Лаборатория текширишини ўтказиш, уларнинг натижаси ва хулосасини қайд этиш.
Лабораторияда намуналарни текшириш ДавСТда ёки махсус гигиеник текшириш усулларига мувофиқ ўтказилади. Маҳсулотнинг лаборатория текшириш натижалари махсус лаборатория бланкасига ёзилади.
Озиқ-овқат маҳсулотларини санитар экспертизадан ўтказишдан мақсад аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва маҳсулотларни озуқавий қиймати ва инсон саломатлиги учун бехатарлигини назорат қилишдан иборатдир. Маҳсулотларнинг сифати уларга қўйилган ишлаб чиқараётган корхоналарга мамлакат томонидан белгилаб берилган стандарт ва меъёрларга боғлиқ. Маҳсулотларни сақлаш, ташиш ва тарқатиш жараёнида ўзининг бирламчи хусусиятини: таъми, атшқи кўриниши, хиди ўзгариши; маҳсулотга зарарли аралашмалар ва микроорганизмлар тушиб уларни зарарлаши мумкин.
Сифатига қараб маҳсулотлар қуйидаги тоифаларга бўлинади:
Яроқли (сифатли) – барча стандарт талабларига тўлиқ жавоб беридиган маҳсулотлар. Бу маҳсулотларнинг истеъмоли одамга зарарли таъсир қилмайди ва чегараланмаган миқдорда истеъмол қилишга тавсия берилади.
Шартли яроқли – маълум бир ўзгаришга учраган маҳсулотлар, тўғридан-тўғри истеъмол қилиш тавсия этилмайди ва уларга ишлов (кўпгина холларда термик) бериш талаб этилади. Масалан: янги балиқнинг мушак тўқимасида лентасимон гижжалар личинкаси аниқланган бўлса, бруцеллёз, лейкоз, сил ва оқсим касаллиги билан касалланган молларнинг гўшти ва бқ.
Озуқавий қиймати паст бўлган маҳсулотлар – маълум бир ўзгаришларга учраб, унинг озуқавий қийматини пасайган, табиий ҳолатда истеъмол қилиш соғлиқ учун хатарсиз ҳисобланади. Бундай маҳсулотларни озуқавий қиймати технологик жараённинг бузилиши, сақлаш шароити нотўғри бўлиши ҳисобидан келиб чиқади. Масалан: ёғи кам сут, намлиги меъёридан ортиб кетган нон.
Фальсификацияланган маҳсулот – камчилигини яшириш мақсадида сунъий қўшимчалар қўшиш орқали олинган маҳсулотлар. Масалан: кислоталиги юқори бўлган сутга чой содасини қўшилади. Бунда сут таркибидаги чиритувчи микроорганизмларни ривожланиши тўхтайди ва маҳсулот таркибидаги витамин С парчаланади. Бундай сут маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз ҳисобланади.
Суррогатлар – органолептик кўрсаткичлари (ҳиди, таъми, ранги, ташқи кўриниши) билан шу маҳсулотга ўхшаш, аммо кимёвий таркиби умумиан бошқа ва сунъий йўл билан тайёрланган маҳсулотлардир. Ушбу маҳсулотларга бошоқли ўсимликлардан олинадиган кофе; табиий шарбатлар ўрнига мева эссенциялари; соя гўшти, майонез, қора икра, сунъий асал.
Яроқсиз (сифатсиз) маҳсулотлар – бу маҳсулотларни табиий ҳолда ҳам, ишлов берилган ҳолда ҳам истеъмолга яроқсиз хисобланади, чунки уларнинг органолептик кўрсаткичлари қониқарсиз ёки одам организми учун зарарли хисобланади. Яроқсиз маҳсулотларни истеъмол қилиш натижасида гельминтларнинг личинкалари, яна пестицидлар ва бошқа заҳарли моддалар билан зарарланиши мумкин. Яроқсиз маҳсулотларга моғорланган нон, чириётган гўшт, споралар билан зарарланган унни мисол қилиб келтириш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |