5.1.2. WiMAX тизими ва IMT-2000 дастури
Маълумки, Халқаро телекоммуникация иттифоқи (ҲТИ) 3G - учинчи авлод мобил алоқа тармоқларининг уйғунлаштириш мақсадида, яъни мобил алоқа стандартларининг кўп сонли бўлиб кетишини олдини олиш ва уларнинг глобал миқёсда ўзаро ишлай олиши учун IMT-2000 дастурини жорий этган эди. 2006 йилнинг ноябрида IEEE 802.16 стандартларининг асоси ҳисобланган янги IP-OFDMA радиоинтерфейсининг ушбу дастурга қўшиш ҳақида (ITU–R WP8F/ITU–R Pro.WP/ 1065) IEEE томонидан таклиф киритилган [40]. 2007 йилда ҲТИ IMT-2000 дастури доирасида тўртта турли уланиш технологиялари (FDMA, TDMA, CDMA ва OFDMA) га асосланган олтита радиоинтерфейсларни ўз таркибида тасдиқлаган. Буларга қуйидаги радиоинтерфейслар киради:
CDMA-Direct Spread - спектрни тўғридан-тўғри кенгайтириш асосида ишлайдиган CDMA технологияси. UTRA радиоинтерфейси, шунингдек, W-CDMA технологияси сифатида маълум (юқорида, 3 Бобда батафсилроқ берилган). UMTS ва FOMA стандартларида қўлланилади.
CDMA-Multi Carrier - бир нечта элтувчилар асосида ишлайдиган CDMA технологияси. CDMA-2000 стандартлар оиласида қўлланилади.
CDMA-TDD - вақт бўйича дуплекс асосида ишлайдиган CDMA технологияси. UTRA TDD радиоинтерфейси. TD-SCDMA стандартида қўлланилади.
TDMA-Single Carrier - бир элтувчи асосида ишлайдиган TDMA технологияси. UWC – IS-136 стандарти қўлланилиши кўзда тутилган.
FDMA-TDMA - FDMA ва TDMA технологияларининг қўшилиши. DECT стандартида қўлланилади.
IP-OFDMA - IP-протоколини қўллаб-қувватлайдиган бир неча ортогонал элтувчилар асосида кўп сонли уланиш технологияси. FDD частота бўйича дуплекс асосидаги OFDMA радиоинтерфейси. WiMAX ва LTE стандартларида қўлланилади.
OFDMA каналларни ажратиш технологияси WiMAX стандартини мобил версиясининг асоси сифатида қабул қилинган. OFDMA нинг афзаллиги яна шундаки, у истиқболли MIMO, STC ва йуналтириш диаграммаларини шакллантириш каби самарали антенна технологияларини қўллаб-қувватлаши туфайли янги мобил ва кенг полосали симсиз алоқа тизимларини яратиш учун асос ҳисобланади.
Эслатиб ўтиш керакки, WiMAX тизими аввалом бор маълумот узатишга асосланган кенг полосали симсиз уланиш технологияларининг ривожи ҳисобланади, аксинча, LTE тизими эса дастлаб овоз узатишга асосланган сотали алоқа технологияларига қарашлидир. Лекин бу жараёнда борган сари кенг полосали ва мобил алоқа тизимларининг конвергенцияси (бир-бирига яқинлашиши) янада яқол кузатилмоқда, хусусан, WiMAX технологияси катта мобилликка интилмоқда, LTE тизими эса ўта юқори тезликда маълумот узатиш имкониятлари томон ривожланмоқда (5.1-расм).
5.1-расм. Кенг полосали ва мобил алоқа тизимларининг конвергенцияси
WiMAX тизимларининг келгуси ривожи IEEE 802.16 гурухидаги янги стандартларнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ деб ҳисобланмоқда. IEEE 802.16 ишчи гуруҳи доирасида стандартни такомиллаштириш бўйича кўп сонли тадқиқотлар ўтказилмоқда ва ҳозирги вақтда энг истиқболли деб IEEE 802.16m стандарти лойиҳаси кўрилмоқда. У кўзда тутилганидек, IMT Advanced сифатида маълум бўлган (яъни, IMT-2000 дан кейинги) тизимларни тавсифлайди. WiMAX форуми IEEE 802.16m стандартини WiMAX тизимларини бошқа мобил технологиялар билан конвергенциясининг (бирлашишининг) асоси сифатида баҳоламоқда. IEEE 802.16m стандартининг пайдо бўлиши 2012 йилда кутилмоқда.
IMT Advanced40 дастури IMT-2000 тизимларида эришилмаган янада юқори маълумот узатиш тезлигига, янада катта мобилликка ва функционалликка эга тизимларни яратишга қаратилган. Бундан кўзда тутиладики, IMT Advanced технологиялари юқори мобилликда 100Mbit/sek гача ва паст мобилликда ва турғунликда 1Gbit/sek гача тезликларни таъминлайди ва шу сабаб бу технологияларни мобил алоқа тизимларининг тўртинчи авлоди - 4G га киритиш мумкин (5.2-расм).
5.2-расм. Кенг полосали ва мобил алоқа тизимлари эволюцияси
WiMAX тизимининг бош характеристикалари орасида жавоб кечикишининг кам вақти, юқори ахборот хавфсизлиги, юқори алоқа сифати - QoS ва радиочастота спектри уйғунлаштирилган ҳолда “глобал роуминг” имкониятлари таъкидланади. WiMAX форумининг «роуминг» бўйича ишчи гуруҳи ҳам WiMAX тармоқлари орасида, ҳам IMT-2000 стандартларига асосланган бошқа тармоқлар орасида «роуминг» ташкил этишни спецификацияларини ва бизнес-моделини эълон қилмоқчи. Шунингдек, WiMAX форуми симли ва симсиз интерфейслар базасида операторларга бир туркум ва сифат даражасида ҳизматлар таклиф этишга имкон берадиган WiMAX тармоқлари билан мавжуд маълумот узатиш тармоқлари ва IMS нинг янги архитектурасини қўллаб-қувватлашни таъминлашида ўзининг фаол ролини бажармоқда.
Кейинчалик эса, мобил ва кенг полосали симсиз алоқа тизимларининг конвергенция анъанаси давом этаверса, глобал миқёсда умумқамров алоқани таъминлашга қодир янги, чинакамига универсал стандарт пайдо бўлса ажаб эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |