Эртапишар узум навларини яратиш. Узумнинг эртапишар хўраки, кишмишбоп ва винобоп навларини яратиш ток селекцияси олдида турган муҳим вазифалардан бири. Хўжалик жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлган бундай навларни яратишда Витис винифера тури ичида ҳамда бошқа турларни чатиштириш йўли билан ижобий натижаларга эришиш мумкин. Бунда асосий донор сифатида узумнинг энг эртапишар ва эртапишар навларидан фойдаланиб, улар оналик ѐки оталик ўсимлик сифатида ҳосилдорлиги ва ҳосил сифати юқори, ноқулай шароитларга чидамли каби яхши сифатларга эга бўлган навлар билан чатиштирилади. Одатда эртапишар навлар уруғларининг унувчанлиги паст бўлади. Шунинг учун, чатиштиришда улардан фақат ота ўсимлик сифатида фойдаланган маъқул. Бунга узумнинг энг эртапишар ва эртапишар, серҳосил, сифатли, ноқулай шароитларга чидамли бўлган Особий, Восторг, Ранний Магарача, Коракоз, Ранний Шредера каби навларининг яратилиб ишлаб чиқаришга тадбиқ этилгани мисол бўлиши мумкин.
Уруғсиз узум навларини яратиш. Ҳозир дунѐ бўйича, айниқса уруғсиз хўраки, кишмишбоп, винобоп навларга талаб катта. Барча токзорларда районлаштирилган уруғсиз навларнинг салмоғи анча паст, аксарият қисмининг узум бошлари ва ғужумлари майда бўлиб, уларнинг товар сифати ва ҳосилдорлиги талаб даражасида эмас. Уруғсиз навларни яратишдаги дастлабки селекция ишлари, асосан Витис винифера тури ичида навлараро чатиштириш усули асосида олиб борилган. Уруғсиз навларни яратишда узумнинг уруғсиз навлари фақат ота ўсимлик сифатида фойдаланиш мумкин. Дурагай авлодда уруғсизлик хусусиятини шакиллантиришда эса, уруғли навдан она ўсимлик сифатида фойдаланилади. Уруғсиз навларни яратишнинг мураккаблиги шундаки, уруғсизлик рецессив белги (она ѐки ота белгиларидан бирортасининг янги дурагайда бўлмаслиги) ҳисобланиб, у қийинчилик билан наслига ўтиши мумкин. Уруғсизликни амалий ва хўжалик нуқтаи назаридан ғужумларда уруғнинг батамом бўлмаслиги деб эмас, балки уларнинг маълум даражада ривожланмаганлиги деб қаралиши лозим (улар узумни янгилигида ейилаѐтганда сезилмаслиги керак).
К.В.Смирнов ўзининг кўп йиллик селекция ишлари натижалари асосида уруғсиз навларни яратишда она ўсимлик сифатида узум бошлари стеноспермокарпик ғужумлар (тўлиқ оталанмасдан ҳосил бўлган ғужумлар)га эга бўлган, шунингдек, ток ўсимлигининг уруғсиз шаклларидан навлар ичида ва навлараро чатиштиришда ҳам стеноспермокарпик ва ҳам партенокарпик (мутлоқо оталанмасдан ҳосил бўлган мевалар) хусусиятларга эга бўлган юқори сифатли навлардан фойдаланиш мумкин эканлиги аниқлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |