Рангпар поганка билан заҳарланиш. Рангпар поганка гепатотроп ва нейротроп таъсирга эга бўлган заҳарли қаватли қўзиқоринлар жумласига киради. У ташқи кўринишидан сироежкалар, шампиньонлар ва баъзи бошқа ейиладиган қўзиқоринларга ўхшаб кетади. Рангпар поганканинг сироежкадан ажралиб турадиган томони оёқчасининг пастки томони йўғонлашгани ва қалпоғи остида ёқаси борлигидир. Шампиньондан эса қаватларининг ранги билан ажралиб туради: рангпар поганкада улар доимо оқ рангда бўлади.
Рангпар поганканинг асосий заҳарли бирикмалари аманитинлар – циклик октапептидлар ва фаллоидинлар бўлиб, 100 грамм қўзиқоринда уларнинг жамлама миқдори 20 ... 25 мг. га етиши мумкин. Аманитинлар ҳужайравий заҳарлар жумласига киради ва ўзининг асосий таъсирини асаб тизими ва жигар даражасида кўрсатади. Рангпар поганка билан заҳарланиш етарлича узун яширин (инкубацион) даврга эга бўлиб, ўртача 6 ... 15 соатни ташкил этади (48 соатгача чўзилиши мумкин). Клиник кўринишлари тўсатдан пайдо бўлади ва қориндаги қаттиқ оғриқ, тинимсиз қайт қилиш ва ич кетиши, чанқаш ва олигурия камраб олади. Клиник касаллик белгиларидаги унча катта бўлмаган танаффусдан сўнг, заҳарланишнинг марказий асаб тизимини қамраб олувчи иккинчи фазаси бошланади. Мадор қуриши, дезориентация, бош айланиши, онг хиралашиши кузатилади. Ўлим ҳолатлари даражаси жуда юқори бўлади ва 50 дан 90 % гача ташкил этади. Оғир бехушлик (кома) ҳолатидан сўнг ўлиш клиник симптомлар пайдо бўлганидан 2 ... 3 кун ўтгач, хаётий муҳим аъзолар (жигар, буйрак, юрак) оғир шикастланиши ёки нафас олиш мушакларининг қайтариб бўлмас тортишиб қолиши оқибатида юз беради. Организмга аманитинлар оз миқдорда тушганида касаллик нисбатан узоқроқ – 6 ... 8 кунгача чўзилиб, онг камроқ хиралашади, аммо ич кетиши давом этади ва унга бадан сарғайиши ҳам қўшилади. Агар ўлим ҳолатидан қутулиб қолинса, унда яна 2 ... 3 кунгача кучли мадорсизлик, цианоз ва гипотермия ҳолати сақланиб туради. Биокимёвий текширувлар пайтида қонда лактатдегидрогеназа (ЛДГ), билирубин, пешоб кислотаси, креатинин ва қолдиқ азот ошганлиги аниқланади. Бошдан кечирилган заҳарланишдан сўнг, одатда, жигар ва буйракларда дегенератив ва некротик ўчоқлар қолади. Радиоиммун таҳлил ёрдамида пешобда ёки қон плазмасида жуда кам миқдорда аманитин қиёслаб топилади.
Рангпар поганка билан заҳарланишдаги тиббий ёрдам клиник ифодаланган шакли намоён бўлмаслигидан олдинроқ (овқатга заҳарли қўзиқоринлар ишлатилганлигига шубҳа қилинган заҳотиёқ) ошқозон ювилиши ва таркибида тиоксидаза бўлган специфик антитоксик зардобни киритишдан иборатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |