Шоличилик тизимларидан фойдаланиш улар барпо этилгандан сўнг тизимни ўзлаштиришдан бошланади. Тизимдан жорий фойдаланиш ўз ичига қўйидаги тадбирларни олади:
1)тизимни сув қабул қилишга тайёрлаш (тозалаш), сув ва гидротехник иншоотларни таъмирлаш, тўсқич, дамлагич сув ўлчагичларни ўрнатиш, алоқа воситаларини тиклаш;
2)сув узатиш ва тегишли сув режимига риоя қилиш;
3) тизимни қишки даврга тайёрлаш, новегатацион даврда ёғин ва фильтрация сувларини қаршиликсиз чиқиб кетишини таъминлаш ва бошқалар.
Хўжалик шоличилик суғориш тизимларида канал ва гидротехника иншоотларини таъмирлаш ва тозалаш ишлари ердан фойдаланувчилар ёки шоличилик хўжаликлари билан тузилган шартнома асосида таъмирлаш-қурилиш ташкилотлари томонидан бажарилади. Шоличилик тизимини мавсумга тайёрлаш ва таъмирлаш ишлари қуйидаги тартибда амалга оширилади: суғориш тизимини кузатиш ва таъмирлаш ишлари ўтказиладиган объектларни аниқлаш; ўлчаш ишларини бажариш ва нуқсонлар кўрсатилган жадвални тузиш; квартал ва ойлар бўйича таъмирлаш ишларини режалаштириш; лойиҳа-молия ҳужжатларини тузиш; режалаштирилган тадбирларни амалга ошириш; бажарилган ишларни қабул қилиш.
Суғориш тизимларида асосий (капитал) ва жорий таъмирлаш ишлари бажарилади. Асосий таъмирлаш зарурият туғилганда ва вақти-вақти билан ўтказиб турилади. Бунда канал ва иншоотлардаги йирик авария ҳолатлари бартараф этилади. Унга, шунингдек, эскирган қурилмалар, детал ва жиҳозларни алмаштириш ҳам киради. Суғориш тармоғини доимий иш ҳолатида тутиб туриш учун юзага келган кичик нуқсонлар жорий таъмирлашларда йўқотилади. У ўз ичига суғориш ва ташама тармоқларини лойқа ва бегона ўтлардан тозалаш, марзаларни таъмирлаш, нишоблигини тўғрилаш, гидротехника иншооти ва гидрометрик постларни таъмирлаш, иншоотлардаги кичик нуқсонларни йўқотиш, авария ва профилактик ишларни олади. Авария ишлари таркибига табиий офат туфайли канал, дамба, иншоотларда юзага келган бузилиш ҳолатларини йўқотиш киради. Тизимда юзага келиши мумкин бўлган бузилишларнинг олдини олиш мақсадида доимий равишда профилактик тадбирлар амалга оширилиб турилади. Бунда суғориш, ташама ва коллектор-зовур тармоқларини тозалаш, ҳар йили шоличилик далаларини жорий текислаш ва гидротехника иншоотларининг 30%ни таъмирлаш, коррозияга берилувчан тизим элементларини бўяш ва бошқа тадбирлар амалга оширилади.
3.Чиқинди сувлардан қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда фойдаланиш учун махсус суғориш тизимлари барпо этилади. Чиқинди сувлардан фойдаланиладиган махсус суғориш тизимлари ишлаб чиқариш корхоналарида шаклланаётган ва сунъий тозалаш иншоотларида дастлабки тозалашлардан ўтган чиқинди сувларнинг йиллик ҳажмини тўлиқ қабул қила оладиган ва қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш йўли билан тупроқ орқали тўлиқ тозалашга имкон берувчи тизимлардир.
Суғориш далалари 3 хилда бўлиши мумкин: а) чиқинди сувларини йил давомида қабул қилувчи; б) чиқинди сувларини йил давомида қабул қилиб, уларни махсус сув омборларида сақловчи ҳамда улардан фақат вегетация даврида фойдаланувчи; в) чиқинди сувларини фақат вегетация даврида қабул қилувчи.
Суғориладиган далалар майдони шаклланаётган чиқинди сувларни тўлиқ йўқотишга имкон берадиган даражада танлаб олинади.
Йил давомида чиқинди сувлардан фойдаланувчи тизимларда суғориш ўсув даври ва номавсумий даврларда ўтказилади. Номавсумий даврдаги суғоришлар ўғитлаш-нам тўплаш суғориш деб юритилади. Мавсумий суғориш меъёри ўсимликларнинг сув ва озиқ унсурларига бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Суғориш меъёри ва муддатларини белгилашда чиқинди сувларини доимий қабул қилиш ва тақсимлаш зарурияти ҳам ҳисобга олиниши керак.
4.Чиқинди сувлардан фойдаланиладиган суғориш тизимларида қуйидаги суғориш усуллари қўлланилади: ер юзасидан суғориш – эгатлаб, йўлаклаб, чек олиб бостириб, ёмғирлатиб суғориш ва тупроқ орасидан суғориш. Қиш вақтида ер юзасидан ва ўсув даврида ёмғирлатиб суғориш – аралаш суғориш усули ҳам қўлланилиши мумкин.
Чиқинди сувларини далага узатиш тармоғи ёпиқ ҳолда бўлади. Ер устидан суғоришда фильтрацияга қарши қопламали очиқ каналлар орқали узатилиши мумкин. Ёпиқ тармоқ сифатида асбестцемент, чўян, темир-бетон, полимер ва пўлат қувурлар ишлатилади. Қувурлар тупроққа 70 см. дан кам бўлмаган чуқурликда жойлаштирилиб, унда сувнинг оқим тезлиги 0,6-0,7 м/сек. дан кам бўлмаслиги керак.
Тадқиқотлар кўрсатадики, ер юзасидан суғоришда ёмғирлатиб суғоришга нисбатан ўсимликларнинг ер устки органлари деярли ифлосланмайди ва шу сабабдан бундай усул қулай ҳисобланади. Бунда эгатлаб суғориш техникаси элементлари оддий сув билан суғоргандагидек қилиб белгиланади. Йўлаклаб суғоришда далалар нишоби 0,002–0,008 бўлиши лозим. Йўлак узунлиги 300-800 м, эни 30-40 м. Бўйлама марзалар КЗУ-0,3 агрегати ёрдамида олинади.
Чек олиб бостириб суғоришда чеклар чуқурлиги 0,20–0,25 м, эни 30–50 м ва узунлиги 100–120 м қилиб олинади. Суғориш оқова чиқармасдан амалга оширилади. Муваққат суғориш тармоғи очиқ ёки ёпиқ (қаттиқ қувурлар ва эгилувчан шланглар) ҳолда бўлиши мумкин.
Санитария нуқтаи назаридан тупроқ орасидан суғориш энг мақбул усул ҳисобланади.
5.Чиқинди сувлар билан ёмғирлатиб суғоришда узоққа отар ДДН-70 машинаси, ДД-30, ДД-50, ДД-80 ёмғирлатгич аппаратлари, ўртача отар ДКШ-64 «Волжанка», ДМУ-А «Фрегат» ва ДФ-120 «Днепр» машиналаридан фойдаланилади. Шунинг-дек, чиқинди сувларни тақсимлаш учун такомиллаштирилган махсус ДДН-100С, ДМУ-АСС, ДФС-120, ДКН-80 ёмғирлатиб суғориш машиналари ҳамда ДД-30-1, ДД-50-1, ДД-80-1 аппаратларидан фойдаланилади. Чиқинди сувлар таркибида қуруқ модда миқдори 1000 мг/л. дан ортганда узоққа отар қурилма ва аппаратларнинг отиш масофаси дарё суви билан ишлагандагига қараганда 10%га қисқаради.
Ёмғирлатиб суғориш машиналарини далада жойлаштириш тартиби оддий сув ишлатилган шароитдаги сингари бўлади. 60 гектаргача бўлган махсус суғориш тизимларида «Радуга» (КИ-50, КИ-25) ирригация жиҳозлари комплекти, Z-50Д «Сигма» ёмғирлатиш қурилмаси, ДДН-70 машиналаридан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
ДКН-80 машинасининг мўътадил ишлаши учун чиқинди сувлар таркибидаги толасимон аралашмаларнинг узунлиги 10 мм ва қуруқ моддалар миқдори 2 г/л. дан, ДМУ-АСС «Фрегат» машинаси учун тегишлича 2,5 ва 1, ФФС-120 «Днепр» машиналари учун 3 мм ва 2 г/л. дан кўп бўлмаслиги, сувнинг муҳит реакцияси (рН) 6–8 ва ҳарорати 5–30 oС атрофида бўлиши лозим.
Яқинга ва узоққа отар ёмғирлатиб суғориш машиналаридан фойдаланиб чиқинди сувларини тақсимлашда шамолнинг тезлиги 5 м/сек. дан, узоққа отар машиналар қўлланилганда 3 м/сек. дан катта бўлмаслиги лозим ва бундай суғориш далалари аҳоли истиқомат жойларидан камида 1000 м, магистрал йўллардан 100 м масофада бўлиши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |