112
Барча санаб ўтилган туркумлар вакиллари фуқаролик хизматчилари билан биргаликда анча кенг маънодаги
тушунча – “ижтимоий (оммавий) сектор хизматчилари” тушунчасига жо бўлади. Ижтимоий сектор
хизматчиларининг 10% бевосита фуқаролик хизмати билан банддир.
Фуқаролик хизмати масалалари 1981 йилга қадар фуқаролик хизмати вазирлиги тасарруфида эди.
Сўнгра бу вазирлик тарқатиб юборилди ва 1987 йилдан бошлаб фуқаролик хизматини бошқаришни молия
вазирлиги ҳамда 1968 йилдан бўён бош вазирнинг анъанавий раҳбарлиги остидаги Фуқаролик хизмати
вазири бошқармаси амалга оширмоқда.
Фуқаролик хизмати ички ва дипломатик хизматларга бўлинади. Маҳкама котиби доимо ички хизмат
раҳбари этиб тайинланади, бу лавозимга одатда бош муҳрдор сайланади. Ташқи ишлар давлат котиби
(вазир) ва Ҳамдўстлик ишлари вазири дипломатик хизматга раҳбарлик қилади.
Тарихий жиҳатдан фуқаролик хизмати тожнинг (қирол ҳокимиятининг) алоҳида ҳуқуқига мансуб
бўлиб келган ва шу сабабдан, асосан қонунлар билан эмас, Кенгашдаги тож буйруқлари, шунингдек, ўз
ваколатлари доирасида молия вазирлиги ва бошқа вазирликлар кўрсатмалари билан йўлга солинади.
Ўз иши ва лавозим мақомига кўра барча фуқаролик хизматчилари туркумлар, гуруҳлар ва тоифаларга
бўлинган. Буларнинг ҳар бири бўйича малака талаблари ва лавозим мажбуриятларининг қатъий талаблари
белгиланган.
Хизматчиларнинг олий гуруҳи таркибига етакчи сиёсий ва маъмурий раҳбарлар: вазирликларнинг доимий
котиблари, уларнинг ўринбосарлари ва ўринбосарларнинг ёрдамчилари киради. Булар учун лавозимда
туришнинг алоҳида қоидалари мавжуд. Барча бошқа хизматчилар бир неча туркумга тақсимланган.
Биринчи, “умумий” туркум қуйидаги гуруҳларни: маъмурий гуруҳ (катта ижрочилар, шогирд-маъмурлар,
котиб-ёрдамчилар, клерклар ва ҳ.к.); иқтисодчилар; статистлар; ахборот хизмати ходимлари ва бошқалар
гуруҳини ўз ичига олади. Иккинчи туркум – илмий ходимлардир. Учинчи туркум – техник мутахассислар
(муҳандислар, меъморлар ва ҳ.к.) гуруҳидир. Шунингдек, ҳуқуқшунослар туркуми ҳам мавжуд. Қуйи
туркумга ёрдамчи-техник ходимлар: котибалар, стенографистлар, иш юритувчилар, фаррошлар, чопарлар
киради.
1
Фуқаролик хизматчиларини танлаб олиш тизими етакчи Британия университетлари дастурлари бўйича
ёзма имтиҳонлар ва албатта, суҳбат ўтказишни кўзда тутади. Олий лавозимларга танлашда оғзаки суҳбатлар
афзал кўрилади. Олий мансабдор шахсларни фуқаролик хизмати вазири, яъни бош вазир тайинлайди.
Бошқа лавозимларга тайинлаш танловни мустақил, бироқ фуқаролик хизмати комиссияси назорати остида
амалга оширувчи тегишли вазирликларнинг раҳбарлари томонидан бажарилади.
Катта хизматчиларни (7-дан 1-тоифага қадар) ва айрим номзодларни танлаш Фуқаролик хизмати
комиссияси томонидан адо этилади. Бунинг учун танлов ёзма имтиҳонлари ва суҳбатлар ўтказилади.
Сўнгги вақтларда, хусусан олий мақом хизматчилари лавозимига тайинлашда оғзаки суҳбатлар афзал
кўрилмоқда. Ушбу лавозимларни эгаллаш учун имтиҳонлар ва суҳбатлар, одатда, амалдорлар элитасининг
асосий қисмини етказиб берадиган Оксфорд ва Кембриж университетлари дастурлари бўйича ўтказилади.
Танловдан ўтганлар тегишли лавозимни эгаллаш учун комиссиядан хизмат гувоҳномасини олади. Улар
умрбод (нафақа ёшига етгунга қадар) хизматчилар бўлиб қолади. Уларга иш билан бандлик кафолатланади,
олдиндан истеъфога чиқишлар ва ишдан бўшатишлар ўта камдир.
Олий гуруҳ хизматчиси лавозимларига тайинлаш фуқаролик хизмати вазири томонидан, бошқа
лавозимларга тайинлаш эса тегишли вазирликлар томонидан амалга оширилади, улар 1991 йилдан бошлаб
қуйи тоифа хизматчиларини танлашни Фуқаролик хизмати комиссияси назорати остида амалга ошириб
келмоқда.
2
Хизматчилар меҳнатига ҳақ тўлаш хусусий ташкилотлардаги маошни ҳисобга олган ҳолда амалга
оширилади. Маош ҳажми кўпгина ҳолатларга: туркумга, гуруҳга, тоифага, стажга, ишнинг қиймати ва
мураккаблигига боғлиқ бўлиб, улар шу мақсадда батафсил таснифланган.
Do'stlaringiz bilan baham: