Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистон Республикаси халқ хўжалигининг асосий тармоғи бўлган аграр соҳада олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш орқали қишлоқ хўжалик товар ишлаб чиқарувчи субъектлар шаклланишига ва эркин мулкчилик муносабатларига эга бўлинди. Мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов томонидан ишлаб чиқилган давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларининг асоси бўлган бозор муносабатлари асосида ҳар қандай тармоқни ривожлантириш орқали юқори пировард натижага эришиш кўзда тутилган бўлиб, бу жараёнлар аграр тармоқда ўз самарасини бермоқда. Айниқса қишлоқ хўжалигидаги мулкчилик муносабатлари, маҳсулот ишлаб чиқариш, иқтисодий муносабатларнинг кескин ўзгариши сабабли деҳқоннинг ишлаб чиқаришга ва мулкка эгалик ҳисси янада ортиб бормоқда. Республика аграр соҳасида хўжалик юритишнинг турли шакллари кооператив (ширкат), фермер, деҳқон хўжаликлари истиқболли деб таън олинди. Улар тўғрисида ҳукумат томонидан тўлиқ ҳуқуқий асос яратилди. Лекин ишлаб чиқариш жараёнида фаолият кўрсатаётган субъектлар орасидан фермер хўжаликлари ўзининг бир қанча афзаллик томонларини кўрсатди. Бу эса бозор муносабатларида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш ва унинг самарадорлигини оширишдаги афзалликлари билан бугунги истиқболи йўналишимизга мос келишини инобатга олиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 24 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги ПФ-3226-сон Фармонида фермер хўжаликларини ривожлантириш устувор йўналиш қилиб белгиланди ва фермер хўжаликларини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди, чунки 2003 йилда фермерлар сони 87562 тани ташкил этган бўлса, 2005 йилда 125668 та ёки 143,5 фоизга ошди. 2006 йил апрел ҳолатига 147 мингтага ошиши сабабли уни ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш зарурдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 27 октябрдаги ПФ-3342-сонли “2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепцияси тўғрисида”ги фармонига асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрда 476-сонли “2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепциясинини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2004 йил 24 декабрдаги 607-сонли “2005-2007 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилинди. Ушбу қарорлар билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг асосий шакли сифатида фермер хўжаликларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, қишлоқда бозор инфратузилмасини комплекс ривожлантириш асосий масала қилиб белгиланди.
Келгусида фермер хўжаликларини ривожлантиришнинг аниқ чора-тадбирлари ишлаб чиқилиши ва уни босқичма-босқич амалга ошириш тўғрисида истиқболли йўналишлар ишлаб чиқилиши зарур бўлди. Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фермер хўжаликлари ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш, унга ҳуқуқий асос яратиш, тайёрлов, таъминот ва сервис хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни яхшилаш ишлари амалга оширилмоқда. Лекин, айрим фермерга тайёрлов, таъминот ва сервис хизматлари корхоналари етарли даражада олдига қўйган вазифаларни бажара олмай келмоқда. Эндиликда ушбу инфратузилмаларни ривожлантириш орқали фермер хўжаликлари фаолиятини яхшилаш асосий вазифамиз бўлиши керак. Ўзбекистон Республикаси аграр соҳасида 2005 йилда 3646 минг гектар экин майдонига деҳқончилик қилинган бўлса, унда фермерлар ҳиссаси 2139,7 минг гектар ёки 58,7 % ни ташкил этмоқда. Шунинг учун фермер хўжаликлари салмоғи ортиб бораётганлиги учун фермер хўжаликларини ривожлантиришда иқтисодчи кадрларни ўқитиш ва малакасини мунтазам ошириб боришда ушбу ўқув қўлланма самарали хизмат қилади. Унда фермер хўжаликлари ташкил этишнинг ҳуқуқий иқтисодий асослари, ишлаб чиқариш инфратузилмалар билан шартнома муносабатлари; ердан фойдаланиш ва экинларни жойлаштириш; сув ва мелиорация ишлари; мол-мулк, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш; хўжаликни бошқаришда маркетинг ва менежмент; хўжаликнинг иқтисодий фаолиятини ташкил этиш; инвестициялаш; таъминот ва сервис хизматлари; инфратузилма; инвестиция; маҳсулот етиштириш ва уни сотиш механизмлари; кооперациялашув жараёнларини ташкил этиш; фермер даромадини кўпайтириш ҳисобига ишчи жойларини очиш; янги замонавий технологиялар киритиш; деҳқончиликда илғор агротехнологиялардан фойдаланишда етарли билимга эга бўлиш орқали хўжаликни барқарор ривожлантириш мумкин.
Ушбу ўқув қўлланма айнан фермер хўжалигини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар иқтисодиётини ҳамда истиқболли ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этишнинг устувор йўналишларини ўрганишдан иборат.