Асосий поянинг ўсиш суръатига кўра белгилаш. П.П.Язиков ва М.Б.Баракаев (1973) томонидан ишлаб чиқилган ушбу услуб ривожланиш фазаларига мувофиқ ўсимлик асосий поясининг ўсиш суръатларига асосланган. Тадқиқотчилар томонидан марказий иқлим минтақасида ғўзанинг 108-Ф, С-4727, Тошкент-1 ва Тошкент-2 навлари устида олиб борилган кузатишлар кўрсатадики, шоналаш фазасида уларнинг асосий пояси суткасига ўртача 0,3–0,5 см ўсиб, умумий баландлиги 14–18 см. ни ташкил этади. Гуллаш фазасида эса бу кўрсаткичлар тегишли равишда 0,8–1,5 ва 42–50 см. га, ўсимликда 14–16 та ҳосил шохлари шаклланиши даврида 0,8–1,3 ва 80–90 см. га тенг бўлади. Тупроқ намлигининг камайиши билан асосий поянинг суткалик ўртача ўсиш суръати камая боради. Демак, тупроқ намлигини ростлаш орқали ўсимликнинг ўсиб ривожланишини бошқариш мумкин бўлади.
Гуллаш жадаллиги (суръати)га кўра белгилаш. Ғўзани гуллаш-мева тўплаш даврида суғориш муддатларини гуллаш жадаллигига кўра белгилаш мумкин. Бунда ғўза шохларида гуллар орасининг узун ёки қисқа бўлиши асос қилиб олинган. Ғўзада дастлабки гул вужудга кела бошлаганда гуллар ораси анча узун бўлади. Биринчи гул ғўзада 8–9 та ҳосил шохи шаклланганда пайдо бўлади, яъни у ўсиш нуқтасидан 8–9 бўғин пастда жойлашади. Тупроқ намлиги юқори бўлганда гуллашга нисбатан асосий поя тезроқ ўсади, яъни энг юқоридаги гул билан ўсиш нуқтаси оралиги узая боради. Намлик кам бўлса поянинг ўсиши секинлашиб, гўёки гул ўсув нуқтасига яқинлаша бошлайди. Ғўза кескин чанқатиб қўйилган ҳолларда гуллар зудлик билан ўсув нуқтасига яқинлаша бошлайди.
Ғўза барча агротехник қоидаларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда суғориб турилса июль ойи ўрталарига келиб ўсув нуқтасидан ҳисоблаганда 8–8,5- шохда гул пайдо бўлади, июнь ойи охири ва август ойи бошларида 7–7,5, август ойи охирларида 5–5,5- шохда гул пайдо бўлади. Ўсиш нуқтаси ва энг юқориги гул орасидаги бўғинлар сонининг қисқариши сув тақчиллиги юзага келганлигини, узайиши эса тупроқнинг намлиги юқори даражада эканлигини билдиради.
Гуллаш суръатини аниқлаш учун 8–10 гектарли даланинг диагонали бўйлаб 300–400 ўсимлик кузатилади. Бунда ўсимликларнинг 10–20%да асосий поянинг ўсиш нуқтаси ва энг юқоридаги гул орасидаги ҳосил шохларининг юқорида қайд этилган кўрсаткичларга етиши суғориш муддати келганлигидан далолат беради.
ЎзПИТИ маълумотларига кўра ўрта толали ғўза навларида гуллаш фазасининг бошланишидан июль ойининг 3- ўн кунлигигача суғоришлар гул 0,5–0,7 бўғин юқорига кўтарилганда, июлнинг учинчи ўн кунлигидан августнинг иккинчи ўн кунлигигача 0,8–1, августнинг иккинчи ўн кунлигидан пишиш фазасигача 1,1–1,3 бўғин кўтарилганда ўтказилиши лозим.
3) Тупроқ намлигига кўра суғориш муддатларини белгилаш аниқ, лекин сермеҳнат усул ҳисобланади. Бу усулнинг моҳияти шундан иборатки, экинларни суғориш тупроқнинг маълум бир ҳисобий қатламида намликни йўл қўйиладиган энг пастки чегараси – критик намликдан юқорида таъминлаб туришдир, яъни тупроқ намлигининг критик намликкача камайиши суғориш муддати келганлигини билдиради.
Парвариш қилинаётган экиннинг биологик хусусияти, иқлим минтақалари, гидромодуль районлар, тупроқнинг шўрланганлик ва сизот сувларнинг минераллашганлик даражаларига кўра тупроқ намлигини йўл қўйиладиган энг пастки чегараси турлича бўлади. Республикамизнинг турли пахтачилик районларида олиб борилган тадқиқотлар кўрсатадики, ғўзани пишиш фазасигача тупроқ намлиги ЧДНС га нисбатан 70%, кўсакларнинг очилиш даврида 60–65% бўлганда пахтадан энг юқори ҳосил етиштиришга эришилган. Шўрланган суғориладиган ерларда, шунингдек, енгил механик таркибли ва кам қатламли тупроқларда намликни ғўза ривожланишининг дастлабки фазаларида 75% (қисман 80%) ва пишиш даврида 65%дан паст бўлмаган ҳолда таъминлаб туриш самарали ҳисобланади.
6. Сув хўжалиги ташкилотлари томонидан йирик массивларга сув экинларни олдиндан белгиланган суғориш схемалари асосида тақсимланади. Ҳар бир иқлим минтақаси ва гидромодуль район бўйича экинларни суғориш схемаси ўсимликларни бутун ўсув даври давомида сув билан мўътадил таъминлай оладиган тупроқнинг қулай сув режимини вужудга келтирувчи зарурий суғориш сонларини билдиради.
Ўсимликлар ўсиб ривожланишида алоҳида даврлар (ғўзани униб чиқишидан гуллашигача, гуллаш-мева тўплаш ва пишиш даврлари) ажратиб кўрсатилади. Сув истеъмоли қийматига кўра ўзаро фарқланувчи ушбу даврлар бўйича суғориш сонларининг мажмуи суғориш схемаси деб юритилади. Масалан, ғўзани суғориш схемаси 2-4-1, 2-3-0, 1-2-0 кўринишларида бўлсин. Бунда биринчи рақамлар (2, 2 ва 1) ғўзани гуллаш фазасигача бўлган даврдаги суғориш сонларини кўрсатса, иккинчи рақамлар (4, 3 ва 2) – гуллаш-мева тўплаш ва учинчи рақамлар (1, 0 ва 0) пишиш давридаги суғориш сонларини кўрсатади. Демак, 2-4-1 схемада ғўза жами 7 марта, 2-3-0 схемада 5 марта ва 1-2-0 схемада 3 марта суғорилади. Сизот сувлари ер юзасига яқин жойлашган ўтлоқи-ботқоқ тупроқлар шароитида ғўза пишиш фазасида суғорилмайди ва шу сабабдан бу даврдаги суғориш сони схемада «0» кўринишида белгиланади.
Экинларни суғориш схемалари (сони) иқлим минтақалари ва гидромодуль районларга боғлиқ ҳолда кенг кўламда ўзгариб туради. Масалан, шимолий иқлим минтақасида ғўзани 1-2-0 ёки 1-3-0 схемалар бўйича 3-4 марта суғориш кифоя қилса, марказий минтақада 2-3-0 ёки 2-4-1 схемалар асосида 5-6 марта, жанубий минтақада эса 1-5-1 ёки 2-6-1 схемалар бўйича 7–9 марта суғориш лозим.
Сизот сувлари ер юзасига яқин жойлашган ерларда ўсимликларнинг улардан маълум даражада фойдаланишини эътиборга олган ҳолда суғориш сони ва, шунингдек, суғориш схемаси ўзгаради. Масалан, марказий иқлим минтақасидаги сизот сувлари 3 м. дан чуқурда жойлашган типик бўз туп-роқлар шароитида ғўза 2-5-1 схема бўйича 8 марта суғорилса, сизот сувлари ер юзасига яқин жойлашган ўтлоқи-ботқоқ тупроқларда 1-3-0 ёки 0-3-0 схемаларда 4–3 марта суғорилади.
7. Алмашлаб экиш даласидаги экинларнинг суғориш режими гидромодуль графиги ёрдамида акс эттирилади. Суғориш гидромодули – бу бир гектар майдонга 1 сек. да бериладиган литр ҳисобидаги сув миқдори[л/(сек.∙га)] бўлиб, у (q) қуйидаги ифода ёрдамида аниқланади:
q = mнт ∙ 1000 / (86400∙ t) = mнт / (86,4 ∙ t),
бу ерда mнт – суғориш меъёри, м3/га; t – суғориш давомийлиги, сут; 1000 – м3 ҳисобидаги суғориш меъёрини л. га айлантириш учун кўпайтувчи; 86400 – бир суткадаги секундлар сони.
Алмашлаб экишдаги айрим экин тури учун келтирилган суғориш гидромодули, яъни алмашлаб экишда унинг тутган ўрни (а)ни ҳисобга олган ҳолда қуйидагича аниқланади:
q = a ∙ m / (t ∙ 86,4).
Суғориш тармоғи орқали алмашлаб экиш даласидаги барча экинларни суғориш учун талаб этилаётган умумий сув сарфи – суғориш тармоғининг ҳисобий сув сарфи (Qнтmax, л/сек.) суғориш гидромодулининг энг катта қиймати (qmax)ни умумий майдон (F)га кўпайтириш орқали ҳисобланади:
Qнтmax = q max ∙ F.
Суғориш тармоғида бўладиган сув исрофгарчиликларини ҳам ҳисобга олган ҳолдаги сув сарфи (Qбрmax) эса қуйидагича аниқланади:
Qбрmax = Qнтmax / η,
бу ерда η – суғориш тармоғининг фойдали иш коэффициенти.
Алмашлаб экишдаги барча экинлар учун суғориш гидромодули алоҳида экинлар гидромодулларини жамлаш орқали аниқланади. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги экинларининг суғориш режимлари жадвали (ведомости) асосида гидромодуль графиклари тузилади. Жадвалда экин тури, уни алмашлаб экишда тутган ўрни (а), суғоришларнинг тартиб рақами, суғориш (mнт, м3/га) ва мавсумий суғориш меъёри (Мнт, м3/га), суғориш муддатлари (ҳар бир суғоришни бошлаш ва якунлаш саналари), суғоришларнинг ўртача куни, суғориш давомийлиги (сут.), суғоришлар орасидаги давр (сут.), суғориш гидромодули ординатаси (q) акс эттирилади. Жадвал маълумотлари асосида гидромодуль графиги тузилади. Унинг вертикал ўқи бўйича аниқланган гидромодуль катталиклари ва горизонтал ўқи бўйича экинларнинг суғориш муддатлари жойлаштирилади. Барча экинларнинг гидромодуль катталиклари графикка қўйиб чиқилганда сувга бўлган эҳтиёж ўсув даври давомида бир хилда бўлмаслигини, суғориш гидромодули графиги ординатасининг кескин фарқ қилишини кўриш мумкин. Бундай гидромодуль графиги табақалаштирилмаган график деб юритилади. Агар сув шу график асосида узатиладиган бўлса, суғоришни ташкил этиш ва ўтказиш, суғориш ва қишлоқ хўжалиги техникаларидан, суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехника иншоотларидан фойдаланиш жуда мураккаблашиб кетади.
Суғориш тармоқлари орқали суғориладиган далаларга сув узатиш режимини тартибга солиш мақсадида гидромодуль графиги табақалаштирилиб чиқилади. Бунда суғориш муддатлари ва давомийлигини, шунингдек, суғориш меъёрларини ўзгартириш орқали мавсум давомида солиштирма сув сарфининг нотекислик коэффициентини энг кам қийматга туширишга ҳаракат қилинади. Масалан, суғориш сутка давомида эмас, балки 16 соат давомида ўтказилса, суғориш гидромодули ва шунга боғлиқ суғориш тармоғининг сув сарфи 1,5 маротаба ортади. Демак, тармоқларнинг ўлчамлари тегишлича оширилиши лозим. Лекин бундай ўзгартиришлар маълум бир экин тури учун тупроқ намлигини йўл қўйиладиган миқдорларини таъминлай оладиган чегараларда амалга оширилади.
Ғўзани суғориш давомийлиги 7–15 кунгача, беда – 4–16, баҳорги ва кузги буғдой – 10–12, маккажўхори – 6–12 ва сабзавот экинлари, картошка ва қанд лавлагини суғориш давомийлиги 8–12 кунгача ўзгартирилиши мумкин. Ғўзани суғоришларнинг ўртача кунини 3–4 кунга, маккажўхори, беда, сабзавот экинлариники 4–5 кунга ўзгартиришга рухсат этилади. Алмашлаб экиш даласидаги барча экинларнинг суғоришлар орасидаги даврини 5–7 кунгача узайтириш ёки қисқартириш мумкин. Экинларни суғориш меъёрларини 100–200 м3/га. га ўзгартириш тупроқ намлигига кучли таъсир этмайди. Бунда асосий эътибор табақалаштирилмаган гидромодуль графиги бўйича маълум муддат учун q1∙t2 кўпайтма табақалаштирилган график бўйича q1∙t2 кўпайтмага тенг бўлиши ёки жуда яқин бўлишини таъминлашга қаратилмоғи лозим. Суғориш давомийлиги 1 сутка ёки 0,5 сутка миқдорида яхлитланган ҳолда t = (a∙m) / (86,4∙qўрт) ифодаси ёрдамида ҳисобланади (Колпаков В.В, Сухарев И.П, 1981). Яхлитланган суғориш давомийлиги q = (a∙m) / (86,4∙t) ифодасига қўйилиб, маълум даражада аниқлик киритилган гидромодуль аниқланади. Ушбу ҳисоблашлар барча экин турлари ва суғоришлар бўйича ўтказилади ҳамда табақалаштирилган гидромодуль графиги тузилади. Бу ерда бир вақтда битта экин ёки иккитадан ортиқ бўлмаган экинни суғориш режалаштирилиши мақсадга мувофиқдир. Суғориш муддатларига қатъий риоя қилиш, иложи бўлмаган тақдирдагина суғоришларни бир-икки кун олдин бошлаш мумкин. Суғориш давомийлиги уни фақат қисқартириш йўли билан ўзгартирилиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |