Ички идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини келишиш
мажбурий равишда:
- Ташкилий департамент;
- ходимлар зиммасига юкланадиган қўшимча юкламалар юзасидан, шунингдек, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти томонидан ишлаб чиқилган барча лойиҳалар Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси;
молиявий харажатлар талаб килинадиган лойихалар Молия ва моддий-техника таъминоти департаменти;
Ташкилий департамент Юридик таъминлаш бошкармаси.
2-мавзу: Ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолиятида юзага келадиган стресс ва агрессив хулқ-атворлар
Ички ишлар органлари хизмат фаолияти жараёнида турли воқеа-ҳодисаларга нисбатан муайян муносабат билдириб, ҳиссиётларини у ёки бу тарзда намоён этадилар. Ходим психологиясида намоён бўладиган бундай руҳий ҳолатлар воқеаликда содир этилган ҳодисалар таъсири натижасидир. Бу эса, ўз навбатида, ходимнинг ўзига хос индивидуал психологик хусусиятларини билдиради ва у ҳақидаги бирламчи тасаввурларни англашга ёрдам беради.
Шу маънода ҳиссиёт шахс ҳаётий фаолиятининг муҳим жабҳаси бўлиб, инсон эмоционал ҳолатининг ранг-баранглиги, кўп қирралилигини билдиради. Ҳиссий тон (тус) – (юнонча «tonos» – зўриқиш, урғу бериш маъносини билдиради), эмоциялар (лотинча «emovere» – қўзғатиш, ҳаяжонлаш демак), аффектлар (лотинча «affectus» – руҳий ҳаяжон, шижоат, эҳтирос маъносини англатади), стресс (инглизча «stress» – зўриқиш дегани), фрустрация (фрустрацион – режаларнинг барбод бўлиши, мақсадга эриша олмаслик) ва кайфият каби тушунчалар шулар жумласидандир.
Киши идрок этиш, хотирлаш, хаёл суриш ва фикрлаш жараёнларида фақат воқеаликни билиб қолмай, балки ҳаётдаги у ёки бу нарсаларга қайсидир маънода муносабат билдиради, уларга нисбатан у ёки бу тарзда ҳиссиётлар пайдо бўлади.
Ҳиссиёт – кишининг ҳаётида юз бераётган воқеаларга ёки нима билан машғул бўлаётганига нисбатан ўзига турли шаклда билдирадиган ички муносабати.
Эҳтиёжларнинг қондирилиши ёки қондирилмаслиги кишида турли хил ўзига хос кечинмаларни: эмоция, аффект (ҳиссий портлаш), кайфият, кучли ҳаяжонланиш (стресс) ҳолатларини ва ҳис-туйғуларни ҳосил қилади.
Ҳиссиёт аксарият ҳолларда руҳий жараённинг ўзига хос кўриниши сифатида фақат эмоционал шаклда вужудга келади. Шу ўринда ҳиссиёт ўзича эмас, балки билишга интилаётган, уни эгаллаётган шахсда маълум муносабатни намоён қилувчи нарсалар, ҳодисалар ва ҳаракатларнинг алоҳида хоссаси, хусусияти маъносида гавдаланади. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, кўриш, эшитиш, ҳидлаш, кинестетик (ҳаракат) сезги ҳамда идрокка тааллуқли ҳиссиёт муҳим аҳамиятга эга. Масалан, маъмурий ҳудуддаги хонадонлар, жамоанинг муносабатлари, хоналар, иш жойи, транспорт воситаларининг ранги ва бошқалар таассуротидан вужудга келган ёқимли ёки ёқимсиз ҳиссиёт меҳнат самарадорлигига, хизматчиларнинг кайфиятига сезиларли таъсир ўтказади. Хотиржамлик, ёқимли мусиқа, шахслараро илиқ муносабатлар, муомала, аҳиллик муваффақият кафолати, ижтимоий тараққиёт омили ҳисобланади.
Эмоция. Эмоционал жараёнлар, ҳолатлар ёки, қисқача айтганда, эмоция ҳиссий кечинмаларнинг ўзига хос шаклларидан бири. Эмоция у ёки бу ҳиссиётнинг инсон томонидан бевосита кечирилиши (кечиши) жараёнидан иборат. Масалан, шахс томонидан мусиқани севиш эмоцияни вужудга келтирмайди, балки бунинг учун мусиқани эшитиш, ижрочи маҳоратига тасанно айтиш, ундан ҳаяжонланиш ёки асар ижроси ёқмаса, ғазабли ҳиссий кечинма ҳосил бўлиши ижобий ёхуд салбий эмоция дейилади. Қўрқинч, даҳшат ҳиссий кечинма сифатида объектларга шахснинг муносабатини акс эттириб, турлича шаклда намоён бўлиши мумкин: одам даҳшатдан қочади, қўрқувдан серрайиб қолади, ўзини идора қила олмай ҳар томонга уради, ҳатто, хавф-хатарга ҳам ўзини ташлаши мумкин.
Баъзи ҳолатларда эмоция таъсирчанлиги билан ажралиб туради. У хатти-ҳаракатга, фикр-мулоҳаза билдиришга туртки берадиган куч бўлиб, шижоатни ошириб юборади ва бу ҳолат стеник ҳислар деб аталади. Бошқа бир ҳолатда эмоция (астеник деб аталмиш эмоциялар) фаолликнинг сустлиги ёки лоқайдлиги билан ажралиб туради, ҳис-туйғуларнинг бошдан кечирилиши кишини бўшаштириб юборади.
Агрессия (ҳиссий портлаш) – кишини тез чулғаб оладиган ва шиддат билан ўтадиган жараён. У онгнинг анчагина ўзгарганлиги, хатти-ҳаракатларни назорат қилишнинг бузилганлиги, одамнинг ўзини ўзи идрок қила олмаслиги, шунингдек, шахснинг ҳаёти ва фаолияти ўзгариб қолганлиги билан ажралиб туради. Аффект ҳолатида бирданига катта куч сарф қилиниши сабабли ҳам у қисқа муддатли бўлади. Агар оддий ҳиссиёт фақат руҳий ҳаяжонланишни ифода этса, агрессия бўрондир.
Ҳиссий портлаш рўй берганда киши ўзини назорат қила олмай қолади, қилаётган ишининг оқибатини ўйламайди ва ақл-ҳушини йўқотиб қўяди. Тормозланиш мия қобиғини эгаллаб, кишининг тажрибаси, унинг маданий ва маънавий асосларда мустаҳкамланган муваққат боғланишларнинг таркиб топган тизимини ишлатмай қўяди. Масалан, жиноятчилик оламида кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш (ЖК 98-м.) ёки кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказишда (ЖК 106-м.) аффектив ҳолатларни кузатиш мумкин. Ҳиссий портлашдан кейин ҳолдан тойиш, мажолсизлик, барча нарсаларга бефарқ муносабатда бўлиш, ҳаракатсизлик, баъзан эса мудроқ босиш бошланади. Шу сабабли, профилактика инспекторлари хизмат фаолияти мобайнида фуқаролар билан профилактик ишларни амалга ошириш жараёнида шахснинг ҳиссий ҳолатига катта эътибор бериш мақсадга мувофиқдир. Сабаби, инсон аффектив ҳолатга тушганида қилаётган хатти-ҳаракатларини назорат эта олмайди, бу эса профилактика инспекторининг ҳаёти учун ҳавфли кўринишни олиши ҳам мумкин.
Кайфият. Шахснинг хатти-ҳаракатлари ва айрим руҳий жараёнларига муайян вақт давомида тус бериб турувчи эмоционал ҳолат кайфият деб аталади. Шахснинг ҳаёти ва фаолияти давомида шодлик, ҳазилкашлик, умидсизлик, журъатсизлик, зерикиш, қайғуриш сингари ҳис-туйғулар руҳий ҳолатининг умумий тизимига айланади. Ушбу вазият баъзи эмоционал таассуротларнинг вужудга келишига қулай замин ҳозирлайди, бошқаси учун эса қийинчилик туғдиради. Инсон хафа, маъюс ҳиссий ҳолат ҳукмронлигида бўлса, тенгдошларининг ҳазили, кексаларнинг панд-насиҳатлари, маслаҳатларига, қувноқ кайфият чоғдагига нисбатан, бошқачароқ муносабат билдиради. Шунинг учун ишлаб чиқариш ва халқ таълими тизими жамоаларида, расмий доираларда ишчанлик, ўзаро ёрдам, ҳамкорлик, ҳамдардлик, илиқ руҳий муҳит яратиш, самимий муомалани шакллантириш ҳам жисмоний, ҳам ақлий меҳнат самарадорлигини оширишнинг кафолатидир.
Стресс, психологик таърифига кўра, аффектив ҳолатга яқин турадиган, лекин давомийлигига кўра кайфиятга яқин бўлган ҳис-туйғулар бошдан кечирилишининг алоҳида шакли бўлиб, кучли ҳаяжонланиш (стресс) ҳолати (инглизча «stress»– тайзиқ кўрсатиш, зўриқиш деган сўздан олинган)дан ёхуд ҳиссий зўриқишдан иборатдир. Ҳиссий зўриқиш хавф-хатар туғилган, киши хафа бўлган, уялган, таҳлика остида қолган ва шунга ўхшаш вазиятларда рўй беради. Психология фанига «стресс» тушунчасини олиб кирган олим канадалик физиолог Г. Селье ҳисобланади. Унинг талқини бўйича «стресс – инсон организмига қўйилган ортиқча талабдир».
Стресс ҳолатида шахснинг хатти-ҳаракатлари кескин тарзда ўзгаради, қўзғалишнинг умумий реакцияси пайдо бўлади, ҳаракатлари тартибсиз равишда амалга оширилади. Стресснинг кучайиши эса тескари реакцияга олиб келади, натижада сустлик, заифлик, фаолиятсизлик устуворлик қила бошлайди. Стресс ҳолатида физиологик ўзгаришлар ташқи томондан қарийб кўзга ташланмаслиги мумкин, бироқ муаммони ечишдаги қийинчилик, диққатни тақсимлашдаги саросималикни стресснинг ташқи ифодаси деб тахмин қилиш мумкин. Шахс стресс ҳолатида телефон рақамини адаштиради, вақтни чамалашда янглишади, онг фаолияти енгил бузилади, идрок кўлами тораяди ва бошқа ҳолатлар кузатилади.
Ички ишлар органлари ходимлари хизмат фаолияти мобайнида стресс ҳолатига ҳам тушишлари мумкин. Бундай ҳолатларда, одатда, ходим ўзининг ҳиссий ҳолатини бошқара олмаслик, муомаласида қўполлик, вазиятни тўғри баҳолай олмаслиги, мантиқий тўғри қарор қабул қила олмаслик, диққатни тўғри тақсимлай олмаслиги ва шу каби салбий кўринишдаги руҳий жараёнлар юзага келиши мумкин. Шу сабабли ҳар бир профилактика инспектори ўзида турли кўринишдаги нохушликлар, стресс ва асабий ҳолатни юзага келтирувчи омилларга қарши ўзида етарли психологик билимлар, иродавий фазилатларни шакллантириши лозим.
Фрустрация киши мақсадга эришиш йўлида бартараф этиб бўлмайди деб ҳисобланган ёки шундай деб идрок этиладиган тўсқинликларга, ғовларга дуч келган ҳолларда юз беради.
Фрустрациянинг юз бериши шахснинг хулқ-атворида ва ўзини англашида турли хил ўзгаришларга олиб келади. Фрустрация ҳолати шахс ўзини йўқотиб қўйиши, яъни жабрланувчи жиноятчига қаршилик кўрсата олмаганида, жиноятчи кўзлаган мақсадига эриша олмаганида, кутилмаганда турли тўсиққа дуч келганида намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |