Ёпиқ синишда суяклар сурилиши ҳамда юмшоқ тўқималарнинг шикастланишини камайтириш мақсадида жароҳатланган бўғим кўтариб боғлаб қўйилади.
Очиқ синишда жароҳат жойида суяклар кўриниб турса, бемор қон кўп кетишини кўриб карахт бўлмаслиги ва инфекция тушмаслиги учун стерил дока билан боғлаб, қон тўхтатилади. Шикастланган жойни боғлашда тоза рўмол, боғлам, тасма, тахтакачдан фойдаланилади.
Елка олди қисми синишида қўлнинг тирсак қисми букилиб, тоза мато билан ўраб, елканинг ташқи ва ички томонидан шина қўйиб, стерил дока билан боғланади. Қўл боғлами бўйин орқали ўтказилади. Оғриқ ва шиш юзага келмаслиги учун қўлни пастга туширмаслик керак.
Умуртқа синишида айниқса бўйин ва кўкрак қисмларида тана шол бўлиши хавфи бўлади. Жабрланганга 2-3 киши ёрдам кўрсатади. Беморни текис тахта, ҳеч бўлмаганда ечилган эшик устига чалқанча ётқизиб боғланади. Умуртқанинг бўйин қисми шикастланганда беморни бош ва бўйнининг икки ёнига кийимлардан ёстиқча ясаб қўйилади.
Қовурғалар синганда оғриқни камайтириш учун кўкрак қафаси бинт, сочиқ ёки чойшаб ёрдамида қисиб боғланади.
Ўмров суяги синганда рўмол ёки устки кийим ёрдамида қаттиқ боғланади.
Калла суяги синганда (автоҳалокат, тепаликдан сакраш оқибатида) жабрланувчи чалқанча ётқизилиб, бошнинг икки ёнига юмшоқ ёстиқча қўйиб боғланади.
Тос суяги синганда кўпинча ички аъзоларнинг шикатланиши ва карахтлик вужудга келади. Жабрланувчини эҳтиёткорлик билан текис тахта устига ётқизиб боши тагига юмшоқ ёстиқча қўйилади. Оёқларни тиззаларидан букиб, бир оз ён тарафларга ёйилади (қурбақа кўринишида) тиззалар тагига кийимларни думалоқлаб қўйилади.
Жағ синганда – талаффуз ва ютиниш қийинлашади. Кучли оғриқ сезилади. Оғиз ёпилмайди. Жағни қимирлатмаслик учун иякни тиббий докада бош билан ўралади. Тепа жағ синганда устки ва пастки тишлар орасига шина қўйиб ияк бошга қараб боғланади.
ШИКАСТЛАНИШЛАРДА БИРИНЧИ ТИББИЙ ЁРДАМ
Кўча-кўйда рўй берадиган турли фалокатлар, бахтсиз ҳодисалар оқибатида одамлар кўп қон йўқотиши, оёқ-қўллари шикастланиши мумкин. Баъзан одамнинг юраги уришдан тўхтаб, ўлим билан ҳаёт орасида қолиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Демак, оғир ҳолатларда ён атрофдаги одамлар ўзларини оддий томошабин эмас, балки нажоткор сифатида ҳис этишлари даркор, яъни шикастланган одамга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш йўлларини билиб қўйсалар, яхши бўларди. Қачон совуқ уради? Об-ҳаво ҳароратининг пастлиги, совуқ, қаттиқ изғиринда, қор ва ёмғирда қолиш натижасида одам танасининг очиқ жойлари, айниқса, қўл-оёқ, юз, қулоқ, бурунни совуқ уриши мумкин. Пойабзалнинг ҳўл бўлиши, шунингдек, очиқ ҳавода узоқ вақт совуқ таъсирида қолиш ҳам бунга сабаб бўлади. Тананинг совуқ урган қисми аввалига санчиб, ачишади, кейин эса териси оқариб ёки кўкариб кетади, ҳеч нарсани сезмай карахт бўлиб қолади. Натижада қўл ёки оёқ фаол ҳаракат қила олмайди. Шикастланиш кўламининг нечоғлик чуқур ва кенглигини совуқ таъсири тўхтаганидан кейин, орадан бир неча соат, баъзан кун ўтганидан сўнг аниқлаш мумкин. Бунда тананинг совуқ олган жойи шишиши, яллиғланиши, баъзан тўқималарнинг нобуд бўлиши кузатилади. Баданини совуқ урган одамга биринчи тиббий ёрдам кўрастишда, энг аввало, уни иссиқ бинога олиб кириш, иложи бўлса, иссиқ сувли ваннага тушириш, унга иссиқ чой, қаҳва ичириш зарур. Кейин ҳўл кийими ва пойабзали мумкин қадар тезроқ қуруғига алмаштирилади. Тўқималарда кўзга ташланадиган жиддий ўзгаришлар, яъни терида қавариқлар, эти нобуд бўлган жойлар бўлмаса, совуқ олган соҳани спирт, атир, тоза пахта, салфетка, сочиқ билан артиб, тозалаш зарур. Агар терида ўзгаришлар бўлмаса, шикастланган жойлар спирт билан артилгач, тоза, қуруқ қўл билан тери қизаргунча оҳиста ишқаланади, устидан стерил боғлам қўйилади. Электр токидан зарарланса… Одам организми электр токини тез ўтказади, ток тўқималардан ўтаётганда турли рецепторларни таъсирлайди. Қўзғалиш бутун нерв тизимига ўтгач, тормозланиш бошланади. Бу эса нафас ва қон айланиш тизимини издан чиқаради. Кузатишларга кўра, ток одам организмига тўрт босқичда таъсир кўрсатади: – мушаклар бўшашиб, қисқаради, талваса тутади; – мушаклар қисқариб, одам эс-ҳушини йўқотади; – юрак ва нафас фаолияти бузилади; – клиник ўлим юз беради. Электр токидан кучли шикастланган кишининг аҳволи оғирлашиб, тери қатламлари оқаради, кўз қорачиқлари кенгаяди, ёруғликни сезмайди, нафаси секинлашади, томир уриши сусаяди. Енгил шикастланганда эса беморнинг танаси титрайди, қаттиқ қўрқиб кетганидан маълум муддат бир жойда қотиб туради, бўшашади, қўл-оёқлари қалтирайди. Баъзи ҳолларда юқори вольтли ток урганда бемор учинчи ва тўртинчи даражада куяди. Ток урган тўқиманинг ўрни қорайиб кетади, атрофи шишади, қаттиқ оғрийди. Ток қон томирлари ва нерв толалари орқали чуқур жойлашган аъзоларга ўтади. Томирнинг ичида қон ивиб, қотиб қолади. Натижада тўқималар чирий бошлайди. Ток урганда биринчи ёрдам бераётиб ўзингиз ҳам эҳтиёт бўлинг. Аввало, ток манбадан узилади. Чунки сим токдан узилмаган бўлса, ток урган кишига қўл текизиш ҳам хавфли бўлади. Бемор ҳушидан кетган ёки нафаси тўхтаб қолган бўлса, бурнига оғиз билан 8-10 маротаба пуфлаш ва тезроқ шифохонага етказиш зарур. Акс ҳолда беморнинг юраги тўхтаб қолиши, қон айланиши бузилиши, шок ҳолатига тушиши мумкин. Куйиш ҳам хавфли Масалан, киши оловдан куйганда уни юқори ҳароратли ёки тутунли худуддан олиб чиқинг ва ёнаётган кийимини ўчириб, ечинг. Ярага ёпишиб қолган матони қирқиб, жойида қолдиринг. Узук, билагузук, соат – умуман, тери шишганда тўқималарга шикаст етказиши мумкин бўлган ҳамма нарсани ечинг. Ёнғиндан зарар кўрган одамни тоза, дазмолланган чойшабга ўранг. қаттиқ оғриганда, мабодо тез ёрдам кечикса, беморга анальгетик ҳаб дориси ёки аллергияга қарши дори бериш мумкин. Кўп суюқлик ичириш тавсия этилади (сув, шарбат, илиқ чой, газланмаган минерал сув сингарилар). Алкоголь қатъиян ман этилади! Буғ ёки қайноқ сувдан куйганда тез ва эҳтиёткорлик билан кийимларини ечинг. Агар имкон бўлса, тананинг куйган қисмини совуқ сувга солинг ёки жўмракдан оқиб турган сувга тутиб туринг (5-8 дақиқа). Шишнинг олдини олиш учун тананинг куйган қисмини кўтариб қўйинг. Агар куйган жой катта бўлмаса, унга совуқ нам дока ёки бинт қўйинг. Дорихоналарда сотиладиган куйишга қарши гелли махсус боғламлардан фойдаланса ҳам бўлади. Ёки куйган жойга стерил боғлам қўйинг. Зинҳор бактерицид пластирдан фойдаланманг! Шуни унутмангки, жароҳатдаги пуфакларни ёриш, яраларни қисиб боғлаш, муз қўйиш, куйган жойни қўл билан ушлаш, ёғ ёки мой суртиш мумкин эмас, чунки булар тўқималарнинг нобуд бўлишига олиб келади. Тананинг куйган юза қисмларига қўл теккизманг. Сунъий нафас олдириш Баъзи ҳолатларда, масалан, киши фавқулодда шикастланса, юрак фаолияти бирдан тўхташи мумкин. Бундай вақтда сунъий нафас олдириш ва юракни билвосита уқалаш, яъни массаж қилишга барвақт киришилса, одам ҳаёти асраб қолинади. Сунъий нафас олдиришда ўпкага ҳаво юбориш учун «оғиздан оғизга» ёки «оғиздан бурунга» усуллари билан сунъий нафас олдиришга киришилади. Сунъий нафас олдиришга киришишдан аввал шикастланган одамни текис жойга чалқанча ётқизиб, имкони борича боши орқага эгилади, шунда нафас йўллари кенг ва равон очилади. Шикастланган одамнинг жағи қисилиб қолган бўлса, унинг пастки жағини олдинга тортиб, энгагини босиш, оғзини очиш, сочиқ ёки дастрўмол билан лаби ва оғиз бўшлиғидаги сўлак ҳамда қусуқ массаларидан тозалаш зарур. Сўнг шикастланган одамнинг очиқ турган оғзига бир қават салфетка ёки дастрўмол қўйиб, бурнини қисиш, чуқур нафас олиб, лаблари жуфтлаштирган ҳолда ёки махсус найча, ҳаво ўтказгич ёрдамида куч билан ичкарига ҳаво пуфланади. «Оғиздан бурунга» усули қўлланганда эса оғизни беркитиб, бурунга салфетка ёки дастрўмол ташлаб, куч билан пуфлаш жоиз. Шикастланган одамни қаттиқроқ жойга чалқанча ётқизиб, юрагини массаж қилишга киришиш керак. Ёрдам берувчи унинг чап томонига ўтиб, устма-уст қўйилган кафтларини шикастланган одам тўш суягининг пастки учдан бир қисмига қўяди. Кейин бир маромда дадил ва шаҳдам ҳаракатлар билан тўш суягига ҳар дақиқада 50-60 марта босиб туради. Ушбу ҳолатда кўкрак қафасининг олдинги девори энг камида 3-4 см ичкарига тушиб-чиқиб туриши зарур. Бундай шароитда қўллар бир оз бўшайди, кўкрак қафаси ёзилади. Ҳар сафар кафт билан тўш суяги соҳаси босилганида юрак устига тушган босим таъсирида унинг ичидаги қон томирларга тарқалади, кафтлар кўтарилгач, босим тўхтатилганда эса ён атрофдаги вена томирларидан қон юрак томон силжиб, сўриб олинади. Қўшимча маслаҳатлар Қон оқишини вақтинча тўхтатишда қоннинг артерия, вена ёки капиллярлардан оқаётганига қараб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатишда қон оқиши вақтинча ёхуд узил-кесил тўхтатилади. Артериядан ташқарига отилиб чиқаётган қонни вақтинча тўхтатиш учун резина жгут ёки бурама солиш, қўл ёки оёқни имкони борича қаттиқроқ букилган ҳолатда боғлаш, артериянинг шикастланган жойидан бир оз юқори қисмини бармоқлар билан босиш мақсадга мувофиқдир. Бош шикастланганда бош мия лат ейиши, чайқалиши мумкин. Бу ҳолатда одам эс-ҳушини йўқотмайди, боши оғриб, кўнгли айниб, баъзан қусади, кўнгли беҳузур бўлши мумкин. Бош мия қаттиқ чайқалганда одам ҳушдан кетади, боши айланиб, қаттиқ оғрийди, кўнгли айнаб, кетма-кет қусади. Бундай ҳолларда шикастланган одамнинг бошига совуқ нарса босиш керак. Бошга қаттиқ зарб текканда одам ҳушини йўқотиши, боши айланиб гапира олмай қолиши, шунингдек, қулоғи оғир бўлиб, кўз олди хиралашиши, хотираси йўқолиши ёки сусайиши мумкин. Бундай оғир ҳолатдаги шикастланганни имкони борича тезроқ текис жойга ётқизиб, «Тез ёрдам» чақириш зарур. Пайларнинг чўзилиши одам нотўғри сакраганда, йиқилганда ёхуд оғир юкларни кўтарганида рўй бериши мумкин. Бунда пайи чўзилган бўғимда оғриқ пайдо бўлиб, шишади, ҳаракат чекланади. Биринчи тиббий ёрдам бериш учун шикастланган бўғимни бинт биан қаттиқ қисиб боғлаб, устига совуқ нарса (муз) босиш, шикастланган жойни тинч қўйиш лозим. Шунингдек, одамни ари чақса, кўпинча оғир аллергик ҳолат вужудга келиши мумкин. Бу вақтда терида ари найзаси қолган бўлса уни тирноқ билан аста олиб ташланг, жароҳатни сув билан ювиб совуқ компресс қўйинг. Мабодо кишини бирорта ҳайвон тишлаб олганда шикастланган жойни дарҳол совунли сув билан ишқаламасдан ювиш ва қон оқиши тўхтагач стерил боғлам қўйиш керак. Имкон қадар тишлаган ҳайвоннинг соғ ёки носоғлигини аниқлаш мақсадида мутахассисларга мурожаат этинг. Заҳарли ҳашоратлар (илон, чаён, қорақурт сингарилар) чаққанида эса яраланган жойни тезда оғиз билан сўриб, ундаги қонсимон тўқима суюқлигини ташқарига чиқариб олиш зарур. Жароҳатланган жойни совунлаб ювиб совуқ компресс қўйинг. Заҳарнинг қон орқали организмга тарқалиб кетмаслиги учун беморни тезроқ касалхонага олиб бориш шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |