғамбаримиз «Эй, Абдуроҳман, отангга айтгин, сенга тўй қилиб берсин», демадилар. Тўй қилиш саҳобийнинг ўзига айтилмоқда. Ёки қайнотангга айт, тўй берсин демадилар. Шу нарса – Исломда тўй харажатлари ҳам куёв боланинг зиммасида эканини билдиради.
Бугун биз нима қиляпмиз, ор-номус қаерда қолди? Оилавий ҳаётнинг бошланишидаёқ куёв бола ўз мажбуриятини келин томонга юклар экан, оиланинг тақдири, келажаги қандай бўлади? Камситишлар, ҳақоратлар ва оилавий ажримлар шунинг ортидан келмаяптими?!
Икки томоннинг орзу-ҳавасига муолажа борми?
Ортиқча бидъат-хурофотлар, орзу-ҳавасларни жиловлашда кўпгина эркакларнинг аёлларга сўзи ўтмаяпти. Барчалари эмас, албатта, бироқ шунақа нарсаларни деб, аёллар эрларига фармонбардор даражасига келмоқда. Ваҳоланки, оилавий ҳаёт ҳам бир ибодат. Бунга ҳам тайёргарлик кўриши керак.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом уйланмоқчи бўлган йигитларга: «Эй йигитлар жамоаси, сизлардан кимда ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин», деганлар.
Шу қодир бўлиш масаласида арабча «бо-ат» сўзи ишлатилган. Уни ўзбекчага таржима қилсак, никоҳга қодирликда жисмоний қодирлик, онгли-ақлий қодирлик ва моддий жиҳатдан оилани таъминлай оладиган қодирликни англатади. Бугун нима бўляпти? Шу учови топилмасаям, ота-она фарзандини уйлаб қўймоқда. Натижада бировнинг оқ-у қораси ҳам бебахт бўляпти.
Нима учун оилавий ҳаёт бу даражага келди? Бунга мутлақо тайёр бўлмасдан туриб, исломий қадриятлардан, Аллоҳнинг ҳукмларидан, миллатимизнинг тарихидаги қадриятлардан йироқлашиб, бошқа миллатларга тақлидан оилавий ҳаёт бошланмоқда. Ана шундан етарли муаммолар келиб чиқмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |