Мавзуга оид савол ва топшириқлар
1. Ўзбекистонда карст жараёнини ўрганган олимларни кўрсатинг.
2. Карст ва унинг метологик турлари ҳақида тушунча беринг.
3. Карст хосилаларининг ер усти ва ер ости кўринишлари ҳақида сўзлаб беринг.
4. Карст жараёнини ўрганишнинг амалий ва илмий аҳамияти нимадан иборат?
5. Карст жараёни табиатда қандай ижобий ва салбий аҳамият касб этади?
6. Псевдакарст ёки суффозия ҳақида тушунча беринг.
Сел
Тоғ ва тоғ олди худудларида сойлар бўйлаб қисқа вақт ичида жуда катта тезлик билан оқиб келувчи қум, шағал, тоғ жинси бўлаклари, ўсимлик баъзан дарахт таналари аралаш шаклланган лойқа сув оқими сел деб аталади.
Шу боисдан сел тушунчаси араб тилида “сайл” ўзбек тилида тошқин сув маъносини беради. Демак, халқ табиий географик терминига айланган бу ибора замонамизда илмий луғавий маъно берувчи халқаро тушунчага айланган бўлиб, у замонавий илмий адабиётларда ҳам сел деб айтилади. Европа мамлакатларида сел тушунчаси мур тарзида ишлатилиши маълум.
Селнинг географик тарқалиши асосан қуруқ иқлимли, ёғин қисқа муддат ичида кўп ёғадиган худудлар бўйлаб кўп кузатилади. Ўрта Осиё тоғли, тоғ олди худудлари бўлган, Зарафшон, Фарғона, Қашқадарё, Сухандарё водийларида, Копетдоғда, Тяншаннинг Ғарбий ва Шимолий тизмаларида, Кавказда, Ғарбий Европа, АҚШ, Жанубий Американинг тоғли худудларида ҳамда Япония, Хитой, Мўғилистоннинг айрим худудларида кузатилади.
Сел оқимининг шаклланиши, ҳамда таркибига кўра уч гуруҳга бўлиб ўрганилади (Е.Дуйсенов 1966).
Биринчи гуруҳга (грязевые) мансуб сел лойқа деб аталиб, оқими қуйидаги хусусиятга эга бўлади: селнинг таркиби асосан юқори қисми қуюқ лойқадан иборат бўлсада, харакатланаётган суюқликни олд қисми девор каби кўтарилган ҳолда, баъзан хатто юқори қисми олд томон эгилган тарзда кузатилади. Бу туркумдаги сел таркибида илдизи билан қўпорилган катта-кичик дарахтлар кўп учрайди ва шу боисдан теваракка катта хавф туғдиради. Чунки сел харакатланаётган сой бўйлаб қурилган кўприк, акведук ёки қувур тиргакларига тақалиб қолган шох-шабба ва дарахтлардан табиий ҳолда тўсиқ яратилади. Натижада харакатланаётган сел йўли қисман тўсилиб, оқим ўзакдан ташқарига оқиб чиқа бошлайди, баъзан эса тўсиқни қўпориб кетиши туфайли тўпланиб, рўбарўй янада хавфли тус олаётган оқимнинг қуйига томон янада шиддат билан харакатланиши кузатилади. Натижада унинг вайронгарчилик келтириши мумкин бўлган хавфи бир неча ўн баробар ортиб кетади. Бу гуруҳдаги сел 1942 йили Шимолий Фарғона канали бўйлаб юз берган ва натижада катта маин далаларни лойқа босиб қолган.
Иккинчи гуруҳга мансуб сел оқими кўпроқ (грязекаменный) лойқа, майда қум заррачалари, шағал, қайроқтошлар билан биргаликда одатий оқим жойидан қўзғата олмайдиган харсангларни ҳам юмалатиб оқиза бошлайди, оқим таркибида йирик дарахтлар ҳам кўплаб учрайди. Сел жуда кучли шовқун-сурон билан кечади, хатто сел оқаётган ўзандан 200-300 м узоқликда ҳам заминнинг титраши сезилади. Шундай сел 1956 йили Кичик Алмота дарёсида кузатилган.
Тўлин сув даврида сойларнинг сув сарфлари кескин ўзгариб туради, чунки авжи қор эриётган давр (май, апрел ойлари) да ёмғир энг кўп ёғади. Худду шу сабабга кўра тўлин сув даврида кўпчилик сойлардан сел келади. Ана шундай селлар вақтида сойларнинг сув сарфи қисқа вақт ичида бир неча ўн м3/сек га кўпайиб кетиши мумкин. Сел келиш хавфи ён бағирлари бўйлаб дарахт ўсмайдиган пастак тоғлар учун айниқса хусусиятлидир. Масалан, Нурота тоғ тизмалари худди шундай хусусият касб этади. Шунинг учун сел келиш хавфи Нурота тоғлари ён бағирларидаги сойлар учун ўта хусусиятлидир. Масалан, Соғишмонсойнинг (Қорасув дарёсининг чап ирмоғи) сув сарфи 1962 йили 3 май кунги сел вақтида 27 м3/сек, 1963 йил 15 апрел кунги сел 56 м3/сек га чиққан. Вахолангки Соғишмонсой хавзаси майдони атига 40 м2 ўртача йиллик сув сарфи эса бор йўғи 0,130 м/сек га тенг бўлган кичик сойдир. Хавзаси майдони катта бўлган сойларнинг сел вақтидаги максимал сув сарфи хатто бир неча юз м3/сек ни ташкил этиши мумкин. Масалан, Тусунсойнинг йиллик ўртача сув сарфи секундига 1,3 м3 бўлса, Каттсаойнинг йиллик ртача сув сарфи секундига 0,268 м3 ни ташкил этади. Лекин сел келганда Тусун дарёси секундига 200 м3 гача, Каттасой эса хатто секундига 609 м3 гача оқизади. Бундай катта оқим ўз йўлида учраган қишлоқларни, экин далаларини, кўприк ва йўлларни бузиб, тупроқ қопламини ювиб, жарликларни вужудга келтиради.
Сел Нурота, Зарафшон, Туркистон, Хисор тизмаси этакларида нафақат дарёларнинг тўлин (март, апрел ойлари) даврида, балки бу атрофда тез-тез кузатиладиган ёзги ёки кузги жала ёки кучли дўл тушиши қор қопламининг эриши муносабати билан ҳам кузатилиши мумкин.
Учинчи туркумга мансуб (водакаменный) сел таркиби асосан лойқа сув ва турли ўлчамдаги тошлардан ташкил топади. Бу тушунчага мансуб сел сувининг лойқалик даражаси биринчи ёки иккинчи гуруҳга нисбатан камроқ бўлиши мумкин. Чунки бу яъни учинчи гуруҳга мансуб сел асосан серёриқ тупроқ қоплами кам кузатиладиган тошлоқ ён бағирлар бўйлаб кузатилади. Шу боисдан лойқа нам бўлсада, харакатланаётган сувнинг итарувчи кучи ўта кучли бўлганлиги сабабли оғирлиги 80 м дан ортиқ бўлган, 40 куба метр хажмдаги йирик ғўлатошларни ҳам оқизиб, юмалатиб кета олади.
Ҳар уччала гуруҳга мансуб сел вақтида оқимнинг ваҳимали қаттиқ шовқин-сурони 400-500 м узоқликда, фақат сел учунгина хос бўлган лойқа сувнинг қўланса ҳиди қирғоқдан 100-150 м масофада ҳам сезилиб туради.
Do'stlaringiz bilan baham: |